1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Баъзи маъсият тоатдан яхшироқ бўлиши ҳақида

19:27 / 13.05.2018 3657 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият ортидан иззатталаблик ва манманлик қолдирган тоатдан яхшидир.

Ушбу ҳикматда ундан аввалги ҳикматдан пайдо бўладиган саволнинг жавоби келмоқда. Аввалги ҳикматда Аллоҳ таоло бандага тоат эшигини очиб, қабул эшигини очмаслиги, гоҳида унга маъсиятни қазои қадар қилиб, сўнгра ўша маъсиятни банда учун Ўзининг висолига етиш воситаси қилиб қўйиши ҳам мумкинлиги ҳақида сўз кетган эди.

Ўз-ўзидан «Қандай қилиб тоат банданинг зарарига омил бўлиши ва маъсият унинг фойдасига омил бўлиши мумкин?» деган савол юзага чиқади. Ушбу ҳикматда ана шу эҳтимоли бор саволга жавоб келмоқда.

«Ортидан зорланиш ва ҳожатмандлик қолдирган маъсият ортидан иззатталаблик ва манманлик қолдирган тоатдан яхшидир».

Зотан, тоатдан кўзланган бош мақсад хушуъ, хузуъ, хорлик, синиқлик ва ўзини паст олишдан иборатдир. Қачон тоат ушбу маънолардан холи бўладиган бўлса, унга зид бўлган сифатларни ўзида мужассам қиладиган бўлса, мазкур маъноларни ўзида мужассам қилган ва яхшиликларни келтирган маъсият ундан кўра яхши бўлиши турган гап. Чунки гап тоат ёки маъсиятнинг суратида эмас, балки уларнинг моҳияти ҳамда улардан чиқадиган натижададир. Тоатнинг самараси ўзини паст тутиш ва синиқликдир. Маъсиятнинг самараси ўзини баланд тутиш ва манманликдир. Қачон самаралар чаппасига айланса, ҳақиқатлар ҳам чаппасига айланади. Тоат маъсиятга, маъсият тоатга айланади.  

Муҳосибий раҳматуллоҳи алайҳи айтади: «Аллоҳ таолонинг бандалардан муроди уларнинг қалбларидир. Қачон олим ва обид такаббурлик қилса, жоҳил ва осий Аллоҳ таолодан ҳайбатланиб, хавф қилиб, хорлик қилса, у қалби ила олим ва обиддан кўра Ҳақ азза ва жаллага итоатлироқдир».

Албатта, бу гаплардан маъсият тоатдан кўра афзал экан-да, деган гап келиб чиқмайди. Ҳеч қачон барча маъсиятлар барча тоатлардан афзал бўлиши мутлақо мумкин эмас. Бу ҳикматда ва шунга ўхшаш ҳолатларда баъзи нодир тоатлар ва маъсиятлар ҳақида сўз кетади. Хусусан, эгасининг ўзининг пастга олишига, ҳидоятга киришига ва яхшиликка бурилишига сабаб бўлган маъсият ва эгасининг кибрга кетишига, манманликка берилишига ҳамда ўзини кўрсатишга ўтишига сабаб бўлган тоат ҳақида сўз боради.

Ҳақиқатда ҳам, эгасининг мутакаббир бўлишига сабаб бўлган тоат сиртидан тоат бўлиб кўринса ҳам, аслида маъсиятдан ўзга нарса эмас.

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, Аллоҳ тақводорлардангина қабул қиладир» (27-оят).

Мутакббирлардан эмас. Манманлардан эмас. Ўзини осмонда кўрадиганлардан эмас.

Аллоҳ таоло Юсуф сурасида марҳамат қилади:

«Кўплари эса Аллоҳга мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилархолос» (106-оят).

Яъни Аллоҳ таолога иймон келтирсалар ҳам, ширк келтирган ҳолларида иймон келтирадилар. Холис тавҳид ила иймон келтирмайдилар. Чунки холис тавҳид масаласи нозик масала, ширкнинг турлари эса жуда ҳам кўп. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Ушбу маъноларни эътиборга олган ҳолда сўз юритаётган масаламизга чуқур назар соладиган бўлсак, аслида гап тоат ва маъсият ҳақида эмас, тоат суратидаги маъсият билан маъсият суратидаги тоат ҳақида бормоқда.

