Ҳадис тўпламлари - ҳадисга доир китоб турлари. Аҳли ҳадис истилоҳига кўра, ақоидга тааллукди бўлган ҳадислар "Илми тавҳид ва сифат"; ҳукмга далолат қилувчи ҳадислар "Сунан"; илми сулук ва зуҳдга оидлари "Риқоқ"; ейиш, ичиш ва кийиниш, ўтириш, туриш ва сафар... одобларига тааллукли бўлган ҳадислар "Илмул адаб"; тафсир ҳадислари "Тафсир"; тарих ва шеър ҳадислари гоҳ "Илму Ваъдил-халқ", гоҳ "Сийрат"; асри Жалили набавийдан сўнгра вужудга келган ва келажак фитналарга доир бўлганлари "Илмул-фитан"; маноқиб ва мусолаба, яъни шахслар, қабилалар, шаҳарлар ва б. шу кабиларнинг мақтови ёки айбловига доир хабарлар "Илмул-маноқиб" деб аталадилар. Бу бобларнинг саккизаловини ҳам жамлаган "Саҳиҳи Бухорий" каби китобларга "Жомиъ" номи берилган. Имоми Термизийнинг китоблари эса, ҳам "Жомиъ", ҳам "Сунан" дейилгандир. Саҳоба исмлари махсус тартибга солиниб, ҳар биридан ривоят қилинган ҳадислар жамланган бўлса, ундай китоб "Муснад"; муаллифнинг кексалари ҳуруфи ҳижо (алифбо) тартибига қўйилиб, ҳар бирининг йўли билан муаллифга етиб келган ривоятларни тўплаган китоб "Мужам" дейилади. Ҳадис китобларининг яна кўп хиллари бўлса ҳам, энг муҳим турлари шулардир.