Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 9 зулқаъда | 2024 йил 17 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Фитна | Ҳадис дарслари (270-дарс)

19:00 / 22 февраль 893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ حُذَيْفَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: فِتْنَةُ الرَّجُلِ فِي أَهْلِهِ وَمَالِهِ وَوَلَدِهِ وَجَارِهِ تُكَفِّرُهَا الصَّلَاةُ وَالصَّوْمُ وَالصَّدَقَةُ وَالْأَمْرُ وَالنَّهْيُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг аҳлидаги, молидаги, боласидаги ва қўшнисидаги фитнасини намоз, рўза, садақа, амр ва наҳий ўчиради», дедилар».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: «Фитна» сўзи «синов» маъносини англатади. Арабларда маъданни ўтга солиб, синаб кўриш ҳам «фитна» дейилади.

Маънавий соҳада эса инсоннинг иймон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари учун синов бўладиган нарсалар фитна дейилади. Шу маънода инсон учун унинг аҳли аёли ҳам фитна бўлиши мумкин. Баъзи кишиларнинг аҳли аёлига қизиқиб, уларни рози қиламан, деб, турли хатоларга йўл қўйишлари сир эмас.

Шу билан бирга, молу дунё тўплаш, уни сақлаш, жой-жойига сарфлаш ҳам маълум маънода фитнадир. Инсон мол-дунё ва унга тааллуқли ишлар билан машғул бўлиб кетиб, баъзи камчиликларга йўл қўйиши мумкин.

Бола-чақа ҳам инсон учун фитнадир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда:

«...Молларингиз ва фарзандларингиз фитнадан ўзга нарса эмас», деган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб турганларида масжидга кириб келган жажжи набиралари йиқилиб тушганини кўриб, югуриб бориб уни кўтариб олганлар ва юқоридаги оятни ўқиганлар. Демак, бола-чақа деб ҳам баъзи камчиликлар содир бўлиши мумкин. Бу болаларнинг фитнасидир.

Қўшнилар билан бўладиган муносабатларда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар содир бўлса, буни қўшнининг фитнаси дейилади.

 Мазкур хатоларга йўл қўйганда уларни ювиш учун Аллоҳ таоло мусулмонларга тўрт нарсани: намозни, рўзани, садақани ҳамда амри маъруф ва наҳйи мункарни бергандир.

Мусулмон бу тўрт ибодатни ўз вақтида адо этиб турса, аҳли аёли, моли, боласи ва қўшнисидан иборат тўрт нарсанинг фитнаси туфайли содир бўлган хатолари ювилиб турар экан. Ана шу фитналар туфайли содир этиладиган хатоларнинг каффороти учун бажариладиган амалларнинг бошида намознинг туриши бу ибодатнинг нақадар зарур ибодат эканлигини кўрсатмоқда.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, сийратлари ва ҳадисларида ҳам ҳаё ҳақида маълумотлар кўп.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

6324 20:58 / 09.05.2017
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .У киши .Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни сизнинг шафоатингиздан энг саодатманд давоми...

2804 17:30 / 07.07.2021
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

3324 13:30 / 27.01.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз, давоми...

3001 21:30 / 12.05.2021