Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (96-дарс). Муташобиҳнинг қисмлари

14:00 / 28.07.2020 4154 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(учинчи қисм)

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Унга хуш каломлар юксалур ва солиҳ амал кўтарур уни» (10-оят).

Ушбу жумланинг таржимасида унинг уч хил маъносидан биттасигина акс этган. Чунки бир жумлада уч хил маъно бўлиши эҳтимоли фақат Қуръони Карим тушган тилдагина бўлиши мумкин.

Ушбу жумланинг охиридаги «ярфаъуҳу» феълининг фоъили, яъни иш бажарувчиси учта – Аллоҳ, солиҳ амал ва хуш каломлар бўлиши мумкин.

Биринчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш калом юксалур ва У Зот солиҳ амални кўтарур» бўлади. Яъни, қабул қилиш ва савоб бериши ила.

Иккинчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш калом юксалур ва солиҳ амал уни (хуш каломни) кўтарур» бўлади.

Учинчи ҳолатда жумланинг маъноси: «Аллоҳга хуш каломлар юксалур ва у (хуш калом) солиҳ амални кўтарур» бўлади.

Албатта, бундан хуш каломдан мурод иймон бўлади. Зотан, иймон бўлмаса, амал қабул бўлмаслиги аниқ.

Ушбу уч турда муташобиҳлик мужмал сирасига киради.

Маъно жиҳатидан муташобиҳ. 

Бу қисмдаги муташобиҳ фақатгина маънонинг махфийлигидан бўлади. Қуръони Карим оятларида унинг икки хил тури мавжуд.

Биринчи тури Қуръони Каримда қиёматнинг аломатлари, қиёмат кунининг даҳшатларини сифатлаш, қабр азоби, дўзах азоби, жаннатнинг неъматлари, халойиқнинг ҳисоб-китоби, уларнинг амалларининг тортилиши кабилар ҳақидаги оятларда келади.

Аллоҳ таоло Намл сурасида марҳамат қилади:

«Уларнинг бошига сўз(ланган азоб) тушганида, Биз улар учун ердан бир жонивор чиқарамиз. (У) уларга, албатта, одамлар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонмайдиган бўлганларини айтиб берадир» (82-оят).

Уламолар ушбу оятнинг таъвили ва ундан кўзланган муродни аниқлашда кенг миқёсда ихтилоф қилганлар. Хусусан, оятдаги «сўз» ва «жонивор» тўғрисидаги ихтилофлар янада кенгроқ бўлган. Аслида бу оятдаги гаплар Қиёмат яқин қолганда бўладиган ҳодисалар ҳақидадир. Лекин оятдаги маънодан келиб чиқадиган саволлар кўп. Мисол учун: «Жонивор» нима ўзи? Унинг сифатлари қандай? Қачон чиқади? Қаердан чиқади? Қай тарзда гапиради ва ҳоказо.

Саҳиҳ ҳадиси шарифларда бу ҳайвон қиёматнинг аломатларидан бири экани, тавба қилиш фойда бермайдиган вақт бўлиб қолганда чиқиши ҳақида хабарлар келган.

Ҳофиз ибн Касир: «Бу жонивор охири замонда, одамлар фасодга берилганда, Аллоҳнинг амрини тарк қилганларида ва ҳақ динни ўзгартирганларида чиқади», деганлар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўнта белгини кўрмагунингизча қиёмат қоим бўлмайди», деб туриб, ердан жонивор чиқишини ҳам айтганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадис ёд олиб, ҳеч ёдимдан чиқармадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман:

«Қиёматнинг биринчи аломатларидан – қуёшнинг мағрибдан чиқиши ва одамларга жониворнинг чиқишидир, буниси чошгоҳ пайтида бўлади. Қайси бири олдин чиқса, кейингиси дарров шеригининг орқасидан чиқади». 

Шу билан бирга, муҳаққиқ тафсирчи уламоларимиз ушбу жонивор ҳақида кераксиз ва асоссиз гаплар кўпайиб кетганини, улар тафсир китобларимизга ҳам кириб қолганини, ишончли манбаларга суянилмаган гаплар бўлгани учун уларга эътибор бермаслик лозимлигини таъкидлайдилар.

Қуръони Каримда ва саҳиҳ ҳадисларда келган хабарлар билан кифояланиш энг яхши иш. Қолгани эса фақат Аллоҳ биладиган ғайб илмидир.

Бу оятдаги муташобиҳликнинг сабаби «жонивор» сўзининг луғатдаги маъноси эмас, балки бу сўздан кўзланган маъно эканини мулоҳаза қилишимиз керак.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Ўша куни (амалларни) тортиш ҳақдир. Бас, кимларнинг тарозилари оғир келса, ана ўшалар, ҳа, ўшалар зафар топувчилардир» (8-оят).

Бу ояти каримадаги «тортиш»дан мақсад қиёмат куни одамларнинг бу дунёда қилган амалларини тортишдир. Аммо ўша тортиш қандай бўлади, унда нима тортилади, амаллар дафтарими ёки амалларнинг ўзими, булар ҳиссий нарсаларми, маънавийми, тортиш биттами ёки бир нечтами ва шунга ўхшаш жуда кўп гаплар устида тортишувлар кўпайган.

Биз мазкур тарозининг нави, жавҳари, сони, шакли ва кайфияти ҳақида баҳс ҳам, фикр ҳам юритмаслигимиз лозим. Бу каби тафсилотларнинг илмини Аллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилиб, оят ва ҳадисда келган маънога иймон келтирамиз.

Иккинчи тури Қуръони Каримда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога сифат бўлиб келган маънолар, хусусан, «муташобиҳ сифатлар» деб номланадиган маънолардир.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Турли йўллар билан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қуръони Карим етти ҳарфда нозил бўлганини очиқойдин айтганларини давоми...

6033 16:47 / 21.01.2020
2. Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади.Албатта, Сафо ва Марва Аллоҳнинг шиорларидандир. Ким Байтни ҳаж ёки умра қилса, унга икковлари ўртасида саъй қилиши давоми...

5286 14:30 / 15.06.2019
ЙАСИН ВА ДУХОН СУРАЛАРИ ФАЗЛИАнас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Ҳар бир нарсанинг қалби бор. Қуръоннинг қалби Йасиндир. Ким Йасинни қироат қилса, Аллоҳ унга давоми...

4541 05:00 / 23.01.2017
Халаф уламолар мазҳабига кўрабиринчи мақола 1. Аллоҳнинг қўли ndash қудрати..Қўл, сўзи луғатда инсон жисмидаги маълум аъзони англатади. У инсон бармоғининг учидан давоми...

3318 13:00 / 27.10.2020