1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Молик ибн Анас -

Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн ал-Ҳорис Абу Абдуллоҳ ал-Асбаҳий ал-Маданий – Дорул-ҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланадилар. Молик ибн Анас 93 ҳижрий санада Мадинаи Мунавварада дунёга келдилар. Ал-Асбаҳий насаблари Яманнинг ал-Асбаҳ қабиласидандир. Имом Молик табаъ тобеъинлардан бўлиб, ўз даврларининг буюк илм соҳибларидан бири, муҳаддис ва Моликий мазҳабининг имоми эдилар. 

Имом Шофеъий у киши ҳақида шундай дейдилар: «Молик тобеъинлардан кейин Аллоҳ таолонинг халқига ҳужжатидир». Имом Насаий Имом Моликнинг ҳадис илмидаги ўринлари ва фазллари ҳақида шундай дейдилар: «Мен учун ҳадис илмида Моликдан кўра билимдон, ҳурматли, ишончли, амин ва заифлардан кам ривоят қилган бошқа киши йўқдир». 

Имом Шофеъий: «Агар Молик ва Ибн Уяйна бўлмаганида, Ҳижознинг илми йўқолиб кетган бўларди», дейдилар. Шунингдек: «Агар уламолар эсга олиб ўтилса, Молик юлдуздирлар», дейдилар. Ибн Маҳдий: «Молик ал-Ҳакам ва Ҳаммоддан фақиҳроқдир», деганлар.

Имом Молик халифа Абу Жаъфар ал-Мансурнинг таклифи билан Ислом таълимотларини мусулмонларга тушунтирувчи китоб ёзадилар ва уни «Муватто» («Осонлаштирилган») деб атайдилар. Халифа Мансур ҳамма мусулмонларни шу китоб бўйича иш тутишга буюрмоқчи бўлганларида Имом Молик розилик бермайдилар. Бу китоб қирқ йил мобайнида тўпланган ҳадисларни ўз ичига олиб, уларни мингга яқин киши ривоят қилган. Бу китобдаги ҳадислар ўттиздан ортиы ровий томонидан ривоят ыилинган бўлиб, уларнинг йигирматаси машҳурдир.

Яҳё ибн Яҳё ал-Лайсий ал-Андалусий «Муватто»ни васфлаб: «У ҳадис ва фиқҳ китобидир, унга тенг келадиган бошқасини билмайман», дейдилар. Имом Шофеъий: «Ер юзида илмда «Муватто»дан тўғрироқ китоб йўқ», дейдилар.

Имом Молик Наъийм ал-Мужмир, Зайд ибн Аслам, Абул Зинод, Саъид ал-Мақбурий, Ҳамийд ат-Товийл, Ҳузайфа ас-Саҳмий ал-Ансорийлардан ривоят қилганлар. Аммо Имом Моликдан ривоят қилганлар кўп бўлиб, у кишининг устозлари аз-Зуҳрий ва Яҳё ибн Саъид, асрдош уламо шерикларидан ал-Авзоъий, ас-Саврий, Суфён ибн Уяйна, ал-Лайс ибн Саъд, Ибн Журайж, Шуъба ибн Ҳажжож, аш-Шофеъий, Ибн ал-Қаттон ва Абу Исҳоқ ал-Фазарийлар шулар жумласидандир. 

Имом Молик буюк тақво соҳиби эдилар. Агар ҳадис айтмоқчи бўлсалар, таҳорат қилиб, ўринларига виқор билан жойлашиб олиб, кейин ҳадис айтишни бошлар эдилар. У кишига шу ҳақда айтишганида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини улуғлашни яхши кўраман, шунинг учун таҳоратдан хотирим жам бўлгандагина ҳадис айтаман», деб жавоб қилган эканлар. У киши йўлда кетаётиб, тик туриб ёки шошилиб турган ҳолларида ҳадис айтишни ёмон кўрар эдилар. Ёшлари улуғ бўлиб, заифлашиб қолганларида ҳам Мадинаи Мунавварада от ёки туя минмаган, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуссалари дафн этилган шаҳарда от ёки туя минмайман», деган эканлар. 

Имом Молик муҳаддисгина бўлиб қолмай, буюк фақиҳ, Моликий мазҳабининг имоми ҳам эдилар. У кишининг мазҳаблари Ислом оламида кенг ёйилган бўлиб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабларининг асоси ҳисобланади. Моликий мазҳаби ҳозирда, асосан шимоли-ғарбий Африка давлатларида кенг тарқалган. 

Имом Молик Ислом давлатининг энг катта илм марказларидан бири бўлган «Дорус-Сунна» – Мадинаи Мунавварада яшаганликлари сабабли ҳадис талаб қилиб, бошқа юртларга сафар қилмаганлар, балки ҳадис талабида Мадинага келган уламолар билан учрашиб, ҳадис алмашар эдилар. 

Имом Молик бутун умрлари давомида ҳеч қандай қўзғолон-фитналарга аралашмаганларига қарамай, халифа Абу Жаъфар ал-Мансур даврида, яъни 146 йилда у кишининг бошларига мусибат тушади: дарра билан калтакланадилар ва қўлларини тортиб, куракларини чиқариб юборишади. Бунинг сабаби, Имом Молик ривоят қилган «Мустакраҳ (мажбурланган)га талоқ йўқ» ҳадисининг Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ан-Нафс аз-Закия Мадинаи Мунавварада қўзғолон қилиб чиққан пайтида баъзи бир кучлар томонидан фитна учун қўлланилганлиги ва бу ҳадиси шариф билан Абу Жаъфар ал-Мансурга қилинган байъат нотўғри эканлиги билдирилганлигидир. Чунки халифа ал-Мансур талоқ шарти билан мусулмонлардан байъат оларди. 

Имом Молик ибн Анас 179 ҳижрий санада вафот этадилар.