1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
21:41 / 06.08.2022 5233 Кўриш режими

Ашуро куни рўзасининг фазилатидан баҳраманд бўлайлик

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Қурайш жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам жоҳилият даврида унинг рўзасини тутар эдилар. Мадинага келганларида ҳам унинг рўзасини тутдилар ва тутишга амр қилдилар. Рамазон фарз қилингач, Ашуро куни (рўзаси)ни тарк қилдилар. Бас, ким хоҳласа, тутар, ким хоҳласа, тарк қилар эди». 

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Ашуро куни рўзасининг тарихига оид маълумотларни келтирмоқдалар. 

Қурайш мушриклари ҳам Исломдан олдинги жоҳилият даврида Ашуро куни рўзасини тутган эканлар. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўзларига ваҳий келиб, Пайғамбар бўлгунларича Ашуро куни рўзасини тутар эканлар. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан кейин ҳам бир йил Ашуро рўзасини тутганлар. 

Кейин эса ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси фарз бўлганда Ашуро рўзасини тарк қилиб, Рамазон рўзасини тутганлар. Одамлардан хоҳлаганлари Ашуро рўзасини тутганлар, хоҳламаганлари тутмайдиган бўлганлар.

Шу ерга келиб, Оиша онамизнинг ривоятлари тамом бўлади. Аммо биз аввал ўрганган ҳадисларимиздан кўринадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан бир йил олдин Ашуро рўзасини тутганлар ва тутишга амр қилганлар. Шундай қилиб, бу куннинг рўзаси суннати муаккада бўлиб қолган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келиб, яҳудийларнинг Ашуро куни рўзасини тутаётганларини кўрдилар ва:

«Бу нима?» дедилар.

«Бу солиҳ кундир. Бу кун Аллоҳ Бани Исроилни душманидан қутқарган кун. Ўшанда Мусо унинг рўзасини тутган», дейишди. 

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мен сизлардан кўра Мусога ҳақлироқман», дедилар ва унинг рўзасини тутдилар, тутишга амр қилдилар». 

Учовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ривоятдан мусулмонлар Аллоҳ юборган олдинги пайғамбарларга уларга эргашишни даъво қилаётганлардан кўра ҳақлироқ эканликларини кўрамиз. 

Шу билан бирга, Ашуро куни улуғ кун эканлиги, у кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом бошлиқ Бани Исроилга ўз душманидан нажот берганлигини билиб оламиз. 

Шунинг учун ҳам Мусо алайҳиссаломга эргашиб, у куннинг рўзасини тутиш шариатимизга киритилган. Қолаверса, бу иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қилган ҳамда сиз билан бизларга амр қилинган ишдир. 

Шунинг учун ҳар йили Муҳаррам ойининг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари рўзасини тутишимиз лозим.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Хайбар аҳли Ашуро кунининг рўзасини тутар, уни ийд қилиб, аёлларига ўша кунда тақинчоқларини тақтирар, ясантирар эдилар. 

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизлар унинг рўзасини тутинглар», дедилар». 

Икки Шайх ривоят қилганлар.

«Хайбар» Мадинаи мунавварага яқин жой бўлиб, у ерда яҳудийлар истиқомат қилар эдилар. 

Хайбар яҳудийларининг Ашуро куни рўза тутиб, байрам қилишлари у куннинг улуғ кун эканлигидандир. Улар Пайғамбар Мусо алайҳиссаломни улуғлаб рўза тутганликлари аввалги ҳадисда зикр этилган эди. 

Бу ҳадисдан эса уларнинг бу куни рўза тутибгина қолмай, ҳайит ҳам қилишларини, аёлларининг ясаниб, тақинчоқларини тақиб юришларини кўряпмиз. 

Мусулмонлар Мусо алайҳиссаломга яҳудийлардан кўра ҳақлироқ бўлганларидан у зот қилган ишга, Ашуро рўзасини тутишга амр қилиндилар. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўрсатмаларига амал қилган ҳолда ҳар биримиз у куннинг рўзасини тутишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Эслатма:

9 Муҳаррам — 7 август якшанба

10 Муҳаррам — 8 август душанба

11 Муҳаррам — 9 август сешанба

Ашуро рўзаси нияти: Холис Аллоҳ учун нафл рўза тутишни ният қилдим.

                                                                                                                                     «Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Калит сўзлар: Иймон Намоз