Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръони Карим дарслари (94-дарс). Муташобиҳнинг қисмлари

14:40 / 14.07.2020 3031 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи қисм)

Муташобиҳ уч қисмга тақсимланади:

1. Фақат лафз жиҳатидан муташобиҳ.

2. Фақат маъно жиҳатидан муташобиҳ.

3. Ҳам лафз жиҳатидан, ҳам маъно жиҳатидан муташобиҳ.

Энди буларнинг ҳар бирини алоҳида ўрганамиз.

1. Лафз жиҳатидан муташобиҳ икки хилдир:

Биринчиси якка сўзларда бўлади.

Бу ҳам ўз навбатида икки турли бўлади.

А) Якка сўзлардаги муташобиҳнинг биринчи тури бир сўзнинг фасоҳатли араб тилида оз ишлатилиши сабабидан бўлади. Мисол учун, Абаса сурасининг 31-оятидаги

«Ва факиҳатан ва аббан» «ва мева-чеваю, ўт-ўланларни» деган қавлни олайлик. Бу ерда «аббан» сўзи муташобиҳдир. У ушбу оятдан бошқа жойда ишлатилгани кам учрайди. Шунинг учун унинг маъносини англаб олиш мушкул бўлади. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳудек зот ҳам ушбу оятни тиловат қилиб туриб, «Факиҳатан»ни-ку, биламиз, «аббан» нима дегани?» деб ҳайрон бўлганлар. Худди шунга ўхшаш ҳолат ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуда ҳам бўлган. Аслида бу сўз «ўт-ўлан», «хашак», «сомон» деган маъноларни англатади. Ушбу нарсаларни фақат битта сўз билан ифода қилиш учун «аббан» сўзидан бошқа сўз ярамайди. Бу ҳам Қуръони Каримнинг мўъжизаларидандир.

Аллоҳ таоло Соффаат сурасининг 94-оятида марҳамат қилади:

«Фа-ақбалуу илайҳи язиффуун» «У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди».

Ушбу оятдаги «язиффуун» сўзи ҳам якка сўзларда лафз жиҳатидан муташобиҳ сирасига киради. Аслида бу сўз шамолнинг тез эсиши ва туяқушнинг учишга яқин тез чопишига нисбатан ишлатилади. Оятда мушрикларнинг Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келиши мазкур шамолнинг эсишига ва туяқушнинг чопишига ўхшатилмоқда. Бу сўз жуда кам ишлатилгани учун кўпчилик уни англаши мушкул бўлади.

Аммо ушбу оятда айнан «язиффуун» сўзининг ишлатилиши Қуръони Каримнинг балоғат ва фасоҳатдаги мўъжизаларидандир. Агар бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатилса, маъно тўлиқ чиқмас эди. Чунки «язиффуун»да ҳам шошилиш, ҳам шошилтириш маънолари бордир. Иброҳим алайҳиссаломга душман бўлган мушриклар ўзлари шошилишлари билан бирга, ўзгаларни ҳам шошилтирганлар.

Бошқа бир мисол келтирайлик.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Хотинларни талоқ қилганингизда, муддатлари охирига етганда, яхшилик билан ўзаро рози бўлишиб, эрларига қайта никоҳланишларини ман қилиб, ушлаб турманг» (232-оят).

Ушбу оятдаги «Фалаа таъдулуҳунна» бирикмаси «Уларни ман қилиб, ушлаб турманг» дея таржима қилинади. Бу ерда «таъдулу» (ўзаги «ъадл») сўзи муташобиҳдир. Чунки одатда унинг ўрнига «манъ» – «ман қилиш» ва «ҳабс» – «ушлаб туриш» сўзлари ишлатиб келинади. Шунинг учун «ъадл» сўзи ишлатилганда, бу ҳақда маълумоти бўлмаган одамларга тушунарсиз бўлиб кўринади. Аммо ушбу жойда айнан «ъадл» сўзининг ишлатилиши Қуръони Каримнинг мўъжизасидир, чунки битта шу сўзнинг ўзида ҳам «ман қилиш», ҳам «ушлаб туриш» маънолари бордир. Агар унинг ўрнига «ман» сўзи ишлатилса, «ушлаб туриш» маъноси қолиб кетарди. Агар унинг ўрнига «ҳабс» сўзи ишлатилса, «ман» сўзидан англанадиган маъно қолиб кетар эди.

