1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зоҳид қалб ва роғиб қалб

00:49 / 13.11.2017 3381 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас.

Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у бузуқ бўлса, бошқа аъзолар ҳам бузилади. Қалб инсоннинг ақлий, руҳий-маънавий ҳаётида жон вазифасини ўтайди. Инсоний сифатлар айнан қалбда жойлашган бўлади. Ўша сифатлар инсондан содир бўладиган ҳатти-ҳаракатлар ва турли амалларнинг асосий манбаси бўлади. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ҳар бир инсондан содир бўладиган амалларнинг ўттиз фоизи ақлдан, етмиш фоизи қалбдан чиқади.

Инсоннинг қалби дунёга боғланиш масаласида зоҳид – юз ўгирувчи ёки роғиб – рағбат қилувчи бўлади. Банданинг бажарган амалига бериладиган савоб унинг қалби зоҳид ёки роғиб бўлишига қараб кўп ёки оз бўлади.

Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ зоҳид ва роғиб қалбларнинг банданинг амалининг савоби кўп ёки оз бўлишига алоқаси ҳақида сўз юритмоқда.

«Зуҳд» сўзи аслида «оз нарса» деган маънони билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади.

Уламолар истилоҳида «зуҳд» дунё, мол-мулк, обрў ва мансабдан юз ўгиришни англатади.

Зуҳднинг ҳақиқати ҳақида имом Ғаззолий қуйи­дагиларни ёзадилар:

«Зуҳд рағбатнинг бир нарсадан ундан кўра яхшироқ нарсага бурилишидан иборатдир.

Бир одам бир нарсадан юз ўгирса, унга рағбати йўқлигидан ўгиради. Ундан бошқасига юзланса, унга рағбати борлиги учун юзланади. Унинг юз ўгирган нарсага нисбатан ҳоли зуҳд ҳисобланади. Унинг ўзи юзланган нарсага нисбатан ҳоли эса рағбат ва муҳаббат ҳисобланади.

Бунда зуҳд ҳосил бўлиши учун юз ўгирилган нарса ва ундан кўра яхшироқ бўлган рағбат қилинган нарса мавжуд бўлиши тақозо қилинади.

«Юз ўгирилган нарса»нинг шарти шуки, унинг ўзи ҳам нимаси биландир рағбатни тортадиган бўлиши керак. Рағбат қилинмайдиган нарсадан юз ўгириш зуҳд ҳисобланмайди».

Зуҳднинг қисмлари ва ҳукмлари

1. Ҳаромдан зуҳд қилиш.

Бунинг ҳукми фарзи айндир.

2. Шубҳали нарсалардан зуҳд қилиш.

Бунинг ҳукми шубҳанинг даражасига қараб бўлади. Агар шубҳа кучли бўлса, зуҳд вожиб, кучсиз бўлса, мустаҳаб бўлади.

3. Ортиқча нарсалардан зуҳд қилиш.

Бунда гап, назар, савол ва шунга ўхшаш бошқа нарсаларнинг ортиқчасидан зуҳд қилинади. Шунингдек, Аллоҳ таоло учун одамлар ва ўзидан ҳам зуҳд қилинади.

4. Ҳамма нарсадан жамловчи зуҳд қилиш.

Бунда Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги нарсалардан бошқа барча нарсадан, Аллоҳ таолонинг зикридан чалғитадиган ҳамма нарсадан зуҳд қилинади.

Зуҳднинг қийини насибалардан зуҳд қилишдир. Зуҳднинг афзали зуҳдни махфий қилишдир.

Зуҳднинг мўмин бандага вожиб бўлган қисми охиратда зарар етказадиган нарсани тарк қилишдир.

Саҳл ибн Саъд Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мени бир амалга далолат қилинг. Қачон уни қилсам, менга Аллоҳ ҳам, одамлар ҳам муҳаббат қилсин», деди.

Шунда Расулуллоҳ:

«Дунёдан зуҳд қил, Аллоҳ сенга муҳаббат қилади. Одамлар қўлидаги нарсадан зуҳд қил, улар сенга муҳаббат қилади», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Дунёда зоҳид бўлиш соликларнинг шарафли мақомларидан биридир. Аслида, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, зоҳидлик кўнгли тусаб турган бир нарсадан ўгирилиб, ундан яхшироғига юзланмоқдир. Кўнгилга ёқмайдиган нарсадан юз ўгириш зоҳидлик эмас.

Одатда дунёдан юз ўгирган кишини «зоҳид» дейдилар. Аллоҳдан ўзга барча нарсадан юз ўгирган киши комил зоҳиддир. Дунёдан жаннат ва унинг неъматлари илинжида юз ўгирган одам ҳам зоҳид, аммо унинг даражаси аввалгидан пастдир.

