1445 йил 5 зулқаъда | 2024 йил 13 май, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Аллоҳни барча ҳолларда зикр қилиш керак

15:05 / 29.08.2019 2873 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шайх ҳазратлари, менга ушбу оят мазмунини қандай тушуниш кераклигини ўргатсангиз: «Аллоҳни тик турганингизда, ўтирганингизда, ётганингизда зикр қилинг». Каломда хатоликка йўл қўйган бўлсам, Аллоҳ таоло кечирсин. Ишларга шўнғиб кетиб ё бекорчи нарсаларга ўралашиб, зикрни умуман унутиб юборган инсонларни кўрсам, ҳаммасини айбдор санаяпман...

Сизнинг китобингизда зикрнинг тақсими ва вирдларга оид гапларни ўқидим. Унда волийнинг ҳолати баён қилиниб, «волий ўз иши орқали инсонларнинг ҳожатини чиқаради. Шунинг учун унинг бу иши зикрдан устун туради» деган гапингиз мени анча тўғри тушунчага, тўғри йўлга солган эди. Лекин юқоридаги оятга амал қилмайдиганларни кўрсам, уларнинг ҳаммасини айбдор ҳисоблайвераман. Уларга қандай қилиб яхши муносабатда бўлиш мумкин?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Аввало сиз оят деб келтирган жумла оят эмас. Қуръондан иқтибос келтираётганда эҳтиёт бўлиш керак. Сиз қилган иш Қуръони Каримга нисбатан ҳурматсизлик бўлади, бунинг устига, ушбу мактубингиздаги каби адашувга сабаб бўлади. Аслида эса сиз келтирган маъно Қуръони Каримнинг Оли Имрон сурасида қуйидагича баён этилган:

«Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин.

Роббимиз, албатта, Сен кимни дўзахга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ёрдам берувчилар йўқ.

Роббимиз, биз нидо қилувчининг «Роббингизга иймон келтиринг», деб нидо қилаётганини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин.

Роббимиз, бизга пайғамбарларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан», дерлар» (191–194-оятлар).

Бу оятларда Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиганлар мадҳ этилган.

Аллоҳни зикр қилиш ҳақидаги фармон эса бошқа оятларда келган. Жумладан, Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида айтади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда «У мени кузатиб турибди», деган доимий эътиборда туришдир.

Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.

Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.

«Зикр» сўзи луғатда бир неча хил маънони англатади:

1. Тилда жорий бўлган нарса. Яъни кишининг нутқ қилган нарсаси зикр дейилади. Фалончи пистон нарсани зикр қилди, дегани ўша нарсани тилга олиб, нутқ қилганини билдиради.

2. Бир нарсани дилга, эсга олиш. Бу маъно унутишнинг тескариси бўлади.

Демак, зикр икки хил бўлади: тил ва дил билан зикр қилиш.

Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам, ёдидаги нарсани ёдга олиш.

Уламолар истилоҳида зикр – банданинг тили ва дили билан Роббини эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш, ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир.

Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва жума хутбасини эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Демак, зикр ҳамма нарсани тарк қилиб, алоҳида ҳолатга кириб, махсус ибораларни тўхтовсиз такрорлашдан иборат эмас. Шунинг учун бошқалардан шубҳаланишингиз ёки уларни зикр қилмаяпти, дея ёмон кўришингиз ўринсиз. Эҳтимол, улар Аллоҳни ичларида зикр қилишаётгандир.

Бир оятнинг маъно таржимасини нотўғри ўқиб олиб, бошқаларни айблаш яхши эмас. Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жобир розияллоҳу анҳу айтдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хутба қилдилар ва айтдилар Эй инсонлар Вафот этмасингиздан аввал Аллоҳ таолога давоми...

5274 10:30 / 26.11.2018
Умар розияллоҳу анҳу ҳар доим .Эй Аллоҳ, менга Сенинг йўлингда шаҳодат топишимни насиб этгин ва ўлимимни Расулингнинг шаҳрида қилгин, деб дуо қилардилар.Қизлари давоми...

2637 11:50 / 30.03.2021
Мужоҳиддан ривоят қилинади .Умар ибн Абдулазизга суиқасд уюштирилди. Хизматкори унинг таомига заҳар солган эди. Умар ибн Абдулазиз мени чақириб, .Одамлар мен давоми...

1430 08:35 / 13.04.2020
Умрни оқар дарё деб бежизга айтмайдилар. Чунки умр бир зумда ўтиб кетганини инсон сезмай ҳам қолади, аслида. Бешик кирган хонадон борки, у ерга, албатта, куни келиб давоми...

2655 19:09 / 03.06.2020