1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 08.03.2017 1953 Кўриш режими

«Саййидул муқтадо» шиори остида илмий-маърифий анжуман (3-бўлим)

«Саййидул муқтадо» шиори остида илмий-маърифий анжуман (3-бўлим)


Бугун, 2015 йил 27 декабрь куни Ислом.уз портали ҳамда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти томонидан рабиъул аввал ойи муносабати билан ўтказилаётган мавлиди шариф анжуманларининг навбатдаги тантанали тадбири бўлиб ўтди. Тадбирга юртимизнинг кўзга кўринган дин арбоблари, уламолар, аҳли илмлар, устоз ва мударрислар, толиби илмлар ва бошқа кўпгина меҳмонлар ташриф буюришди. Бошловчи Нодирбек Хидиров гўзал ҳамду сано ва дуруду салавотлардан сўнг тантанали тадбирни очиқ деб эълон қилди. Анъанага кўра, анжуман Қуръони Карим тиловати билан бошланди.

Анжуманни Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсун бошлаб бердилар, «Муқтадолар саййиди» деб номланган мавлид анжумани ташкилотчилари ҳамда меҳмонларни табриклаб, бугунги тадбирнинг ҳозирги кунимиз учун нақадар долзарб ва муҳимлиги, Набий алайҳиссаломнинг суннатларини, сийратларини ўрганиш ва уларга амал қилишнинг фазилати ва беқиёс аҳамияти ҳақида сўзладилар. Бош имом-хатиб жаноблари юртимиздаги тинчлик-осийишталикнинг барқарор бўлишида дин арбобларининг, хусусан, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг хизматлари ҳақида, у зотнинг улкан илмий меросларини халқимизга етказишда «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти олиб бораётган хайрли ишлар ҳақида алоҳида тўхталдилар, шайх ҳазратларининг бу савобли ишлари муносиб шогирдлар томонидан давом этаётганидан мамнуният изҳор этдилар, хайрли дуолар қилдилар.
Шундан сўнг дин арбобларининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ва сийратларини ўрганиш, татбиқ қилиш ва уни бошқаларга етказиш йўлидаги хизматлари ҳақида узоқ йиллар Ўзбекистон мусулмонлари диний идорасида масъул лавозимларда фаолият юритган азиз меҳмонимиз Абдуллоҳ ҳожи жаноблари қисқа ва сермазмун суҳбат қилдилар. Жумладан, шайх ҳазратларининг бугунги кунда Ислом динини ёмон кўрсатаётганларнинг «Иймонли бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз, бир-бирингизни яхши кўрмагунингизча иймонли бўлмайсиз» деган ҳадиси шарифни билмаслиги ёки унга амал қилмаслиги ҳақида куюниб сўзладилар.
Ислом уммати, хусусан умматнинг аҳли илмлари зиммасидаги энг муҳим вазифалардан бири – Ислом шариатининг иккинчи асосий масдари, манбаи бўлмиш суннати набавийяни келгуси авлодга етказишдир.
Ислом уламолари асрлар оша бу вазифани шараф ила бажариб келишмоқда. Уларнинг бу борадаги хизматлари суннатни жамлаш, тадвин қилиш, уни ўрганиш борасида турли меъёр ва қоидалар ўрнатиш, ҳадисларни тўплаб, китоб шаклига келтириш, уларни шарҳлаш, изоҳлаш, ҳадис ровийлари ҳақида бир неча мужалладлардан иборат китоблар ёзиш каби ишларда намоён бўлади. Ҳозирги кунимизда ҳам дунёнинг турли чеккаларида суннатнинг хизмати йўлидаги шарафли ишлар давом этмоқда. Ўз фаолиятини бошлаганига ҳали кўп вақт ўтмаган бўлса-да, “Ҳилол нашр” нашриёт матбааси ҳам бу борада салмоқли натижаларга эришди.
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ва «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётининг Суннатни ўрганиш ва ўргатиш йўлидаги хизматлари ҳақида ноширимиз Исмоил Муҳаммад Содиқ сўзладилар.
Шундан сўнг юртимизнинг машҳур қорилари ижросида Расулуллоҳнинг мадҳларида айтиладиган нашидлар тингланди.
Мавлиди шариф анжумани дастурига киритилган яна бир хайрли тадбир – янги китоб тақдимоти бўлди. «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом ноиби Ҳасанхон қори Абдулмажиднинг Саййид Жаъфар ибн Ҳасан Барзанжий қаламига мансуб «Иқдул-жавҳар фи мавлидин-Набиййил Азҳар» асарига ёзилган таржима ва шарҳи «Ҳилол-нашр» нашриётида чоп этилиб, бугун китобхонларимизга ўзига хос мавлид туҳфаси ўлароқ тақдим этилди.
