1441 йил 22 муҳаррам | 2019 йил 21 сентябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

«Hilol-Nashr» нашриётида «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» ва «Жавомеъул калим» китоблари тақдимоти бўлиб ўтди

10:14 / 27.09.2018 1310 Ўқиш режими + -

Жорий йилнинг 27 сентябрида «Hilol-Nashr» нашриётида чоп этилган иккита янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди.

Тақдимотда республикамизнинг таниқли уламолари, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакиллари, китобсевар ўқувчилар, толиби илмлар, энг асосийси, шу кунларда юртимизда меҳмон бўлиб турган мазкур асарлар муаллифлари иштирок этишди.

Тадбир аввалида шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳнинг Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ таржималаридаги «Фақиҳ имомлар ихтилофида ҳадиси шарифнинг ўрни» номли китоби тақдим этилди. Мазкур асар ҳадис илмига доир бўлиб, унда асосан, ҳадиси шариф қачон амал учун яроқли бўлади, ҳадиси шарифни тушунишдаги ихтилофлар, имомларнинг зоҳири бир-бирига қарама-қарши бўлган суннатга нисбатан тутган йўлларининг турли-туманлиги, суннатни билишда даражаларининг турлилигидан келиб чиқадиган ихтилоф каби масалалар ҳақида сўз юритилган.

Китобхонларнинг эътиборига ҳавола қилинган иккинчи китоб доктор Муҳйиддин Муҳаммад Аввома қаламига мансуб «Жавомеъул калим» китоби бўлиб, у ўзбек тилига Исмоил Муҳаммад Юсуф томонидан таржима қилинган. Муаллиф рисолада саҳиҳ ва ҳасан ҳадисларни тўплаган бўлиб, уларнинг ҳажми кичик, иборалари енгил, ёдлаш учун осондир. Ибодат, муомалот, ахлоқ-одоб, тарбия ва бошқа мавзуларга оид ушбу ҳадислар Исломнинг мадори бўлган ҳадислар жумласидандир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал фазилатларидан, ижобий сифатларидан бири «жавомеъул калим» бўлиб, қисқа, лўнда сўзлар билан олам-олам маъноларни ифодалаш қобилияти эди. Ушбу тўплам ҳам ана шундай мўъжаз, аммо шомил маъноларни ўзида мужассам қилган ҳадислардан иборат бўлгани боис китоб шундай номланган.

Рисолада жамланган ҳадисларни тўғри ўқиш ва ёд олиш қулай бўлиши учун калималар эъроби (ҳаракатлари) билан берилган. Китобнинг мухтасар бўлиши учун эса, ҳадисларнинг барча ровийлари келтирилмай, бир ёки икки машҳур ҳадис тўпламига нисбат бериш билан кифояланилган. Китобнинг охирида эса ҳадисларни ривоят қилган саҳобаларнинг асосан «Тақрибут-таҳзиб» китобидан олинган қисқача таржимаи ҳоллари берилган. Шунингдек, китобхонларимиз учун нотаниш эҳтимоли бўлган сўз ва ибораларга қисқа изоҳлар ҳам берилган.

Тақдимотдан сўнг, шайх Муҳаммад Аввома ҳафизаҳуллоҳ ва улар ҳамроҳлигидаги меҳмонлар «Hilol-Nashr» нашриётининг китоб дўконига ташриф буюрдилар. Шайх ҳазрат у ерда савдога қўйилган турли диний-маърифий, адабий-бадиий ва публицистик адабиётлар билан танишдилар.

Тақдимот ўзига хос кўтаринки руҳда ўтди ва унутилмас таассуротларга бой бўлди.

 

Islom.uz портали таҳририяти

Манба
islom.uz
Топ рейтинг www.uz Openstat