1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
05:00 / 08.03.2017 3061 Кўриш режими

«Ислом ва бугунги кун тиббиёти» давра суҳбати

«Ислом ва бугунги кун тиббиёти» давра суҳбати

Аллоҳ таолонинг инсонга ато қилган энг азиз неъматларидан бири саломатликдир. Бу саломатликнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва Аллоҳ таоло рози бўладиган йўлда сарфлаш бу неъматнинг шукронасидир. Порталимиз динимизнинг ана шу улуғ неъмат – сиҳат-саломатлик борасидаги кўрсатмаларини етказишда ҳам баҳолиқудрат фаолият кўрсатиб келмоқда. Шу мақсадда ташкил қилинган тиб.ислом.уз сайтининг қисқа муддат ичида оммалашиб, миллий интернет фестивалида ғолиб бўлиши фикримизнинг далилидир. Халқимизнинг саломатлигини муҳофаза қилиш, унинг тиббий маданият савиясини ошириш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Айни пайтда, бу борада динимизнинг кўрсатмаларини халққа етказиш, бу борадаги билимларни оммалаштириш ҳам долзарб масалалардан биридир. Ана шу мақсадда бугун Ислом.уз порталида «Ислом ва бугунги кун тиббиёти» мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.


Суҳбатга бир гуруҳ шифокорлар, тиббиёт ходимлари таклиф қилиниб, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари раҳбарлигида портал ходимлари билан бирга жонли мулоқот тарзида мазмунли учрашув бўлиб ўтди.

Анжуман иштирокчилари саломатликни сақлаш, касалликнинг олдини олиш ва уни даволашда тиббиётнинг аҳамияти, бу борадаги долзарб муаммолар хақида сўзладилар, тиббиётнинг турли соҳасида ишлаётган шифокорлар ўз амалий тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда кўпчиликни қизиқтирган масалаларни ёритиб бердилар.

«Ислом ва бугунги кун тиббиёти» давра суҳбати интернет тармоғи орқали портал форумида онлайн узатиб турилди, мухлислардан тушган саволларга тиббиёт ходимлари ҳам, уламолар ҳам жавоб бердилар.

Ватанимиз илм-маърифатнинг барча соҳаларида дунёга мударрис бўлган буюк алломалар, забардаст олимлар юрти. Хусусан, тиббиёт соҳасида ҳам бу ўлкадан етук олимлар етишиб чиққани ҳеч кимга сир эмас. Тиббиёт илмига асос солган олимлардан биргинаси – Ибн Сино номининг тилга олиниши сўзимизнинг тасдиғидир. Олис тарихда тиббиёт сохасида илмий-амалий фаолият юритган олимларимизнинг қилган ишлари бугунги кун тиббиётининг баъзи соҳаларига асос бўлган ва бўлиб келмоқда. Хўш, бугунги кунда тиббиётнинг тараққиёт даражаси қандай, одамларимизнинг тиббий савияси қай даражада? Тиббиётнинг бугунги кунда эришаётган ютуқлари, дуч келаётган муаммолари нималардан иборат?

Инсонга дард етса, шифо истаб шифохоналарга, шифокорларга мурожаат қилади. Аммо афсуски, халқимиз орасида шифо истаб ҳар хил фолбину бахшиларга, сохта табибларга мурожаат қиладиганлар ҳам бор. Ислом ниқоби остида фаолият юритаётган баъзи “табиблар”, фолбину бахшилар аслида ким? Фолбинлик ҳақида муқаддас динимиз нима дейди?

Ислом динимиз инсонга икки дунё саодатига эришиш йўлини кўрсатиб берган илоҳий дастурдир. Бинобарин, у инсон ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олади. Бу дунёда бахтли ҳаёт кечиришнинг асосий омилларидан бири эса узоқ умр, сиҳат-саломатликдир. Шундай экан, Исломда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш масаласи қандай йўлга қўйилган? Исломнинг бу борадаги кўрсатмаларига риоя қиляпмизми? Ислом Фиқҳ академияларининг фатволарида тиббий масалалар қандай ёритилмоқда?  Давра суҳбатида ана шундай масалалар ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, суҳбат давомида Муслимаат.Уз сайти томонидан олиб борилган хайрли ишлар, хусусан, сайтда очилган “Саломатлик” бўлими, ундаги шифокор ва психолог онлайн маслаҳат хизматлари  ҳам алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Савол-жавоблардан сўнг, суҳбат якунида сўнгида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари анжуманда илгари сурилган фикрларни умумлаштириб, тиббиёт борасида, саломатликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзи борасида ҳар бир мусулмон билиши ва амал қилиши керак бўлган масалалар ҳақида маъруза қилдилар.

Қуръони карим тиловатидан сўнг шайх ҳазратлари анжуман иштирокчилари ва ташкилотчиларига миннатдорчилик билдириб, Аллоҳ таолодан бу борада олиб борилаётган хайрли ишларни бардавом қилишини, самарасининг кутилганидан зиёда бўлишини, охиратда эса ажру мукофоти мўл-кўл бўлишини тилаб дуолар қилдилар.

Шу билан «Ислом ва бугунги кун тиббиёти» давра суҳбати якунланди. Анжуман ҳақидаги батафсил маълумотлар ҳамда фото-видеолавҳалар билан тез кунда инфо.ислом.уз сайтида танишишингиз мумкин.

Муаллиф
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз