Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ал-Қаффол Шош аҳлидан бўлиб, «ал-Қаффол ал-кабир» деб айтилардилар. Ўз асрининг имоми, тилшуноси, усулшуноси, муҳаддиси ва шоири эдилар. Умрларини илм ўрганиш ва олган билимларини ёйишга сарфлаганлар. Номлари Шарқу Ғарбда маълум ва машҳур бўлиб, санади ҳасан бўлган ҳадисларни тасниф қилганлар. Жумладан, «Далоил ун-нубувва» («Пайғамбарлик далиллари») ва «Маҳосин уш-шариат» («Шариат чиройи») китобларини таълиф этганлар. Илм талабида Хуросон, Ироқ, Ҳижоз ва Шомда бўлганлар. Абул Аббос Муҳаммад ибн Исҳоқ ас-Саррож, Абул Қосим Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Бағавий, Абу Аруба Ҳусайн ибн Абу Маъшар ас-Суламий ва Абул Жаҳм Аҳмад ибн Ҳусайн ал-Машғароийдан таълим олганлар. Бу кишидан эса Абу Абдуллоҳ ал-Ҳофиз ал-Ҳоким, Абу Абдуллоҳ ибн Манда ал-Ҳофиз, Абу Абдуллоҳ ал-Ғунжор ал-Ҳофиз, Абу Абдураҳмон ас-Суламий ва Абу Саъд ал-Идрисий ҳадис ривоят қилганлар. Ал-Қаффол аш-Шоший ҳақларида айтилган экан:
هذا أبو بكر الفقيه القفال
يفتح بالفقه صعاب الأقفال
Ҳаза Абу Бакр ал-Фақиҳ ал-Қаффол
Яфтаҳу бил фиқҳи сиоб ал-ақфол
Яъни:
Бу киши фақиҳ Абу Бакр Қаффол
Фиқҳий жумбоқларни ечарди дарҳол.
Бу зот ҳижрий 291 (милодий 905) йилнинг барот кечасида таваллуд топиб, ҳижрий 366 (милодий 977) йилнинг зулҳижжа ойида Шошда вафот этганлар.