Молу дунёни тарк қилиш, уни сахийлик билан сарфлашнинг ўзи зоҳидлик бўла олмайди. Зоҳидликнинг энг олий мақоми Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун қилинган зоҳидликдир.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Дунёдаги зоҳидлик ҳалолни ҳаром қилиш билан ҳам, молни зое қилиш билан ҳам эмасдир. Лекин дунёдаги зоҳидлик икки қўлингдаги нарсани Аллоҳнинг қўлидаги нарсадан кўра ишончлироқ деб билмаслигингдир, ўзингга етган мусибатнинг савобига етишни у(мусибат)нинг сенга етмай қолишидан кўра кўпроқ исташингдир», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифни тўлиқ маънода исломий зоҳидликнинг мукаммал таърифи десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини зоҳидлик асосида тарбиялаганлар. Уларнинг қалблари зоҳид қалб бўлишига катта эътибор берганлар.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Олия деган баландлик жойдан тушиб келаётиб, бозордан ўтдилар. Одамлар у зотнинг икки томонларида туришар эди. Шунда қулоғи кесилган улоқчанинг ўлигини кўриб қолдилар. Бориб, унинг қулоғидан тутдилар ва:

«Қайси бирингиз мана шуни бир дирҳам эвазига олишни истайсиз?» дедилар.

«Уни ҳеч нарсага олмаймиз. Уни нима ҳам қиламиз?» дейишди.

«Унинг (эвазсиз) сизларники бўлишини истайсизларми?» дедилар.

«Йўқ!» дейишди.

Уч марта сўрадилар. Улар:

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, агар у тирик бўлганда ҳам, қулоқларининг кесиклиги унга айб бўлар эди. Ўлик бўлгач, нима бўларди?» дейишди.

«Аллоҳга қасамки, сизлар учун бу қанчалик қадрсиз бўлса, Аллоҳ учун дунё ундан ҳам қадрсиздир», дедилар».

Бухорий «Адабул-муфрад»да ривоят қилган.

«Сизлар учун қулоғи кесик улоқчанинг ўлиги бир дирҳамга ҳам қиммат бўлса, Аллоҳ таоло учун бутун дунё, ўзининг зеб-зийнати, бойликлари билан, ундаги бутун мавжудот билан, ундан ҳам паст, хор-зор нарсадир», дедилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан Аллоҳ таолонинг наздида бу ­дунёнинг қай даражада қадрсиз, қийматсиз нарса эканини билиб оламиз. Албатта, ҳар бир мўмин-мусулмон буни билиши, яхши тушуниб олиши керак.

Албатта, бу каби набавий тарбия саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг зоҳид зотлар бўлиб етишишларига катта таъсир кўрсатган. Шунинг учун ҳам улар бутун дунёни яхшилик ишларига тўлдирганлар.

Ҳар бир мўмин банда қалбнинг ҳис-туйғулар, хоҳиш-истаклар, рағбат ва қўрқувлар макони эканини яхши англаб етмоғи ва бутун вужудига сингдирмоғи зарурдир. Шу билан бирга, мўмин инсон қалбнинг бутун вужудни эгаллаб турган истакларни йўлга бошловчи эканини, сергакликка чорлаб турувчи қўрқув ва бошқа маънавий ҳолатларнинг ҳаракатларига сабаблигини ҳам яхши билиши лозим. Ана ўша қалб зоҳид бўладиган бўлса, бошқача қилиб айтганда, турли дунёвий рағбатлардан фориғ бўлиб, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига интилган бўлса, ундан доимо яхшиликлар чиқади.

– Ана ўшандай зоҳид қалбдан чиқадиган ибодатлар, солиҳ амаллар бандани Аллоҳ таолога яқинлаштиради. Мазкур зоҳид қалб ила адо этиладиган амалларнинг сифати олий даражада бўлади. Чунки зоҳид қалб ила қилинган ибодатга дунёнинг муҳаббати тўсқинлик қилмайди. Чунки бундай қалбда Аллоҳ таолонинг муҳаббатидан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Шунинг учун зоҳид қалб билан қилинган ибодатнинг сони оз бўлса ҳам, савоби кўп бўлади.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларини зоҳидлик асосида тарбиялаш билан бирга, уларнинг қалблари дунёга роғиб қалб бўлмаслигига ҳам катта эътибор берганлар.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кишининг мол ва шуҳратга бўлган ҳирси унинг дини учун қўйлар ичига қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмондир», дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Молу дунё ва шуҳратга бўлган ҳирс ўз эгасини барча ёмонликлардан қайтмайдиган қилиб қўяди. Оқибатда у ўша икки нарса ортидан тушиб, динини барбод қилади. Шунинг учун динимни бўрилар еб кетмасин, деган банда дунёга ва шуҳратпарастликка ҳирс қўймаслиги лозим бўлади.

