1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

Кофирларнинг Пайғамбар алайҳиссаломга қарши ташвиқот ҳақида маслаҳатлари

18:01 / 21.12.2017 3206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу масалага мушриклар қандай қараганларини уларнинг Валид ибн Муғийра билан қилган маслаҳатларидан билиб олинади. 

У Қурайш қабиласининг бошлиқларидан ва бойлардан бўлиб, Пайғамбар алайҳиссаломга озор беришда, Қуръони Каримга қарши ҳужум уюштиришда етакчилардан бўлган. 

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом масжидда «Ҳаа мийм танзийлул китаби» оятини ўқиётганларида Валид ибн Муғийранинг кўнгли эриб, ўз қавми – Бану Махзум қабиласи олдига борди ва: 

«Аллоҳга қасамки, мен ҳозиргина Муҳаммаддан бир калом эшитдим, у башарнинг каломи эмас, у жиннинг каломи ҳам эмас, бу каломнинг ўзгача ҳаловати бор, бу каломнинг ўзгача таъсири бор. Албатта, унинг усти самарали, ости баракали, албатта, у устун келади ва ҳеч нарса ундан устун бўла олмайди», деди. Сўнгра уйига қараб кетди. 

Қурайш қабиласи аъзолари:

«Аллоҳга қасамки, Валид диндан чиқибди, энди Қурайшнинг барчаси ҳам диндан чиқади», дедилар. 

Шунда Абу Жаҳл ўрнидан турди ва:

«Уни менга қўйиб қўйинглар, ўзим эплайман», деди. У Валиднинг олдига бориб, хафа ҳолда ўтирди. Валид уни кўриб: 

«Нега хафа кўринасан?» деди. 

«Мен хафа бўлмай, ким хафа бўлсин, – деди Абу Жаҳл муғамбирлик билан. – Қурайш қабиласи сенга ёрдамга нафақа йиғяпти. Уларнинг айтишича, сен Муҳаммаднинг каломига тан берган эмишсан, Муҳаммад билан Абу Бакрдан қолган таомларини сўраб юрган эмишсан?». 

Валиднинг аччиғи чиқди ва:

«Менинг молим ва фарзандим ҳаммадан кўп эканлигини билмайсанми? Нима, Муҳаммад ва унинг шерикларининг қорни тўйиб қолибдимики, улардан овқат ортиб қолса?», деди. 

Сўнг ўрнидан туриб, Абу Жаҳл билан бирга қабиласининг аъзолари ўтирган жойга келди ва:

«Муҳаммадни жинни деяпсизлар, унинг жиннилик қилганини ҳеч кўрганмисизлар?» деди.

«Худо ҳаққи, кўрганимиз йўқ», деди қабила аъзолари.

«Уни шоир демоқчисизлар, бирор марта шеър айтганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.

«Уни ёлғончи демоқчисизлар, бирор марта ёлғон гапирганини биласизларми ўзи?» деди.

«Худо ҳаққи, билмаймиз», дедилар.

Муҳаммад алайҳиссалом ростгўйликлари учун Пайғамбар бўлишларидан аввал «амин» деган ном олган эдилар. Қурайш қабиласи аъзолари Валид ибн Муғийрага:

«Нима дейлик бўлмаса?» дедилар.

Валид ўйланиб қолди. Ўзича тўқиб-бичди-да:

«Қуръон таъсирчан сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас», деди.

Шундай қилиб, ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида одамларга бир хил гап – «У сеҳргардир», деб айтишга келишиб олдилар. 

Улар ҳаж мавсумида ҳожиларнинг йўлига одам қўйиб, шу маънода тескари ташвиқот олиб бориш режасини туздилар. 

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бир хурсандчилик ишнинг хабари келса ёки у ҳақда башорат берилса, Аллоҳга шукр давоми...

2235 12:30 / 07.03.2021
834. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарига ҳаё борасида танбеҳ бераётган ансорлардан бир давоми...

1827 19:00 / 27.01.2023
276. Абу Умома Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бири обид, бошқаси олим икки киши зикр қилинди. Шунда Расулуллоҳ давоми...

1066 19:00 / 15.09.2023
506. Ҳаким ибн Ҳизом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сотувчи ва олувчи ажралмагунларича ихтиёрлидир. Агар улар рост давоми...

2801 14:30 / 23.04.2021