1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

4-боб. Зулм қилсалар ҳам, ота-онага яхшилик қилиш

15:01 / 13.10.2018 3108 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7. Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Бир мўмин-мусулмон инсоннинг мусулмон ота-онаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар фақат бири бўлса, биттасини очади. Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».

«Ота-она унга зулм қилган бўлса ҳамми?» дейишди.

(Ибн Аббос) «Зулм қилган бўлсалар ҳам», деди».

Шарҳ: Бу ривоятда ҳам ота-онага яхшилик қилишнинг фазли ҳақида сўз бормоқда. Унда бу ишнинг охиратда берадиган самараси баён қилинмоқда.

Ота-онасига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирган мусулмонга Аллоҳ таоло жаннатнинг икки эшигини очиб қўйиши таъкидланмоқда. Онасига яхшилик қилгани учун бир эшикни ва отасига яхшилик қилгани учун яна бир эшикни очиши эслатилмоқда.

Ота-онанинг иккиси бўлмай, фақат биттаси қолган бўлса ва фарзанд ўша қолганига савоб умидида яхшилик қилиб тонг оттирса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир эшик очар экан.

Фарзанд зинҳор ота-онанинг ғазабини чиқармаслиги керак. Чунки

«Агар фарзанд ота-онадан бирининг ғазабини чиқарган бўлса, ўша шахс рози бўлмагунича, ундан Аллоҳ рози бўлмайди».

Демак, Аллоҳ таолонинг розилиги ота-онанинг розилигига боғлиқ. Бу ҳақиқатни ҳеч қачон унутмаслигимиз лозим.

Ҳаттоки ота-она фарзандга зулм қилиб турса ҳам, фарзанд уларнинг ғазабига сабаб бўладиган гап-сўз, ҳаракат ва ишларни қилмаслиги матлуб.

Ота-она зулм қилиб турибди, лекин агар фарзанд ўша зулм қилган ота-онанинг ғазабини чиқарган бўлса, Аллоҳ таоло ундан ғазабланар экан. Менга зулм қиляпти, деб ота-онасини норози қилса, бу бандадан Аллоҳ таоло ҳам норози бўлар экан.

Аммо ота-онанинг розилиги ва норозилиги Аллоҳ таолонинг ҳукмидан ташқарига чиқмаслиги шарт. Яъни Аллоҳнинг амрига мувофиқ ишлардагина ота-онага итоат қилинади. Аммо ота-онанинг гапи Аллоҳнинг амрига хилоф бўлса, уларга итоат қилиш вожиб бўлмайди.

Зулм қилсалар ҳам, ота-онага яхшилик қилиш ҳақидаги гап борасида машҳур ҳанафий олимлардан Мулло Али Қори: «Бу айни камолдир. Аммо жоизликнинг асли эътиборидан хотини билан ажрашиш ҳақида амр бўлса, уни талоқ қилиш лозим бўлмайди. Агар ота-она қаттиқ озор топсалар ҳам», деган.

Имом Тоҳавий:

«Фарзанд мубоҳ нарсаларда бўйсунади. Наҳий қилинган нарсаларда эмас», деган.

Тоҳир Фатаний:

«Агар икковлари дунёвий ишларда унга зулм қилишса, кўнади ва бўйсунади, охират ишларида эмас», деган.

Иззуддин Абдуссалом:

«Фарзандга иккисининг итоати ҳар бир амрда ва ҳар бир наҳийда вожиб бўлмаслигига уламолар иттифоқ қилганлар», деган.

Имом Ғаззолий:

«Кўпчилик уламолар ота-онанинг итоати шубҳали нарсаларда вожиблигини айтганлар. Тўлиқ ҳаромда вожиб бўлмайди, чунки шубҳани тарк қилиш вараъга киради. Ота-онанинг итоати эса мажбурийдир», деганлар.

Уламолар яна қуйидагиларни айтадилар:

«Агар ота-онанинг ҳаққига бараварига риоя қилиш мумкин бўлмай қолса, улуғлаш ва эҳтиром маъносида ота устун қўйилади, чунки насаб ундандир. Хизмат ва инъом юзасидан онанинг ҳаққи устун қўйилади. Мисол учун, ота-она ташқаридан кириб келганда ота учун ўриндан турилади. Фарзанд бирор нарса ҳадя қиладиган бўлса, онасидан бошлайди. Фарзанд ота-онадан фақат биттасига нафақа беришга қодир бўлса, онасига беради.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Ота-онага яхшилик қилиш зарур экани.

2. Ота-онага яхшилик қилган киши охиратда мукофот олиши.

3. Ота-онага яхшилик қилган кишига жаннат эшикларидан икки эшик очилиши.

4. Ота-онадан бирига яхшилик қилган кишига жаннатдан бир эшик очилиши.

5. Ота-онанинг ғазабини чиқарган одамдан Аллоҳ таолонинг ғазабланиши.

6. Ота-она розилигини топган одам Аллоҳ таолонинг розилигини топиши.

7. Ота-она зулм қилган бўлса ҳам, фарзанд уларга яхшилик қилишда бардавом бўлиши лозимлиги.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Мусовирдан ривоят қилинади.Ибн Аббоснинг Ибн Зубайрга шундай деяётганини эшитдим.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ўзи тўқ бўлиб, қўшниси оч давоми...

2560 17:05 / 27.09.2019
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан.Одамларнинг энг мукаррами ким, деб сўралди..Аллоҳ таолонинг ҳузурида уларнинг энг давоми...

1869 13:04 / 28.12.2019
Амр ибн Динордан ривоят қилинади .Ибн Аббос .Улар билан машварат қил,, .баъзи ишларда,, деб қироат қилди,. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

1485 09:00 / 17.03.2023
Бир бева аёлнинг ёлғизгина ўғли бор эди. Онаизор фарзандини вояга етказди, ўқитди ва уйлантирди. Кунларнинг бирида ўғил онани ташлаб, сафарга чиқишга қарор давоми...

3669 11:00 / 23.06.2022