1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 08.03.2017 2434 Кўриш режими

Қайта нашр этилган китобларнинг тақдимоти

Қайта нашр этилган китобларнинг тақдимоти


Ҳижрий 1437 йил 11 муҳаррам, милодий 2015 йил 24 октябр куни «Ҳилол-нашр» матбааси ҳамда Islom.uz портали ходимлари ташаббуси билан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси» таржимаси, «Ҳадис ва ҳаёт» силсиласининг 19-жузи – «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китоби ҳамда «Исроф» рисоласининг қайта нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри ва вилоятидаги бир қатор имом домлалар, толиби илмлар ва мухлислар иштирок этдилар.



Тадбирни «Тўхтабой» жомеъ масжидининг ноиб имоми Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид олиб борди. Йиғилиш, анъанага кўра, Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дуодан сўнг бошловчи китоблар тақдимоти учун домлаларга сўз берди. «Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси таржимаси» ҳақида Тошкент шаҳар «Тўхтабой» жомеъ масжиди имом-хатиби Исҳоқжон Бегматов, «Оламларга раҳмат Пайғамбар» асаридан Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти катта мударриси Абдулазим Зиёвуддин домла, «Исроф» рисоласи ҳасида «Чимир ота» жомеъ масжиди ноиб имоми Абдулбосит қори сўзлаб берди. Улар ушбу китобларнинг ёзилиш тарихи, уларнинг бугунги кундаги аҳамияти, диний-маърифий адабиётлар орасида тутган ўрни ва бошқа жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтдилар. Улар Шайх Ҳазратларининг эл-юртга, Ватанга ва бутун дунё мусулмонларига кўрсатган фидойиликлари, буюк хизматлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.
Муҳтарам Исҳоқжон домла «Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси»нинг ўзбекча таржимаси халқимизга айнан Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ тарафидан тақдим қилиниши алоҳида аҳамият касб этиши, у кишининг файзу баракалари асарга янада тароват бахш этганини таъкидлаб ўтди. Бу асар «Сунний ақийдалар» ҳамда «Ҳадис ва ҳаёт» туркумининг «Ислом ва Иймон» номли жузидан кейин нашр қилиниши бежиз бўлмагани, чунки асар ақида ҳақида маълум даражада билимга эга кишиларга мос экани айтиб ўтилди.
Келаётган рабиъулаввал ойига Ҳазратимиз номларидан халқимизга муносиб туҳфа бўлиши умидида қайта чоп қилинган «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китоби хусусида сўзлаган муҳтарам Абдулазим домла бу китоб юртимизда сийрат борасида нашр қилинган асарларнинг гултожиси бўлганини айтиб, бунга далил сифатида китобдан айрим иқтибослар келтирди.
«Исроф» рисоласида жамиятимиздаги ижтимоий иллатларидан бири бўлган исроф ҳақида батафсил сўз юритилган. Бу китоб хусусида сўз юритган Абдулбосит қори Абдуллоҳ асардаги энг аҳамиятли нуқталарни эслаб, еб­ичиш, кийим­кечак, газ, сув, электр қуввати, тўй­маросимлар ва бошқа сарф­харажатлардаги исрофларга алоҳида урғу берилганини айтиб ўтди.
Тақдимот асносида «Очиқ хат» ва «Исроф» китоблари лотин ёзувида ҳам чоп қилингани ҳам эълон қилинди. Шунингдек, марҳум адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мурод Мансурнинг қаламига мансуб «Ҳамманинг яшагиси келади» деб номланган қиссалар тўплами ҳамда Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Алий» масжиди имом-хатиби Салоҳиддин домла Абдуғаффор ўғлининг «Оламларга раҳмат пайғамбар», «Рамазон ва хотиржамлик» аудиомаърузалар диски ҳам тақдим этилди.
Тадбирда «Ҳилол-нашр» матбаасининг фаолияти ҳақида ҳам қисқача маълумот бериб ўтилди. Чоп этилаётган диний-маърифий китоблар Россия, Қозоғистон давлатларига ҳам экспорт қилинаётгани ва матбаа ижодкорлари Шайх Муҳаммад Содиқ раҳимаҳуллоҳнинг меросларини бошқа мамлкатларга ҳам ёйишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлари изҳор қилинди.
Анжуман шогирд ва ходимлар тарафидан Устоз Шайх Муҳаммад Содиқ ҳазратларига атаб етказилган хатми Қуръон хатмонаси ва хайрли дуолар билан якунланди.

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Islom.uz портали ходимлари томонидан ташкил қилинган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қаламига мансуб «Ақийдатут-таҳовия шарҳининг талхийси», «Исроф» ҳамда «Оламларга раҳмат Пайғамбар» китобларининг тақдимот маросими ҳақидаги видеолавҳа тез кунларда сайтимизда намойиш қилинади.

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз