1440 йил 19 шаъбон | 2019 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

Шайх Муҳаммад Аввома Бухорони зиёрат қилдилар

07:26 / 22.09.2018 1731 Ўқиш режими + -

Аввал хабар берганимиздек, Ислом дунёсининг машҳур олими шайх Муҳаммад Аввома ҳазратларининг юртимизга ташрифи давом этмоқда. Самарқанддаги сафардан сўнг, шайх бошчилигидаги зиёратчилар гуруҳи Бухорои шарифга қараб йўл олди. Маълумки, Бухорони мовий гумбазли Калон масжиди ва унинг минорасисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Даставвал шайх ҳазрат дунёга машҳур Ислом оламининг улуғ муҳаддисларидан Имом ал-Бухорийнинг устозлари, буюк аллома  Абул Фазл Бакр ибн Муҳаммад Зарангари қабрини зиёрат қилдилар.

Чор Бакр жоме масжидида жума намозини адо этганларидан кейин меҳмонлар ва маҳаллий қатнашчиларга суҳбат ўтказдилар.

 Сўнг кўҳна Бухоро шаҳрида қад ростлаб турган, дунёга донғи кетган Минораи Калонга ташриф буюрдилар. Шу аснода меҳмонлар ушбу миноранинг шундоққина биқинида жойлашган Масжиди Калонга ҳам кирдилар. Бир пайтлар айнан мана шу жойда, ҳали Масжиди Калон барпо бўлмасидан аввал, Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ҳадис илмидан маърузалар қилган эканлар.

Зиёратчилар томонидан Қуръони карим тиловат қилинганидан сўнг, шайх Муҳаммад Аввамо Ўзбекистон, хусусан унинг муқаддас қадамжоларини зиёрат қилиш бахтига мушарраф бўлганини, айниқса, Имом Бухорийдек зотнинг қадами теккан, ҳадис илмидан сабоқ берган жойда турганидан беҳад миннатдор эканлигини мамнуният билан гапирдилар.


Шундан сўнг, шайх ҳазратлари «Имом Бухорий ва ҳадис илми» мавзусида сўз юритдилар. Унда ҳадис илми, унинг Ислом динида тутган ўрни, уни ўрганиш, тадқиқ қилиш ва инсониятга тарғиб этиш масалаларига  алоҳида тўхталиб ўтдилар.

– Имом Бухорий Ислом олами ва муҳаддислар орасида “Имом ул-Муҳаддисийн” (Барча муҳаддисларнинг пешвоси) номи билан машҳур, – дея эътироф этдилар Муҳаммад Аввома. – Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” (Ишонарли тўплам) асари ҳақида сўз кетганда шуни айтиш мумкинки, мазкур манба Ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланилади. Имом Бухорий яшаган даврдан олдин таълиф этилган ҳадис китобларида саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги  бирор ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканлигини, ҳадис ривоят қилувчининг аҳволини текширмай ва аниқламай туриб, билолмасди. Бунинг учун ўқувчи ўша ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида уламолардан сўрашга мажбур бўларди. Мана шундай оғир даврда Имом Бухорий “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобини 16 йилда ёзиб тугатиб, унга 7563 та саҳиҳ ҳадисларни бобларга ажратиб тартибли равишда жамлади. Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади.

Суҳбат давомида шайх Муҳаммад Аввома Имом Бухорийнинг “Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” китобидан бир қанча ҳадисларни ўқиб, уларни тингловчиларга шарҳлаб бердилар.

«Ҳадислар мазмунан ҳар бир мўминнинг ишончини, эътиқодини мустаҳкамлайди ва шу билан бирга инсонни маънавий камолотга даъват этади. Шундай экан, ҳадислар комил инсонни шакллантиришда муҳим манба ҳисобланади ва ундан ёшлар тарбиясида фойдаланиш шу куннинг долзарб вазифаларидан бири саналади», дея суҳбатга якун ясадилар  шайх Муҳаммад Аввома.

Дарҳақиқат, юртимизда яшаб ижод этган буюк аллома ва мутафаккирларнинг  бебаҳо илмий-маънавий меросини тадқиқ қилиш, улар қолдирган асарларни илмий-изоҳли таржима қилиб, оммалаштириш, халқимизга етказиш муҳим аҳамиятга эгадир.

Ташрифга доир маълумотлар интернет ижтимоий тармоқларидаги расмий саҳифаларимизда ёритиб борилади. Бизни кузатиб боринг.


Islom.uz портали таҳририяти

Муаллиф
islom.uz
Топ рейтинг www.uz Openstat