Б) Якка сўзлардаги муташобиҳнинг иккинчи тури лафздаги муштараклик жиҳатидан бўлади. Унда лафз аслида бир неча маънони англатадиган бўлади, аммо ўша маъноларнинг бирини ифода қилиш учун ишлатилади ва шу билан бирга, кучли сабаб бўлмайди. У худди аввал ўтган мужмалга ўхшайди.

Лафз жиҳатидан муташобиҳнинг иккинчиси мураккаб каломнинг жумласига ҳамда ундаги сўзларнинг тартибига боғлиқ бўлади ва улар уч турлидир:

а) Муташобиҳлик каломнинг мухтасар қилингани ва тушуниш учун «гапнинг тагида гап бор» қабилида бирор нарсани қўшиш лозимлиги юзасидан бўлади.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, ўзингизга ёққан аёллардан иккитами, учтами, тўрттами, никоҳлаб олинг» (3-оят).

Бу ояти кариманинг маъноларини тўғри тушуниш, ундан келиб чиқадиган ҳукмларни ўз ўрнида англаш учун бир қанча қўшимча маълумотларга эҳтиёж тушади. Сиртдан қараганда, етимларга адолат қила олмасликдан қўрққан кишига иккита, учта ёки тўртта хотин олишни тавсия қилиш ғалати туюлади. Бу сирни англашда бизга Имом Бухорий Ибн Шиҳобдан қилган ривоят ёрдам беради:

«Менга Урва ибн Зубайр хабар бердики, у Оиша онамиздан «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» ояти ҳақида сўраган экан, у киши розияллоҳу анҳо: «Эй жиян! Бир етим қиз кафилининг қарамоғида бўлади. Қиз унинг молига шерик бўлади. Қизнинг моли ҳам, жамоли ҳам уни ўзига тортади-да, унинг маҳрида адолатли бўлмай, унга уйланмоқчи бўлади. Унга бошқалар берадиган маҳрни бермоқчи бўлади. Бас, адолатли бўлмасалар, уларга уйланишдан қайтарилдилар, бошқа аёлларга уйланишга амр қилиндилар», деб жавоб қилибдилар».

Демак, оятдаги «етимлар»дан мурод етим қизлар экан. Етим қизларга уларни ўз кафолатига – ҳимоясига олган киши уйланмоқчи бўлса-ю, аммо бу ишда адолатсизликка йўл қўйишдан қўрқса, ўша етим қизларга уйланишни қўйсин-да, бошқа ўзига ёққан, никоҳи ҳалол бўлган аёллардан хоҳишига қараб, иккитагами, учтагами, тўрттагами, уйлансин. Агар хотинлар орасида адолат ўрната олмасликдан қўрқса, биттага уйлансин ёки чўри тутиш билан кифоялансин. Ушбу оятдаги «Агар етимларга адолат қила олмасликдан қўрқсангиз» деган гапни тафсир қилувчи мазкур ривоят бўлмаса, у тушунарсиз бўлиб қоларди. Шунинг учун Урва ибн Зубайрдек олим киши ҳам ушбу жумла ҳақида савол беряпти.

(Давоми бор)

«Қуръон илмлари» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
islom.uz middot 062. Муташобиҳ сифатларга оид оятлардан намуналар3учинчи мақолаХалафларнинг кўплари эса .Аршга истиводан мурод молик бўлиш ва тадбир қилишдир,, дейдилар. давоми...

2895 13:15 / 13.10.2020
Қуръони каримнинг энг сўнгги нозил бўлган ояти ҳақидаги ривоятлар анчагина бор. Лекин уларнинг ҳеч бирида охирги оят ҳақидаги сўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

7101 20:00 / 06.05.2019
Қуръони Карим олдида барча инсоният ўзининг чегараланган илми ила ожиздир. Илмфан ривожланиши билан Қуръон маънолари ҳам янгиданянги маълумотлар билан намоён давоми...

4039 14:30 / 13.08.2019
иккинчи мақолаҚуръони Карим қироатида мусулмонлар ихтилофини йўқ қилиш бўйича амалий чора кўришни ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу амалга оширганлар.Ҳа, бу улуғ давоми...

4370 19:05 / 12.11.2019