Сеулда Ислом меросига бағишланган зал очилди
Жанубий Кореяда Ислом цивилизацияси ва унинг меросига қизиқиш ортиб бормоқда. Шу жараённинг муҳим ифодаси сифатида, Сеулдаги Миллий музей ўз тарихида илк марта Ислом санъатига бағишланган кўргазма залини очди. Бу ҳақда The Korea Times хабар берди.
Пойтахт Сеулда жойлашган Корея миллий музейидаги Ислом санъати зали, мамлакатда биринчилардан бўлиб иш бошлади. Очилиш маросими доирасида «Ислом санъати: гўзаллик саёҳати» номли кўргазма ўтказилди. Тадбир Қатардаги Ислом санъати музейи билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу лойиҳа Сеул ва Доҳадаги маданий муассасалар ўртасидаги ҳамкорлик мевасидир. Тадбирдан мақсад Ислом санъатининг гўзалликларини кенг жамоатчиликка тақдим этиш ҳамда асрлар давомида шаклланган санъат турларининг ривожини намойиш этишдир.
Очилиш кўргазмасида Ислом дунёсининг турли минтақаларидан Яқин Шарқ, Марказий Осиё ва Жанубий Осиёдан танлаб олинган санъат асарлари намойиш этилди.
Ислом санъати залининг очилиши Жанубий Корея ва Ислом оламида маданий муносабатларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. Бу ташаббус кореялик томошабинларга Ислом мероси билан яқиндан танишиш имконини беради ҳамда цивилизациялар ўртасидаги маданий мулоқотни кенгайтиради.