1446 йил 21 жумадул аввал | 2024 йил 23 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN

ҚОМУС

Ҳазрати Имом масжиди -

Ҳазрати Имом масжиди - Ҳастимом - Тошкентдаги меъморий ёдгорлик. Мажмуа курилишига имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил ал-Қаффол аш-Шоший (904- 976)нинг қабри асос бўлган (қ. Қаффол Шоший). Қабр ва унинг атрофида вужудга келган қабристон ҳамда меъморий ёдгорликлар мажмуаси (Кайковус боғи билан бирга) Ҳазрати имом номи билан аталади. Сақланиб қолган биноларнинг энг қад.си 16-а.га оид. Дастлаб, 16-а.нинг 30-й.ларида 2 та мақбара қурилган; каттаси Тошкентнинг шайбонийлар сулоласидан бўлган хони Суюнчхўжахон мақбараси деб тахмин этилади. 16-а.нинг 50- й.ларида бу бинолар Бароқхон мадрасаси меъморий ёдгорлиги таркибига қўшилган. Ўша даврда Ҳазрати имом қабри устида Қаффол Шоший мақбараси бунёд этилган. 16-а. охирларида унинг қаршисида "қуш" услубида Қаффол Шошийнинг авлоди, Бобохожи мақбараси қурилган (бу бино 1939 й. бузиб тапшанган). 16-а.да Ҳ.и.м.да сайргоҳ боғ бўлган (асрий чинорлар, қайрағоч ва б. дарахтлар, ҳовуз ва айвонлар мавжуд эди), халқ сайиллари ўтказилган. 19-а. ўрталарида Бароқхон мадрасаси рўпарасида Намозгоҳ (Тиллашайх), Мўйи Муборак мадрасаси, Жоме масжид (сақланмаган) қурилган. 20-а. бошида олти устунли, ўн икки гумбазли Тиллашайх масжиди қайта қурилган. Ҳ.и.м.да Ўзбекистон мусулмонлари идораси жойлашган.