1441 йил 16 рабиъус сони | 2019 йил 13 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN AR

Юсуфхонтўра Шокиров

21:00 / 28.03.2018 2608 Ўқиш режими + -

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Ўзбекистоннинг таниқли дин арбоби ва олимларидан бири Шайх Юсуфхонтўра Олимхонтўра ўғли Шокировнинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.

Юсуфхонтўра Шокиров

ТАҚДИМ

Шайх Юсуфхонтўра Олимхонтўра ўғли Шокиров Ўзбекистоннинг таниқли дин арбоби ва олимларидан эди. У 1926 йили Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Илк таълимни отаси Олимхонтўрадан  олган, 1948-1955 йилларда Бухородаги Мир Араб мадрасасида, 1955-1961 йилларда Мисрдаги «Ал-Азҳар» дорилфунунининг араб тили куллиётида таҳсил олган. 1961 йилдан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси халқаро бўлими мудири, 1975-1997 йиллари танаффуси билан диний идора раисининг ноиби, 1997 йили Ўзбекистон мусулмонлари идорасида бош маслаҳатчи вазифаларида ишлади. 1975 йили Москвада номзодлик ишини ҳимоя қилган. Бухородаги Мир Араб мадрасасида, Тошкент Ислом маъҳади (институти)да тафсир ва ҳадис, араб адабиёти, балоғат фанларидан талабаларга билим берган. Араб, инглиз, рус, турк, форс тилларини мукаммал билган. Унинг «Исломий эътиқод», «Ислом шариати асослари» ва бошқа асарлари бор. 2000 йили Тошкентда вафот этган. 

 


Шайх Юсуфхонтўра Олимхонтўра ўғли Шокиров 1926 йили қўшни Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида, замонасининг таниқли уламоларидан Олимхонтўра хонадонида таваллуд топди. Илмли, зиёли хонадонда ўсиб-улғайган Юсуфхонда болаликдан диний илмларни ўрганишга иштиёқ пайдо бўлди. Дастлабки диний сабоқларни отаси Олимхонтўрадан олди. Шундан сўнг билимларини чуқурлаштириш мақсадида Бухородаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирди. У мадрасанинг учинчи босқичида ўқиб турган пайтда отаси муборак ҳаж сафарига боради. Ҳаждан қайтиб, яқинларига ибодат сафари таассуротларини сўзлаётганида Мисрдаги дунёга машҳур “Ал-Азҳар” дорилфунуни ҳақида ҳам ҳикоя қилиб беради. Ўша кундан бошлаб ёш Юсуфхонда ана шу машҳур илм даргоҳида ўқиш истаги жўш ура бошлайди. Бу борадаги орзусининг ушалиши йўлида кўп ҳаракатлар натижасида ниҳоят 1955 йили Москвадан уни Қоҳирага, “ал-Азҳар”га ўқишга юбориш ҳақида рухсатнома келади. Шу тариқа мадрасани эндигина тамомлаган илм толиби Мисрга жўнаб кетади. У 1961 йили “ал-Азҳар”нинг араб тили ва адабиёти куллиясини муваффақиятли тамомлаб, юртига қайтади. Ёш олимни Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси халқаро алоқалар бўлимига мудирликка тайинлашади.

Юсуфхон Шокиров ҳамиша билимини чуқурлаштириш, илм бобида янги чўққиларни забт этишга интилди. Ана шу ният уни Тошкент Давлат университитети (ҳозирги Миллий университет)га етаклаб келди. У 1962-1967 йилларда ана шу илм марказининг шарқ филологияси факультетининг кечки бўлимида таҳсил олади. Сўнгра Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида “Ал-Азҳар университети – минг йиллик тарихга эга араб филологияси маркази” мавзуида номзодлик илмий иши устида изланишлар олиб боради. 1975 йили Москвада номзодлик илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилиб, фан номзоди бўлади.

Устоз Юсуфхон Шокиров ўртада танаффус билан 1975 йилдан 1997 йилгача, қарийб чорак аср мобайнида Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси ноиби вазифасида самарали ишлаб келди. 1997 йилдан то умрининг охиригача диний бошқармада Бош маслаҳатчи лавозимида меҳнат қилди. У араб, инглиз, турк, форс, рус тилларини мукаммал билгани учун диний идоранинг жаҳондаги мусулмон мамлакатлари билан алоқаларини мустаҳкамлаш, улар билан дўстона муносабатлар ўрнатиш, дунёда тинчлик ва ҳамдўстликни мустаҳкамлаш соҳасида катта фаолият олиб борди. Хорижий юртларда бўлган турли илмий анжуман, халқаро конференцияларда қатнашиб, мусулмон уммати олдида турган долзарб вазифалар ҳақида мазмунли маърузалар қилди. Бир неча марта муборак ҳаж ибодатини адо этиш шарафига ҳам эришди.

Диний идорадаги масъул вазифасини ихлос билан адо этиш баробарида у Бухородаги Мир Араб мадрасасида ва Тошкент Ислом институтида талабаларга тафсир, араб адабиёти, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берди. Айни пайтда чуқур илмий изланишлар олиб бориб, Ислом дини асослари, дин тарихи мавзуида бир неча рисола ва китобларни таълиф қилди. Унинг “Ислом – иймон, эътиқод ва ҳаёт тарзи”, “Ал-Азҳар университети – минг йиллик тарихга эга араб филологияси маркази” (рус тилида), “Мусулмончиликдан илк сабоқлар” ва бошқа китоблари нашр қилинган. Бундан ташқари, у ҳозирги ўзбек тилига табдил қилинган “Қиссаи Рабғузий” китобидаги оят ва ҳадисларни таржима қилган, тўрт жилдли Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати”ни тузиш ишида қатнашган. Юсуфхонтўра Шокиров икки юздан ортиқ турли мақола ва маърузаларнинг муаллифидир.

Диний ва дунёвий илмларнинг билимдони, атоқли дин арбоби Юсуфхонтўра Шокиров мамлакатимизда дин равнақи ва диний илмларни тарқатиш соҳасида ҳалол ва фидойилик билан хизмат қилган инсон эди. Унинг таълимини олган фарзандлари ва кўплаб шогирддари мамлакатимиз ҳамда қўшни республикаларда турли масъул вазифаларда ихлос билан меҳнат қилишяпти.

Атоқли олим Юсуфхонтўра Шокиров 2000 йилнинг 28 сентябрида Тошкент шаҳрида вафот этди. Унинг жанозасини ўша пайтдаги муфтий Абдурашид қори Баҳромов ўқиган. Марҳум олим Тошкентдаги Минор қабристонига дафн этилган.

Аҳмад МУҲАММАД



Муаллиф
islom.uz
Топ рейтинг www.uz Openstat