1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 08.03.2017 2124 Кўриш режими

«1 июн Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишланган анжуман

«1 июн Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишланган анжуман


Muslimaat.uz сайтида «1 июн ―Ҳалқаро болаларни ҳимоя қилиш куни»га бағишланган «Фарзандлар жаннат райҳонларидир» номли илмий амалий анжуман бўлиб ўтди. Тадбир салафи солиҳларимизнинг одатларига содиқ қолган ҳолда, Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Тадбир аввалида ушбу анжумандан кўзланган мақсад ва унинг мазмуни ҳақида икки оғиз сўз айтилди. Сўнгра фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг видео орқали кириш сўзлари тингланди. Муҳтарам шайх ҳазратлари болалар ва уларнинг тарбияси, алоҳида эътиборга ва меҳрга муҳтож бўлган болаларга меҳрибонлик қилиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш ва бу борада динимиздаги кўрсатмалар ҳақида сўзлаб бердилар.

Анжуман давомида «Фарзанднинг Исломдаги ҳуқуқлари», «Болалар ва ота-оналар тарбияси», «Бола ривожланишида овқатланишнинг аҳамияти», «ОАВ нинг бола онгига таъсири ва унинг техника билан муносабати», «Улуғларимизнинг болалигидан қиссалар», «Жисмоний имконияти чекланган болалар ҳам жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси» ва «Етимпарвар бўлайлик» номли маъруза ва видео роликлар иштирокчиларнинг ҳукмига ҳавола этилди.

Халқимизнинг севимли шоираси Марҳабо Каримованинг «Болалар ва ота-оналар тарбияси» мавзусидаги маърузаси аввалида «Умрнинг ҳар куни болалар куни» номли шеъри тингловчиларда жуда яхши таассурот қолдирди.

Тадбир якунидаги устоз Шайха Одинахон Муҳаммад Юсуф муаллифлигидаги «Етимпарвар бўлайлик» номли видео ролик барчанинг кўзини ёшлантирди. Ундаги етимлар хусусида келган оят ва ҳадислар, уларга қилинадиган меҳр ва мурувватнинг қай даражада улуғ ажрларга сабаб бўлиши ниҳоятда таъсирли баён қилинди.

Анжуман Қуръони Карим тиловати ва дуо билан ўз поёнига етди.

Эслатма: Тез кунларда ушбу анжуманнинг томошабини бўлишингиз мумкин. Бунинг учун саҳифаларимизни кузатиб боринг ва биз билан бирга бўлинг.

Muslimaat.uz

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз