Ҳижратнинг 2-йили Мадинада таваллуд топдилар. У киши ҳижратдан кейинги биринчи туғилган бола эдилар. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларида у зотнинг кўйлаклари қонга беланади. Шунда Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг хотинлари Ноила бу кўйлакни Нўъмон ибн Баширга бериб, Муовияга олиб боришни буюрадилар. Нўъмон ибн Башир кўйлакни Шомга олиб бориб, Муовияга топширадилар, сўнгра Сиффийн урушида Муовия билан қатнашадилар.
Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу Дамашқда қозилик қилдилар, кейинчалик Яман, Куфа, Ҳимс шаҳарларида амир бўлдилар. Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 124та ҳадис ривоят қилдилар.
Бу зотдан Шаъбий, Ҳамид ибн Абдурраҳмон, Самок ибн Ҳарб, Солим ибн Абу Жаъд, шунингдек, ўғиллари Муҳаммад ва Башир каби кўплаб ровийлар ҳадис ривоят қилганлар.
Нўъмон ибн Башир ҳижратнинг 65-йили «Маржу Роҳит» воқеасида ўлдирилдилар.