1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Бахтиёр оила

Ишбошиларнинг бурчи

17:02 / 13.10.2018 2829 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда никоҳга бўлган аҳамият фақат унга тарғиб қилиш ва беникоҳликни қоралаш билангина чекланиб қолмаган, балки ишбошиларга – етакчи кучларга ўз жамиятларидаги эркак ва аёлларнинг никоҳда бўлишларини таъминлаш таъкидли равишда топширилган.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло «Нур» сурасида шундай деб марҳамат қилади: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир» (32-оят).

Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган бўлиб, уларга ўз қарамоғларидаги ўғил-қизлари, қулу чўрилари ва ёрдамга муҳтож ёру биродарларини никоҳлаб қўйишга бош-қош бўлишлари амр этилмоқда. Мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа мусулмон биродарларининг ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшиши лозимлиги шундан олинган.

Ана шу бурчларини, масъулиятларини чуқур ҳис қилган мусулмонлар оиласиз юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлиш лозимлигини тинмай тарғиб қиладилар.

Айнан шунинг учун ҳам улар ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар.

Ва ниҳоят, ўшандай мусулмонлар никоҳ ишида қийналиб қолган дин қардошларига ёрдамларини ҳеч қачон аямайдилар.

Ояти каримада қул ва чўриларни ҳам никоҳлаб қўйиш ҳақида сўз кетаётганлиги алоҳида эътиборга сазовордир. Қул ва чўрилар одам ўрнида кўрилмай турган бир даврларда Қуръони каримнинг уларни уйли-жойли қилиб қўйиш ҳақида мусулмонларга фармон бериши Ислом дини ҳар томонлама қул ва чўриларнинг ёнини олишга ҳаракат қилганини кўрсатади. Уларнинг эрки ўзида бўлмаса ҳам, бировнинг мулки ҳисоблансалар ҳам, хожалари уларни уйлаб-жойлаб қўйишлари керак бўлади. Чунки инсон ким бўлишидан қатъи назар, вояга етганидан кейин ҳалол-пок никоҳ орқали иффатини сақлаб юрмаса, оёғи тойилиши, зинога қўл уриши эҳтимоли кучаяди. Бу жиноят эса уни содир этган кимса учун ҳам, у яшаб турган жамият учун ҳам мислсиз бало-офатларга сабаб бўлади.

Никоҳ масаласи ўта нозик масала бўлиб, бу ояти каримада камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига ҳам алоҳида ишора келмоқда. Бинобарин, бундан баъзи кишиларнинг «қўли калталик»ни баҳона қилиб никоҳни ортга суришлари мусулмончилик одобларига тўғри келмаслиги тушунилади. Дарҳақиқат, ўйлаб кўрсак, кўпчилик инсонлар авваллари бепарво юрган бўлса ҳам, оила қургач, жиддий ҳаракатга тушиб, иқтисодий аҳволларини яхшилаб олганларини кўрамиз.

Балоғатга етган ўғил-қизларини уйлантириб, оилали қилиб қўйиш ота-онанинг бурчидир. Чунки эндигина вояга етган ёш йигит ва қизлар оила нималигини, уни қандай қуришни ҳам, бу ўта нозик ва муҳим ишни қандай қилиб амалга оширишни ҳам билмайдилар. Уларнинг бу борада билимлари, тажрибалари бўлмайди. Агар никоҳ ва оила қуриш ишлари уларнинг ўзларига ташлаб қўйилса, адашишлари, умр савдоси деб аталган ўта муҳим ва нозик масалада нуқсонга йўл қўйишлари мумкин. Ота-она эса ўзлари оила қурган, унинг нималигини яхши биладиган ва фарзандларига яхшиликни раво кўрадиган шахслар сифатида бу борада уларга бош-қош бўлишлари лозим. Агар ота-она бўлмаса, қариндошлардан уларнинг ўрнини босадиган кишилар ёшларга валий – ишбоши бўладилар. Мабодо, ҳеч кими йўқ бўлса, жамиятдаги етакчи кучлар уларнинг ўрнини босади. Шундай қилиб, мусулмонлар яшайдиган жамиятда узрсиз беникоҳ юрган одамлар қолмаслиги учун барча ҳаракатда бўлади.

