1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
16:14 / 12.08.2023 21014 Кўриш режими

Жума хутбаси ва намозида юз берган воқеа

2023 йилнинг 11 август муборак жума куни, Масжидул Ҳаромнинг машҳур имоми шайх Моҳир Муайқилийга жума хутбасини ўқиш пайтида бироз беморлик етиб, саломатликларида ўзгариш юз берди. Шайх Моҳир жума намозига имомликка ўтиб, Фотиҳа сурасини охирига етказа олмай, ҳушларини йўқотдилар. Шу заҳоти меҳробга шайх Абдураҳмон Судайс ўтиб Фотиҳа сурасини келган жойидан давом эттирдилар ва жума намозини адо қилиб бердилар. Бу ҳақда Саудия Арабистони Қироллиги ахборот хизмати хабар берди.

Шайх Моҳир ҳушларини йўқотганлари ва ўрниларига намозни шайх Судайс давом эттирганлари акс этган видеолавҳа оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалди.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари машҳур имом Моҳир Муайқилийнинг тезроқ комил шифо топишларини Аллоҳ таолодан сўраб, дуо қилдилар.

Маълум бўлишича, у кишининг беморликларига қуйидагилар эҳтимолий сабаб сифатида келтирилган:

- Ҳароратнинг юқори бўлганлиги;

- Натижада миядаги қон айланиш тизими вақтинча бузилганлиги;

- Юрак импульслари ҳамда юрак қон-томирлари фаолияти издан чиққани. Бу ҳақда кардиология институти собиқ декани доктор Жамол Шаъбон маълум қилди.

Икки Ҳарамнинг диний ишлари бўйича раҳбарияти шайх Моҳирнинг саломатликлари ҳозирда мўътадил ҳолга келгани, офиятда эканликларини маълум қилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков ўзларининг фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифаларида шундай хабар қолдирдилар:

«Имомлар ва муаззинлар ишлари бўйича вакиллик ходимлари Масжидул Ҳаромнинг имоми шайх Моҳир Муайқилийни уйига зиёратга бориб, докторнинг тамомий сиҳат ва офиятда эканлиги билан барча мусулмонларни хотиржамликка чақирдилар...».

Аллоҳ таоло барча бемор мусулмонлар қатори шайх Моҳирни ҳам паноҳида асраб, уларга комил шифо берсин.

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз