1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир

17:10 / 29.08.2019 2350 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Ул зот икки қабрнинг олдига келдилар. Уларнинг эгалари азобланаётган экан. Шунда у зот:

«Булар катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Ҳа. Бири одамларни ғийбат қилар эди. Иккинчиси пешобидан покланмас эди», дедилар.

Шунда дарахтнинг битта – ёки иккита – ҳўл шохини келтиришни буюрдилар. Сўнг уларни синдириб, қабрларга биттадан суқиб қўйишни буюрдилар. Сўнг у зот:

«Мана шу икки чўп ҳўл турса – ёки қуригунча – азоблари енгиллашади», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадисдан кўп хулосалар чиқариш мумкин. Аввало, ғийбатнинг улкан гуноҳлардан эканлиги. Одамлар наздида бу гуноҳ унчалик катта бўлиб кўринмайди. Гап орасида бемалол оғиздан чиқиб кетаверади, бунинг учун куч сарфлаш шарт эмас, бунинг учун катта ақл-заковат ҳам талаб қилинмайди.

Бироқ ғийбат қилган киши қабрдаёқ азоблана бошлар экан, охиратда ҳам ўзига яраша азоби бўлади. Шунинг учун ғийбатга мутлақо яқинлашмаслик лозим.

Иккинчиси, таҳорат ушатаётган пайтда покликка ниҳоятда катта эътибор бериш лозим. Кийимга ёки баданга сачраган нажас қабр азобига ва охират азобига сабаб бўлади.

Шунинг учун Ислом покликка жуда катта эътибор беради. Айниқса таҳорат ушатгандаги поклик қоидалари шариатимизда жуда аниқ белгилаб берилган.

Бу гуноҳларнинг қабрдаёқ азобга сабаб бўлишини саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида ушбу воқеа туфайли ўз кўзлари билан кўриб, гувоҳ бўлган эканлар.

Ҳозирги кунда соғлиқни сақлаш соҳасида катта эътибор қозонган кишилар ҳам «соғлиққа фойдаси бор» деб ўйлаб пешоб ичишар экан. Ҳатто «пешоб терапияси» деган тиббий услуб ҳам пайдо бўлган.

Бу ҳақда рус тилида кўпгина китоблар ёзилган, улар ўзбек тилига ҳам таржима қилинган. Юртдошларимиз ўқиб, бир-бирларидан ўрганиб, бу нарса кенг тарқалиб кетган.

Ҳатто соғлом одамлар орасида ҳам «соғлиқни мустаҳкамлар экан», деб пешоб ичиб юрганлар бор экан. Ҳолбуки, бу нажосатни касал бўлса ҳам ичиш мумкин эмас.

Пешоб – нажосати ғализа, яъни оғир нажосатдир. Ҳатто сачраганига қабрда азоб бериляпти. Энди худди доридек билиб, идишларга қуйиб, ҳар куни ичган кишига нима бўлади? Бу ниҳоятда оғир нарса.

Шунингдек, ушбу ҳадисдан қабр азобини тириклар ҳам бироз енгиллатиши мумкинлиги ҳақидаги муҳим хулоса чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита ҳўл новдани қабрга суқиб қўйиб, шулар қуригунча қабр азоби енгиллашишини билдирибдилар.

Аҳли сунна вал жамоа уламолари ушбу ҳадиси шарифни далил қилиб, модомики, қабр азоби синдирилган ҳўл новда сабабидан енгиллашса, Қуръони Карим тиловат қилиб, дуо қилинса ҳам, вафот этганларнинг ҳаққига хайр-эҳсон қилинса ҳам енгиллашади, деб ҳукм чиқаришган.

Фиқҳимизда ҳам қабр устидан ўзи ўсиб чиққан майсаларни қуриб қолмагунча олиб ташлаш ман қилинган. Қабр устидан кўкариб чиқиб, ўсиб турган ўсимликлар қуримагунча олиб ташланмайди, чунки улар нам бўлиб турса, қабрдаги маййитлар фойдаланиб туради.

Энди ушбу боб сарлавҳасида зикр қилинган ояти кариманинг тафсирини ўрганайлик.

Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар. Баъзиларингиз баъзиларингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирорталарингиз ўзининг ўлган биродари гўштини ейишни яхши кўрурми? Ҳа, ёмон кўрасизлар. Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта, Аллоҳ тавбани кўп қабул қилувчи ва раҳмлидир» (12-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатлардан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.

Улардан биринчиси:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».

Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам:

«Кўп гумонлардан четда бўлинглар…» дейиляпти.

Ўтган уламолардан Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган бўлса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар.

Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.

Бу ҳақда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар. Бошқа бир ҳадисда эса: «Агар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар.

Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Набий алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб излайверса, уларни бузади», деганлар.

Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини излашга тушади. Буни эса «жосуслик» дейдилар. Шунинг учун ҳам биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг:

«Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.

Одатда, бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай, яширинча излашга «жосуслик» дейилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг каромати, ҳурмати, иззати ва обрўсини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.

«Одоблар хазинаси» китоби асосида тайёрланди.

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳиндистон мусулмонларининг бош рамзи бўлган Тож Маҳал масаласи кун мавзусига айланиб бормоқда. Бу сафар Ҳиндистон Археология бошқармаси мақбарамасжид ҳудудида давоми...

3452 14:08 / 09.11.2018
...Олтин ва кумушни хазинага босадиган, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобни башоратини беравер.Бир куни ўша олтинкумуш ларни жаҳаннам ўтида давоми...

1996 18:10 / 09.05.2019
Савдогарларнинг алоҳида аҳамият беришлари лозим бўлган ишларидан бири қалбаки пулларни муомалага киритмасликдир. Гоҳида савдогарнинг қўлига қалбаки, давоми...

1608 14:05 / 13.10.2019
Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар нубувватнинг биринчи каломидан идрок қилган нарсалардан бири .Агар ҳаё давоми...

1614 14:00 / 15.08.2019