1446 йил 22 жумадул аввал | 2024 йил 24 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Жумуъа сураси -

Мадинада нозил бўлган. 11 оятдан иборат.

Бу сура Софф сурасидан сўнг нозил бўлган. Мавзуси Софф сурасида кўтарилган масалаларга ўхшаш, лекин бошқача, ўзига хос услуб билан муолажа қилинади. Суранинг номидан ҳам маълум бўлиб турибдики, унда жума намози ҳақида сўз кетади. «Жума» – ўзбек ва бошқа туркий тилларда арабча «жумуъа» сўзининг бир оз бузиб талаффуз этилишидир. «Жумуъа» сўзи аслида «жамъ» («жамланиш») сўзидан олинган. Чунки жума куни мусулмонлар ўзларининг оммавий катта жамоатли намозларига жамланадилар. Аллоҳ таоло мусулмон бандаларига бу жамоат намозининг айнан шу кунда ўқилишини фарз қилган.

Сураи карима Ислом дини инсоният учун Аллоҳнинг раҳмати эканини, ушбу дин ила араблар ширк ва залолатдан халос бўлганликларини, бу дин башариятнинг барча дардларига малҳам эканини баён қилади.

Сўнгра яҳудийлар ҳақида, Аллоҳ таоло Таврот ҳукмларига амал қилишга буюрган бўлишига қарамай, уларнинг йўлдан озганликлари, Аллоҳнинг динидан юз ўгириб кетганликлари тўғрисида ҳикоя қилинади.

Ундан кейин жума намози ҳукмлари ҳақида сўз кетади. У намозга азон айтилиши билан мўминлар масжидларга шошилишлари зарурлиги, бу вақтда савдо-сотиқ ҳаром бўлиши баён қилинади. Намозга бормай, тижорат ва ўйин-кулги билан машғул бўлишнинг оқибати ёмон бўлиши таъкидланади.