1440 йил 12 ражаб | 2019 йил 19 март, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

Машҳур олим Муҳаммад Аввома ҳазратлари – юртимиз меҳмони

13:58 / 19.09.2018 1910 Ўқиш режими + -

Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинки, буюк алломалар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳр диёрида яна исломий таълимга, илм-маърифатга эътибор кучайиб, ўлкамиз дарвозалари зиёратчилар учун кенг очилгач, ватанимизга бутун дунёдан кўплаб азиз меҳмонлар ташриф буюра бошлашди.

Ана шундай муҳтарам меҳмонлардан бири, машҳур аллома, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг яқин дўсти, сафдоши, муҳаққиқ олим шайх Муҳаммад Аввома бугун тонг саҳарда Истамбулдан қадим ва навқирон Самарқанд шаҳрига учиб келдилар. Аэропортда азиз меҳмонларни «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти раиси Исмоилжон Муҳаммад Содиқ бошчилигидаги бир гуруҳ мезбонлар кутиб олишди.

Шайх Аввома ҳазратлари юртимизга оила аъзолари, жумладан, ўғиллари доктор Муҳиддин Аввома ҳамроҳлигида ташриф буюрган бўлиб, сафар режасида юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар мангу қўним топган манзилларни зиёрат қилиш, ҳар бир буюк алломанинг қабри тепасида у зотнинг қаламига мансуб бўлган ва бутун Ислом оламида эътироф қилинган асарларнинг доимий мутолаасини жорий қилиш, аҳли илмлар, дин пешволари, мударрис ва толиби илмлар билан учрашиш каби қатор хайрли ишлар кўзда тутилган.

Меҳмонлар дастлабки зиёратни ҳадис илмининг султони Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасидан бошладилар. Буюк ватандошимизнинг марқадларида Қуръон тиловат қилинди, хатми Қуръон якунланиб, савоби бу улуғ зотнинг пок руҳларига бағишланди. Шайх Аввома ҳазратлари қабр тепасида узоқ дуолар қилдилар, сўнг ушбу зиёратгоҳда имом Бухорий ҳазратларининг шоҳ асари – «Жомеъус-саҳиҳ» тўпламини ўқишни бошлаб, ўзларининг у зотгача бўлган узлуксиз санадларини зикр қилиб, дастлабки ҳадисни ўқиб бердилар.

Шундан кейин меҳмонлар шу ердаги Малака ошириш марказига ташриф буюрдилар. У ерда имом-хатиблар, марказда таълим олаётган  толиби илмлар, марказ раҳбарияти ҳамда мударрислар билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат асносида шайх Аввома Имом Бухорий номли халқаро илмий-тадқиқот маркази очилишининг аҳамияти ҳақида сўзлаб, юртимизда бу каби илм-маърифат марказларини очишга бош-қош бўлиб келаётган юртбошимизнинг ҳаққига кўп дуолар қилдилар, Аллоҳ таолодан бу хайрли ишларни яхшилик ила мукофотлашни тиладилар.

Шунингдек, шайх Аввома ҳазратлари Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг шонли ҳаёт йўли ҳамда ибратли илмий фаолияти ҳақида тўлқинланиб сўзладилар, бу улуғ муҳаддиснинг ёшлигидан то умрининг охирига қадар илм йўлида чеккан риёзатлари, барча толиби илмларга ўрнак бўладиган хислатлар ҳақида гапириб бердилар. Жумладан, у зотнинг падари бузрукворлари «Бор молу мулкимга бир дирҳам ҳам ҳаром ёки шубҳа аралашмаган», деганларини зикр қилиб, ана шундай буюк алломанинг етишиб чиқиши ҳалол луқманинг шарофати эканини таъкидлаб ўтдилар. Шунингдек, имом Бухорийнинг ёшлигида кўзи ожиз бўлиб қолгани ва онаизорнинг холис дуолари баракоти билан яна шифо топиб, кўзи очилганини эслаб ўтдилар. Айниқса, имом Бухорийнинг ўн ёшида мактабда устозларининг баъзи хатоларини тўғрилаганлари, 16 ёшида Вакеъ ибн Жарроҳ ҳамда Абдуллоҳ ибн Муборакдек улуғ олимларнинг асарларини ўқиб чиққанлари, 18 ёшда эса «Қазоё саҳоба» китобини ёзганлари, Самарқанд, Басра ва Бағдодда у кишининг мислсиз ҳифзини синаш учун уюштирилган имтиҳонлардан муваффақиятли ўтганлари ҳақидаги ҳикоялар барчанинг қалбидан чуқур жой олди.

Суҳбат якунида шайх Аввома «Саҳиҳи Бухорий» асарининг дастлабки ва охирги ҳадисларини ўқиб, улумул ҳадис илми нуқтаи назаридан уларнинг санадига оид бўлган нозик ва гўзал нукталарни кўрсатиб ўтдилар.

Учрашув сўнггида шайх Аввома марказга ўзлари ҳамда ўғиллари доктор Муҳиддин Аввома таълиф этган китоблардан совға қилдилар. Марказ раиси ҳам меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдириб, барча мезбонлар номидан, ўзбек халқи номидан бу улуғ муҳаддисга кўрсатилган эҳтиром учун ташаккур изҳор қилдилар ҳамда марказ томонидан чоп этилган, имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига оид китоблар ҳадя қилдилар.

Шайх Муҳаммад Аввома раҳбарлигидаги меҳмонларимизнинг юртимиз бўйлаб сафари ҳақидаги тафсилотларни ислом.уз сайти орқали кузатиб боринг.



Муаллиф
islom.uz
Топ рейтинг www.uz Openstat