1446 йил 2 жумадис сони | 2024 йил 04 декабрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Қайс ибн Осим -

Қайс ибн Осим ибн Синон Мунқирий ат-Тамимий. Кунялари Абу Али, арабларнинг тадбирли амирларидан, шижоат ва ҳалимлик билан танилган, жоҳилиятда шоир ва саййидлик билан машҳур бўлган саҳобалардан эдилар. 

Бу саҳоба ароқ ичишни Исломга киришдан олдин ҳам ўзларига ҳаром қилган эдилар. Ҳижратнинг 9-санасида Тамим қабиласи томонидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга элчи бўлиб келиб, ана шу йили Исломга кирдилар. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни қавмларидан садақаларни йиғиш учун масъул этиб тайинладилар.

Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўп ҳадислар ривоят қилдилар. У кишидан Ҳасан, Аҳнаф, Хулайфа ибн Ҳусайн, ўғиллари Ҳаким ибн Қайс ва бошқалар ривоят қилганлар.

Қайс ибн Осимнинг 33 нафар фарзандлари бор эди. Вафот этишларидан олдин уларни чақириб: 

«Эй болаларим, менинг васиятимни эшитинглар. Чунки мендан бошқа киши сизларга насиҳат қилмайди. Молларингизни тадбир билан ишлатинг, бундай қилишларингиз сахий бўлиш учун огоҳ этади ва маломатдан сақлайди. Одамлардан нарса сўрашдан сақланинглар, чунки кишининг охирги касби сўрашдир».

Бу зот ҳаётларининг охирида Басрада истиқомат қилдилар. Ҳижратнинг 20-санасида (милодий 640 йилда) ана шу ерда вафот этдилар.