Биринчисида банда ўз тоати ила кибрга кетиб, ўзини бошқалардан устун қўйиб, Робби ҳузурида ўзини хору зор тутмай маъсият қилмоқда.

Иккинчисида эса банда заифлиги тутиб, маъсият қилиб қўйиб, сўнгра зудлик билан тавба қилиб, надомат чекиб, ҳоли яхшиланиб кетиши юз бермоқда.

Бир одам маъсият қилди. Бунинг сабабидан унга ўнта гуноҳ ёзилди. Сўнгра ҳалиги одам ўзига келиб, Аллоҳ таолога чин дилдан тавба қилди. Қилган маъсиятига астойдил надомат чекди. Уни қайта содир этмасликка азму қарор қилди. Кейин ўзини Аллоҳ таолонинг ибодатига урди. Солиҳ бандалардан бўлди. Ушбу банданинг тавбаси туфайли аввал содир этган маъсиятига ёзилган ўнта гуноҳи ўчирилади. Қолган ишларига эса ажру савоб ёзилиб бораверади.

Бошқа бир одам тоат ҳисобланган амални қилди. Аммо шу амали туфайли кибрга кетди. Мазкур иши ила ўзини Аллоҳ таолони савоб беришга қарздор қилиб қўйгандек тутди. Бошқа бандалардан ўзини юқори тутди ва ушбу ҳолатида бардавом бўлди. Албатта, бу одам кибрга кетганидаёқ қилган тоати ҳабата бўлади ва кибри учун гуноҳ ёзилади. Сўнгра унга гуноҳ ёзилиши давом этаверади. Аллоҳ таоло Ўзи сақласин!

Аллоҳ таоло шариатга киритган барча тоатлар ва қурбат ҳосил қилишга хизмат қиладиган амалларнинг самараси биттадир. У ҳам бўлса, Аллоҳ таолога ҳожатмандликни изҳор қилиш, У Зотга бандаликни адо этиш ва тазарру қилиш ҳамда синиқликни кўрсатишдир. Тоат, ибодат ва солиҳ амалларнинг қабул бўлиш сири ҳам шундадир.

Аллоҳ таолонинг бандаларини синовга учратишида ҳам ўзига яраша ҳикматлар бор. Мазкур ҳикматларнинг энг машҳурларидан бири бандани ғафлат уйқусидан уйғотиш, ожиз банда эканини сездириш, Ҳақ таолога доимо ҳожатманд эканини билдиришдир.

Мазкур синовлар ичида маъсиятларга дучор бўлиш ҳам бордир. Маъсият синови бандани ғафлат уйқусидан уйғотишга, ожиз банда эканини сездиришга, Ҳақ таолога доимо ҳожатманд эканини билдиришга хизмат қилса, жуда ҳам яхши бўлади.

 Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:

«Эй одамлар! Сизлар Аллоҳга муҳтождирсиз. Аллоҳ ўта беҳожатдир, ўта мақталгандир» (15-оят).

Аллоҳ таоло барчаларимизга доимо ғафлат уйқусидан уйғонишни, ожиз банда эканимизни сезишни, Ҳақ таолога доимо ҳожатманд эканимизни билишни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Саккизинчи сабаб мазах қилиш.Одамларни мазах қилиш, уларнинг устидан кулиш ғийбатнинг сабабларидан биридир.Муолажа. Шуни билиш лозимки, дунёда мазах қилган, давоми...

2803 15:15 / 06.06.2018
Ўтган гаплардан вараъ камолот сифатларини ўзида жамловчи мақом экани кўриниб турибди.Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи Маккага бориб, Масжидул Ҳаромга кирибди. давоми...

3088 13:02 / 07.03.2018
Отаонанинг фарзанд ҳаққига ва зиддига қиладиган дуоси ҳақида кўп гапирилади. Аммо ўша гапларга далил бўлган матнларни кўпчилик аниқ билмаслиги мумкин. Шунинг давоми...

4947 19:46 / 11.05.2018
878. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир кеча уйқулари қочди. Шунда у зот.Саҳобаларимдан бир солиҳ киши келиб, мени давоми...

6320 20:37 / 14.07.2017
Аудиолар

120102 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41769 14:35 / 11.08.2021