– Рағбат қилувчи қалбни дунёнинг муҳаббати эгаллаб олади ва уни ерга томон тортиб туради. Унинг табиатидаги Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатни сўндириб, унинг ўрнига молу дунё, шаҳват ва айшу ишратга ўхшаш нобакорликларнинг муҳаббатини ўрнаштиради. Ушбу қалбнинг эгаси унинг талабларига жавоб беришга уринади. Қалбининг талаби асосида қечаю кундуз елиб-югуради, ҳориб-чарчайди, бориб-келади ва ўзини ҳалок қилади. Роғиб қалб эса эгасининг бу ҳолатидан ҳузурланади. Бу ҳолат давомли бўлса, мазкур роғиб қалбнинг эгаси қуйидаги оятда зикр қилинган шахсга айланиб қолади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Агар хоҳласак, уни улар билан кўтарар эдик. Лекин у ерга ёпишиб олди ва ҳавойи нафсига эргашди. Бас, унинг мисоли худди бир ит мисолига ўхшайдики, унга ҳамла қилсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир, тек қўйсанг ҳам тилини осилтириб тураверадир. Бу оятларимизни ёлғонга чиқарган қавмларнинг мисолидир. Қиссаларни айтиб бер, шоядки, тафаккур қилсалар» (176-оят).

Шу каби сифатга эга бўлган қалб соҳибидан содир бўладиган амалнинг қиймати қанчалик бўлиши мумкин? У одам ўқиган намоз, тутган рўза, қилган ҳаж ва берган закотнинг руҳий қиймати нимадан иборат бўлади? Албатта, дунё ва унинг матоҳларига роғиб қалб эгаси намоз ўқиётганида ҳам хаёли ўзи рағбат қилган нарсаларга боғланиб туриши турган гап. Қолган тоат ва ибодатларни бадани билан адо этса ҳам, қалби дунё ва унинг матоҳлари билан тўлиб-тошиб турган бўлиши турган гап.

Албатта, бу каби тоат ва ибодатларнинг сони ва ҳажми қанчалар катта бўлса ҳам, сифати паст ҳамда савоби оз бўлиши турган гап. Чунки роғиб қалб эгаси бадани ёки молу дунёси билан ибодат қилса ҳам, ўша ибодат чоғида ҳам қалби дунёнинг ишқи билан тўлиб-тошган бўлади. Унинг қалбида дунёнинг матоҳларига бўлган муҳаббатдан бошқа муҳаббатга жой қолмаган бўлади. Айнан шу сабаб асосида унинг қилган тоат-ибодати қанчалар кўп бўлса ҳам, савоби оз бўлади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рост айтмишлар:

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлинглар! Албатта, жасадда бир парча гўшт бордир. Қачон у солиҳ бўлса, жасаднинг ҳаммаси солиҳ бўлур. Қачон у бузуқ бўлса, жасаднинг ҳаммаси бузуқ бўлур.

Огоҳ бўлинглар! Ўша нарса қалбдир», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ суратларингизга ва молу дунёларингизга назар қилмайди. Лекин қалбларингизга ва амалларингизга назар қилади», дедилар».

Муслим ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Аллоҳ таоло барчамизнинг зоҳид қалб эгаси бўлишимизни насиб этсин ва роғиб қалб эгаси бўлишимиздан асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тоатларнинг сендан фавт бўлишига маҳзун бўлмаслик ва тойилишлар бўлса ҳам, қилганингга надомат қилмай қўйиш қалбнинг ўлими аломатларидандир.ndash Маҳзунлик ndash давоми...

5441 19:24 / 08.08.2017
Шубҳали нарсага нисбатан керак бўлган муносабат бир неча хил бўлади1. Вожиб.Ўзиникими ёки ўзганикими, аниқ бўлмаган молни олмаслик.2. Мустаҳаб.Молининг кўпи ҳаром давоми...

2957 22:23 / 09.03.2018
Фоний бўлмайдиган иззатинг бўлишини ирода қилсанг, фоний бўладиган иззат ила иззат талаб қилма. ndash Иззат ndash ўзини бошқаларга хору зор бўлишдан юқори тутишдир. Бу давоми...

3770 20:37 / 16.08.2017
Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон бўлмас.Бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи давоми...

3374 21:18 / 16.12.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021