Ҳасан Басрий - Абу Саид ибн Абил Ҳасан Ясор (642-728) - илк исломнинг йирик илоҳиёт олими. Мадинада туғилган, 657 й.дан Басра ш.да яшаб, шу ерда вафот этган. 663- 665 йларда ҳоз. Афғонистон ҳудудидаги ҳарбий юришда қатнашган. Халифа Умар ибн Абдулазиз (681-720) даврида Басрада қозилик қилган. Ҳ.Б. атрофида илоҳиёт олимлари тўпланиб, улар Умавийлар давлати маънавиятини белгилаган. Ҳ.Б. обрўси шунчалик баланд бўлганки, уни аҳди сунна намояндалари ҳам, муътазилийлар ҳам сўфийлар ҳам ўз устози ҳисоблаган. Ҳ.Б қарашлари ҳақида маълумотлар жуда оз сақланиб қолган. Уларга кўра, Ҳ.Б. ирода эркинлиги (ихтиёрийлик) масаласида қадарийлар нуқтаи назарида турган ва инсон бу дунёдаги қилмишлари учун ўзи масъул эканлигини таъкидлаган. Айни вақтда муржиъийлар таълимоти руҳида: "Жон таслим қилиш пайтида калима келтирган мусулмон нажот топиб, жаннатга киради", деб айтган экан. Ҳ.Б. мўтадил сиёсий қарашларга мос мавқеда турган: умма бирлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилиб, мусулмонлар ўртасидаги ҳарбий можароларни қоралаган.