Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 10 зулқаъда | 2024 йил 18 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Ҳадис дарси (77-дарс). Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат

13:35 / 18.03.2020 4576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: إِنَّ اللهَ وَضَعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأَ وَالنِّسْيَانَ وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бу ҳадиси шариф Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Аллоҳ таоло томонидан бўлган улкан марҳамат ҳақида сўз кетмоқда. Яъни, мусулмон киши беихтиёр содир этган гуноҳлари учун жавобгар бўлмаслиги баён этилмоқда. Бу ҳадис ўзида улкан маънони мужассам қилгандир. Инсоннинг ҳақиқий айбдор ёки айбдор эмаслигини аниқлашдаги катта ва асл қоидани баён этмоқда. Фуқаҳоларимиз ушбу ҳадиси шарифдан фиқҳий ҳукмларни ишлаб чиқишда кенг фойдаланганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисларида Аллоҳ таоло у зотнинг умматларидан уч нарсани кечиб юборганлиги ҳақида баён бермоқдалар.

1. Хато, яъни бир нарсани билмасдан қилиб қўйиш. Мисол учун, бир ишни қилса бўлади, деб тушунган ҳолда қилади, кейин шариатда ман қилинганлиги аён бўлади. Шунингдек, бир ният билан қилса, натижа аксинча чиқади. Мисол учун, овлаш мақсадида ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетиши мумкин. Бунга ўхшаш ҳолатларда инсон хато қилган бўлади. Унинг хатоси кечирилади. Чунки бу нарса унинг ихтиёридан ташқари содир бўлди. Содир этилган хато Аллоҳнинг ҳаққи бўлса, бутунлай кечиб юборилади. Банданинг ҳаққи бўлса, енгиллашади. Масалан, инсон бир кишини хато туфайли ўлдирган бўлса, олдинги мисолда айтилганидек, ҳайвонга отган ўқи одамга тегиб кетса, қасос учун ўқни отган киши ўлдирилмайди, балки у киши учун хун тўлайди.

2. Унутиш, яъни ёдидан кўтарилиб, тақиқланган ишни қилиб қўйиш. Мисол учун, фалон ишни қилмайман, деб қасам ичсаю, қасамини унутиб, ўша ишни қилиб қўйса, гуноҳ бўлмайди. Хато ва унутиш туфайли моддий зарар етказилса, тўланади. Бир амал унутиш туфайли бажарилмаган бўлса, эслаган заҳоти дарҳол уни бажариш лозим бўлади. Мисол учун, биров намозни унутиб қўйган бўлса, эслаши билан дарҳол ўқиб олади.

3. «Мажбур қилинган нарса», яъни бир одамни бошқалар куч билан мажбуран гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкор бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очдириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айтдириш ва бошқалар бунга мисол бўлади.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Бундан паст даражадаги мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Ойлик маошининг камайиши ёки ишдан бўшатилиши ва шунга ўхшаш нарсалар узр ҳисобланмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши каби хавфларгина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

Буларга қўшимча равишда, баъзи ҳадисларда ухлаб қолиш ҳам узр ҳисобланган. Яъни бир киши ухлаб қолиб, намоз вақтини ўтказиб юборса, уйғонган заҳоти ўқиб олади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Исломнинг осонлик дини эканлиги.

2. Хато билан содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

3. Унутиш туфайли содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

4. Мажбурлаш ила содир этилган гуноҳнинг кечирилиши.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси Аллоҳ томонидан мусулмонлар учун улкан марҳаматдир. Агар Аллоҳ таоло мазкур ҳолатларда ҳам гуноҳни ҳисобга олишни хоҳласа, ҳаққи бор эди. Аммо бандаларига оғирликни хоҳламаганидан кечиб юборди.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ибн Амр ибн алҲорис Абу Абдуллоҳ алАсбаҳий алМаданий ndash Дорулҳижратнинг имоми ва фақиҳи ҳисобланадилар. Молик ибн Анас 93 давоми...

3937 17:05 / 15.05.2019
иккинчи мақола Фарз икки қисмга бўлинади. Биринчиси ndash фарзи айн. Иккинчиси ndash фарзи кифоя. Фарзи айн ҳар бир мусулмон шахсан бажариши лозим бўлган ишдир. Уни давоми...

2048 19:00 / 15.06.2022
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . . .У киши розияллоҳу анҳу .Мен ўз халилим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Мўминнинг безаги давоми...

3540 19:00 / 06.07.2022
Абу Масъуд алБадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб, уловсиз қолганини айтиб, улов сўради. давоми...

3035 18:02 / 09.02.2022