1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Муҳаммад Аллоҳнинг Расули

19:39 / 20.11.2017 3820 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир, у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар. Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан. Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар. Юзларидаги аломатлари сажда асаридир. Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир. Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар – улар билан кофирларни ғазаблантириш учун. Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди.

Бу ояти карима Муҳаммад алайҳиссаломнинг Расуллик сифатларини таъкидлаш билан бошланмоқда:

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир...»

Маълумки, мушрик ва кофирлар бу сифатларни инкор қилган эдилар. Уларнинг вакили Суҳайл ибн Амр, мазкур сура тафсирининг аввалида айтилганидек, Набий алайҳиссалом сулҳ матнини имло қилаётганларида, матндан «Аллоҳнинг Расули» деган иборани ўзгартиришларини қатъий талаб қилиб, туриб олган, «Биз сенинг Аллоҳнинг Расули эканингни тан олганимизда, бу ишларни қилмас эдик» деган маънода гап қилган эди. Ояти карима мушрикларнинг мана шу қайсарликларига қақшатқич зарба бермоқда. Мўмин-мусулмонларнинг яхши сифатлари кўп, аммо ушбу оятда уларнинг вакиллари бўлмиш саҳобаи киромларнинг баъзи сифатлари махсус васф қилинмоқда:

«...у билан бирга бўлганлар кофирларга шиддатли, ўзаро раҳмдилдирлар».

Саҳобаи киромларнинг фазлларини зоҳир этиш учун келтирилган ушбу сифат ҳар бир мўминнинг ҳам сифати бўлиши лозим. Саҳобалар ўзларининг оталари ёки болалари кофирлар сафида бўлса, уларга қарши ҳам қаттиққўл бўлганлар. Аммо, ким бўлишидан қатъи назар, мусулмонга нисбатан меҳрибон бўлишган.

«Уларни рукуъ ва сажда қилган ҳолларида кўрасан».

Улар доим рукуъ ва сажда ҳолатида, яъни ибодат ҳолатида бўладилар. Мўмин-мусулмон шахснинг, хоссатан, оятда мадҳлари келаётган саҳобаи киромларнинг барча ҳаётлари ибодатдан иборатдир. Лекин, шундай бўлса ҳам, оятда банданинг Аллоҳга энг яқин бўладиган пайти – рукуъ ва сажда пайтининг зикр қилиниши бежиз эмас. Ояти каримадаги тавсифдан улар худди доимо рукуъ ва саждада тургандек тасаввур пайдо бўлади.

«Аллоҳдан фазл ва розилик тиларлар».

Уларнинг асосий сифатларидан бири – ҳамма ишни Аллоҳнинг фазли ва розилиги учун қилишлари. Бошқа бирор тараф ёки шахснинг розилиги деб, Аллоҳнинг розилигини четга сурмайдилар. Шунинг учун фазлу марҳаматни ҳам фақат ягона Аллоҳнинг Ўзидан кутадилар.

Яна бир сифатлари:

«Юзларидаги аломатлари сажда асаридир».

Яъни ибодатнинг асари юзларидан билиниб туради. Бу оддий ҳақиқат бўлиб, ибодатли, пок, тақводор инсонларнинг юзларидан иймон нури ёғилиб туришини ҳар бир мулоҳазали, кўзи очиқ киши кўра олади.

Пайғамбаримиздан қилинган ривоятлардан бирида: «Кимнинг тунда намози кўпайса, кундузи юзи чиройли бўлади», – дейилган. Саҳобаи киромлар бу борада ҳаммага ўрнак бўлганлар.

«Уларнинг Тавротдаги ва Инжилдаги мисоллари ана шундайдир».

