Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида муфтий Нуриддин домла ҳазратлари ташаббуси билан шайх Aлижон қори қироати асосида Қуръони Карим тиловатининг тўлиқ видео шакли ёзилган диск ва Каломуллоҳ тараннумига бағишланган «Қуръони Карим шафоати» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбир Қуръони Карим қироати ила бошланди.
Маросим аввалида муфтий ҳазратлари сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Қуръони Карим ва тажвидни ўргатиш» бўлими жадал фаолият юритаётгани, юртимизнинг барча ҳудудларида Қуръон курслари фаолият олиб бораётгани, масжидлардаги азон садолари гўзаллашиб бораётгани, диний-маърифий китоблар чоп этилиб, уларнинг тақдимоти ўтказилаётгани давлатимиз раҳбари бошчиликларидаги хайрли ислоҳотларнинг меваси эканини алоҳида таъкидладилар.