Бу муҳим ишда илми бор кишилар никоҳ ҳақида тушунтириш ишлари олиб бориб, ваъз-насиҳат қилиб, мақола ёки китоб ёзиб, ўз ҳиссаларини қўшадилар. Ташкилотчилик қобилияти бор бўлганлар ўз қобилиятларини ишга солиб, топиштириш, совчилик қилиш ва шунга ўхшаш ишларда ёшларга ёрдам берадилар. Мол-мулкда кенгчилик насиб қилган одамлар эса маблағдан ёрдам берадилар. Никоҳли оилаларни кўпайтиришга, барча мусулмонларнинг оила оғушида, роҳат-фароғатда яшашларига шу тариқа ёрдам берилади. Зотан, иффатини сақлаш ниятида оила қурмоқчи бўлганларга ёрдам бериш, Аллоҳ таоло учун қилиниши лозим бўлган уч муҳим ишдан бири ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Уч кишига ёрдам бериш Аллоҳнинг зиммасида ҳақдир: адо этишни ирода қилган мукотабга, иффатни ирода қилган турмуш қурувчига ва Аллоҳнинг йўлида жидду жаҳд қилувчига».

Термизий, Насаий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Инсонлар ўз ҳаётлари давомида ҳамиша бир-бирларининг ёрдамларига эҳтиёж сезиб турадилар. Қолаверса, кўпчилик одамлар турли масалаларда бир-бирларидан ёрдам сўрайдилар ҳам. Лекин ёрдам берувчи кўпроқ қай ҳолларда ёрдам бериши матлуб ва қайси кишиларга ёрдам берса, кўпроқ савоб олади?

Ушбу ҳадисда ана шу саволга жавоб берилмоқда:

«Адо этишни ирода қилган мукотабга».

Мукотаб хожаси билан маълум бир вақтда маълум миқдор пулни бериб озод бўлишга аҳднома тузган қулдир. Бу иш қанчалар улуғ ва савобли эканини таъкидлаб ўтирмасак ҳам бўлади.

Бировга сидқидилдан ёрдам бермоқчи бўлган одам аввало ана шундай кишига – озод бўлишни чин қалбдан хоҳлаётган, бунинг учун жони-дили билан уринаётган қулга ёрдам қилиши лозим ва яхши эканини Набий алайҳисссалом ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида алоҳида таъкидламоқдалар.

«иффатни ирода қилган турмуш қурувчига».

Ўз иффатимни сақлайин, жинсий майлимни пок йўл – никоҳ йўли билан қондирайин, деб уринаётган кишига ёрдам бериш ҳам худди қулликдан озод бўлишга ҳаракат қилаётган одамга кўмаклашишдек керакли ва савобли ишдир.

Никоҳ орқали иффатини сақлашга ҳаракат қилаётган, аммо бунга эриша олмаётган кишига ёрдам қўлини чўзиш ҳар бир мўмин-мусмоннинг муқаддас бурчи бўлиб, кимдир сўзи билан, кимдир хизмати билан, кимдир молу дунёси билан унга ёрдам бермоғи керак. Бу иш жуда ҳам улуғ савобга молик бўлиб, мусулмонлар қадимдан бу борада бошқа халқлардан ажралиб турганлар. Улар оила қуришга уринмаганларни оила қуришга ундаганлар, оила қуриш ниятидагиларга қўлларидан келган ёрдамларини аямаганлар. Бу ишларни худди ушбу ҳадисга амал қилиб, адо этишган. Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу борада ўз ихлос ва ғайратларини кўрсатишлари лозим.

Баъзи юртларда бу иш мусулмонларнинг шахсий ҳаракати тарийқасида амалга оширилаётган бўлса, бошқаларида оила қурувчиларга ёрдам жамиятлари тузилган. Нима қилиб бўлса ҳам, бу ишни хайрли санаб, жонлантирган афзал. Ана ўшанда кўплаб ажру савобга эришилади, иншааллоҳ.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . .Абдулазиз ибн Умар ибн Абдулазиздан ривоят қилинади.Умар ибн Абдулазизнинг давоми...

1838 19:30 / 13.03.2020
Унинг вожиб қилувчиси ажралиб чиқаётганда шаҳват билан отилиб келадиган манийни тушириш. Закарнинг боши олд ёки орқа фарж ичига ғойиб бўлиши, қилувчига ҳам, давоми...

15506 21:00 / 02.04.2019
У қиз айтади Тўй бўлишига бир ҳафта қолганида бувим бетоб бўлиб қолдилар. У кишини шифохонага ётқизишди. Мен у кишини кўргани бордим. Борсам бувам жонлантириш давоми...

4507 08:55 / 24.07.2021
Эр зиммасидаги хотин учун вожиб нафақалар қуйидагиларТаом.Бунга озиқовқат, ичимлик ва таомга қўшиб ейиладиган сирка, ёғ ва шунга ўхшаш нарсалар ҳамда таом давоми...

7937 12:00 / 24.06.2019
Аудиолар

120116 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41782 14:35 / 11.08.2021