Ушбу ояти каримадан маълум бўладики, саҳобаи киромларнинг сифатлари аввалги илоҳий китоблар – Таврот ва Инжилда ҳам зикр қилинган. Маълумки, ҳозирда яҳудийларнинг қўлларидаги Таврот Мусо алайҳиссаломга Аллоҳ таолодан нозил қилиинган ҳақиқий Таврот эмас, балки бузилиб, ростидан ёлғони, тўғрисидан нотўғриси кўп ҳолатга келган бир китобдир. Инжил ҳақида ҳам худди шу нарсани айтиш мумкин. Шундай бўлса-да, уламоларимиз бу икки китобнинг ҳозирги нусхаларидан ҳам мазкур ояти каримани тасдиқловчи матнларни топишган. Биз ўрганаётган ояти каримада эса ҳақиқий, ҳеч бузилмаган илоҳий васф келган, у ҳам бўлса:

«Бу худди уруғини ёриб чиқиб, қувватланиб, йўғонлашиб, поясида тик туриб, деҳқонларни ажаблантирган бир экинга ўхшар…»

Ушбу зарбулмасал ила Аллоҳ таоло Ислом динининг бошланиши, ўсиши, улғайишини баён қилмоқда. Чунки Муҳаммад алай­ҳиссалом ёлғиз ўзлари бошлаган даъватни саҳобаи киромлар қўллаб-қувватладилар ва шу тарзда, худди қобиғини ёриб чиққан уруғ аста-секин ривожланиб, деҳқоннинг кўзини қувонтирадиган ўсимликка айлангани сингари, Ислом ҳам Пайғамбаримиз бошчиликларидаги саҳобалар жамиятида ўсиб, кўзни қувонтириб борди.

Лекин бу ҳолат кофирларнинг ғазабини қўзғатар эди. Шунинг учун ҳам ояти каримада

«…улар билан кофирларни ғазаблантириш учун» деган ибора келди. Ушбу маънодан келиб чиқадики, саҳобалардан ғазаби қўзиган, уларни беҳурмат қилганлар кофирлар қаторига қўшилар эканлар. Оятдаги шунчалик иззат-икром устига, Аллоҳ таоло саҳобаи киромларга яна мағфират ва улуғ ажрларни ҳам ваъда қилмоқда:

«Аллоҳ улардан иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганларига мағфират ва буюк ажрни ваъда қилди».

Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, У Зот Ўз ваъдасига асло хилоф қилмайди. Саҳобалар – улуғ инсонлар. Пайғамбаримизнинг суҳбатларини топишдан ҳам улуғроқ бахт борми дунёда?! Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон саҳобаи киромларнинг ҳурматларини ўрнига қўйиши лозим. Уларга нисбатан беодоблик қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадиси шарифларидан бирида: «Саҳобаларимни сўкманглар, менинг нафсим қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар бирортангиз Уҳуд тоғидек олтин нафақа қилсангиз ҳам, уларнинг биттасининг бир муддига (оғирлик ўлчови) тўғри келмайди», – деганлар.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчамизни саҳобаи киромлардан ўрнак олиб, уларни ҳурматлаб яшашга муяссар қилсин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниш учун.Аллоҳ таоло марҳамат қилади Эй имон келтирганлар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этингизrdquo Анфол сураси, 20оят. Бу давоми...

1944 17:05 / 05.11.2019
Набий алайҳиссаломга муҳаббат қўйишдан кўзланган энг катта фойда у зот кўрсатган йўлда ва даъват қилган динида собитқадам бўлиш, амрларига бўйсиниш ва саҳобалар давоми...

6160 09:50 / 13.12.2017
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга дил изҳоримМуҳаммад Мустафо ҲазратларигаУл буюк подшоҳким, жанобларига,Ҳамд бўлсин Коинот давоми...

2398 16:06 / 06.11.2019
097Туғилмасдан бўлди етим, зийнати бор,Акси бўлса душманларни миннати бор,Ғайб сиридан огоҳ, Эгам ҳикмати бор,Аста аста тарбияни, бошлар АЛЛОҲ.098Кунлар ўтар, ҳафта давоми...

3480 17:47 / 25.11.2017
Аудиолар

120671 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42248 14:35 / 11.08.2021