Ҳасанхон Яҳё ушбу таржима ва шарҳнинг ёзилиш тарихи, унинг ёзилишига туртки бўлган омиллар ҳақда сўзлаб берди, сўнг Тошкент Ислом олий маъҳади талабаси Абдулбосит қори билан биргаликда ушбу мавлиднинг сўнгги лавҳаларидан ўқиб, маъноларини шарҳлаб берди.
Янги тақдим этилган китобнинг илмий муҳаррири, Тошкент Ислом олий маъҳади мударриси Абдулазим Зиёуддин асар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Маълумки, Ислом.уз портали томонидан бир неча йиллардан буён маънавий-маърифий танловлар ўтказиш хайрли бир анъанага айланиб қолган эди. Бундай танловлар ҳижрий йил бошида эълон қилинар, сўнг йил охирида танловга якун ясалиб, кейинги йилнинг бошида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилар эди. Аммо Ислом.уз-1435 танловининг якуни барчамизга маълум сабабларга кўра кечиктирилди. Китоб тақдимотидан сўнг ушбу «Ислом.уз-1435» маърифий танловининг якуни эълон қилинди. Шунингдек, Siyrat.uz сайтида ўтказилган «Бизга Расулуллоҳ ҳақларида сўзлаб беринг» номли танлов натижалари ҳам эълон қилинди. Шундан сўнг танлов ғолибларини ҳамда фаол иштирокчиларини тақдирлаш маросим бўлиб ўтди. Ғолибларга мукофот ва қимматбаҳо совғаларни «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов топширдилар.
Мукофотлар топширилгач, Тошкент вилояти имом-хатиби Хайрулла ҳожи Абдуллаев сўз олиб, бу тинчлик-хотиржамлик кунлар учун, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига хизмат қилиш неъматини ато этгани учун Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, барча ҳозир бўлганларни бу гўзал мавлид анжумани билан табрикладилар, баъзи ёшларимиз турли фикрий хуружлар таъсирига тушиб қолаётган бугунги кунда бу каби диний-маърифий тадбирлар ўз қадриятларимизни англаш, динимизни, миллатимизни, Ватанимизни севиш ва асраш йўлидаги муҳим тарбиявий аҳамиятга эга эканини таъкидладилар.
Яна бир муҳтарам меҳмонимиз, диншунос Нуриймон Абулҳасан ҳам бугунги кунда халқаро майдонда юз бераётган ташвишли ҳодисаларнинг асл сабаби динимизни билмаслик, Қуръон ва Суннатни билмасликка бориб тақалаётгани, Ислом дини айнан илм-маърифатга, тинчликка, бунёдкорликка чақиришини, зулмга, қон тўкишга, қулдорликка қарши курашганини эътироф этмасликда эканини таъкидлаб ўтдилар. Нуриймон Абулҳасан ҳозирги кунда Ислом динининг, Ислом пайғамбарининг, мусулмонларнинг шаънига отилаётган бўҳтону туҳмат тошларига қарши курашнинг энг кучли, энг таъсирли воситаси «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти томонидан чоп этилаётган китоблар каби илмий-маърифий адабиётлар бўлиши лозимлигини айтиб, бу йўлда хизмат қилаётган барча юртдошларимизга Яратгандан куч-қувват, ихлосу сабр-матонат тиладилар, бу хайрли ишга асос солиб, ёрқин намуна кўрсатиб, улкан илмий мерос қолдириб кетган устозимиз шайх ҳазратларининг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.
Мавлид анжумани сўнггида устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ўтган йиллар давомида мавлид муносабати билан айтган фикрлари, маърузалари ва халқимизга йўллаган қутловларидан бир видеолавҳа намойиш қилинди.
Шундан сўнг бугунги анжуман учун тайёрланган хатми Қуръон якунланиб, Аллоҳ таолодан бунинг ажру савобларини устозимизнинг руҳларига етказишни сўраб, у зотнинг ҳақларига дуолар қилинди.
Шу билан «Муқтадолар саййиди» деб номланган мавлид анжумани ниҳоясига етиб, барча ҳозир бўлганлар байрам дастурхонига таклиф қилиндилар. 

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз