1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Фоний бўлмас иззат ҳақида

20:37 / 16.08.2017 3822 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фоний бўлмайдиган иззатинг бўлишини ирода қилсанг, фоний бўладиган иззат ила иззат талаб қилма.

 – Иззат – ўзини бошқаларга хору зор бўлишдан юқори тутишдир. Бу мутакаббирлик эмас, мутакаббирлик бошқалар устидан кибру ҳаво қилишдир. 

Иззатли бўлиш мақталган сифатлардандир. Мутакаббирлик эса мазаммат қилинган сифатлардандир.

«Иззат» сўзи луғатда хорликнинг тескарисини англатади. Иззат сўзида «шиддат, қувват, нусрат, ғалаба ва қаҳр» маънолари мавжуд.

Иззатнинг таърифида уламолар қуйидагиларни айтадилар:

– Роғиб Асфиҳоний: «Иззат инсоннинг мағлуб бўлишидан ман қилувчи ҳолатдир».

– Кафавий: «Иззат ботин ва зоҳирдан келувчи ғалабадир».

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири Азиз – барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб кела олмайди.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан яна бири Муъизз бўлиб, Азиз қилувчи деган маънони англатади. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб, азиз қилади.

Иззат икки хил бўлади:

1. Мақталган иззат – Аллоҳ таоло, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларнинг иззати.

2. Мазаммат қилинган иззат – кофирларнинг иззати.

Бинобарин, Аллоҳ таоло билан иззат талаб қилиш мақталган ва Аллоҳ таолодан ўзга билан иззат талаб қилиш мазаммат қилинган. 

Инсон ким бўлишидан қатъи назар, заифдир. Чунки Аллоҳ таоло уни заиф қилиб яратган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

 «Ва инсон заиф яратилгандир» (28-оят).

Инсонни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. У Зот Ўз бандасининг хусусиятларини яхши билади. Ушбу оятда Аллоҳ таоло инсоннинг заиф ҳолда яратилганини таъкидламоқда. Яратувчининг Ўзи инсонни «заиф яратилган», деб турганидан кейин, ким ҳам уни заиф эмас, дея оларди?

Шунинг учун ҳам инсон доимо иззатли бўлишни ва бунда кимнингдир ёрдамини истайди. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир инсон заифлиги туфайли хору зор бўлиб қолмаслик чорасини ахтариб яшайди. Ҳар бир инсоннинг заифлиги хору зорликка тортади. Шу билан бирга, унинг табиати иззатли бўлишни истайди.

Бу дунёда инсонга уни хорликдан ҳимоя қилиш воситаси бўлиб кўринадиган нарсалар кўпдир. Мисол учун, молу дунё, мансаб, кучли ва имконлиларга яқин бўлиш ва бошқалар. 

Лекин аслида мазкур нарсалар ҳақиқатда ҳам одамларни хору зорликдан сақлаб, иззат-икромга сазовор қила оладими? Бу саволга жавоб беришдан олдин Аллоҳ таоло бу дунёда жорий қилган сабабият қонунига бир назар ташлашимиз керак бўлади.

Ҳар бир нарса ўзидан бошқа нарсага муҳтожлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар бир одам ўзининг ва ўзига ўхшаган одамларнинг нимага муҳтожлигини ва нимага муҳтож эмаслигини ҳам яхши билади. 

Бир нарсанинг ҳосил бўлиши учун эҳтиёжи бор нарсага сабаб дейилади. Мисол келтирадиган бўлсак, тўйиш учун таомга эҳтиёж бор. Тўйишнинг сабаби таомдир.

Эҳтиёжи бор тарафни эса мусаббаб дейилади.

Дунёдаги барча нарсалар ўзидан бошқа нарсага сабаб бўлиши билан бирга, яна бошқа бирига мусаббаб ҳам бўлади. Яъни бир нарсага эҳтиёжи тушса, бошқа бир нарсанинг унга эҳтиёжи тушади.

Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун мисол келтирайлик. Бир одамнинг дунёга келишига ота-онаси сабаб бўлади. У эса боласининг дунёга келишига сабаб бўлади. Уруғ ўсимликнинг ўсишига сабаб бўлади. Ўсимлик уруғнинг пишишига сабаб бўлади. Қўйингки, бу дунёдаги ҳар бир нарса шунга ўхшаш бошқасига боғлиқ ва улар бир-бирларига сабабдир.

Аммо мазкур сабаблар чуқурроқ ўрганилса, уларнинг ҳаммаси бориб, бош сабабга – Аллоҳ таолонинг Ўзига тақалиши кузатилади.

Агар тааммул ила ўйлаб кўрадиган бўлсак, бир нарса бошқасининг пайдо ёки йўқ бўлишига ёхуд ўзгаришига таъсир ўтказмаса, сабаб деб аталиши мумкин эмас. Бас, таъсир қилувчи сабаб экан, унинг таъсири доимий бўлиши керак. Агар таъсири йўқоладиган бўлса, сабаблиги ҳам қолмайди. Ана шу тарзда доимий такрорланиш оқибатида бизда «Фалон нарсанинг пистон нарсага таъсири бор. Бу нарса у нарсанинг сабабчиси» деган маънодаги тушунчалар пайдо бўлган. 

Аммо бу ўша нарсаларнинг ўзида таъсир кучи бор, дегани эмас. Агар шундай бўлганида, мазкур нарсалар Аллоҳ таоло томонидан яратилганига шубҳа туғилар эди. Аслида, ҳақиқий таъсир қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзи. У Зот борлиқдаги нарсаларни таъсир учун восита қилиб қўйган, холос.

Аллоҳ таоло ёмғир ёғса, ўсимлик ўсишини ирода қилган. Булутлар жамланиб, маълум даражада намлик пайдо бўлганда, ёмғир ёғишини ирода қилган. Ота-онанинг қўшилишидан фарзанд туғилишини ирода қилган ва ҳоказо. Демак, барча таъсирлар Аллоҳ таолонинг иродаси билан бўлади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги барча нарсаларни халқ қилиб, уларни Ўзининг биру борлигига ва қавий-ю қодирлигига далолат қилиб қўйган. Шунингдек, У Зот бу дунёдаги Ўзи яратган нарсалар орасида сабабият қонунини жорий қилиб, яна бир бор Ўзининг биру борлигига ва қавий-ю қодирлигига далолат қилиб қўйган.

Мусулмон инсон бу дунёда Аллоҳ таолодан бошқанинг ҳақиқий таъсири йўқлигига жазм билан эътиқод қилиши лозим.

Бизга сабаб ва таъсир бўлиб кўринган нарсалар ҳақиқий таъсир ва сабаб эмас. Уларни «жўълий сабаб» – «Аллоҳ таоло томонидан қилинган сабаб» дейилади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг ушбу ҳикматида Аллоҳ таолодан ўзга нарсаларнинг барчаси банда учун ҳақиқий иззатга сабаб бўла олмаслигини таъкидламоқда. 

«Фоний бўлмайдиган иззатинг бўлишини ирода қилсанг, фоний бўладиган иззат ила иззат талаб қилма».

Фоний бўлмайдиган иззат Аллоҳ таоло берадиган иззатдир. Чунки Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина фоний бўлмайдиган Зотдир. Аллоҳ таолодан ўзгаларнинг барчасидан бўладиган иззат эса фоний иззатдир. Чунки Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларнинг ўзи фонийдир.

Аллоҳ таоло билан иззатланиш У Зотнинг тоати ила беҳожат бўлиш, У Зотни улуғлаш, У Зотнинг ҳайбатини ҳис қилиш, У Зотга муҳаббатли бўлиш, У Зот ҳақида маърифат ҳосил қилиш, барча нарсаларда ва барча ҳолатларда У Зотга нисбатан одобли бўлиш, У Зотнинг ҳукмларидан рози бўлиш, У Зотга хузуъ ва хушуъда бўлиш, У Зотга хору зор бўлиш ила юзага чиқади.

Қачон банда Аллоҳ таоло томонидан бўлган иззатга насибадор бўлса, фоний бўлмас иззатга сазовор бўлади. Бундай банда Аллоҳ таолонинг иззати ила У Зотдан бошқаларнинг барчасининг иззатидан беҳожат бўлади. 

Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади: 

 «Ким иззат истаса, бас, барча иззат Аллоҳникидир» (10-оят).

Бошқа ҳеч ким ва ҳеч нарсанинг ҳузурида заррача иззат йўқ. Аллоҳнинг даргоҳидан бошқа жойда иззат излаганлар беҳуда ҳаракат қиладилар. Ким икки дунё иззатини топмоқчи бўлса, фақат Аллоҳ таолонинг айтганларини қилсин. Ҳа, фақат Аллоҳнинг йўлидан юрган инсонгина Унинг ҳузурига етади ва кўзлаган иззатини топади. Йўлнинг ярмида бошқа томонга ўтиб олса ҳам, адашиб кетади.

Аллоҳ таоло Мунафиқун сурасида марҳамат қилади:

 «Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларга хосдир» (8-оят).

Аллоҳ таолодан ўзга барча нарсаларнинг ўз зотларига оид ҳеч қандай қиймати ҳам, қудрати ҳам, ҳаттоки мавжудлиги ҳам йўқдир. Уларнинг барчасини Аллоҳ таоло вужудга келтиргандир, уларга нисбий қиймат бергандир. Мазкур нарсаларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг яратган нарсаларидир ва У Зот уларни қандай истаса, шундай тасарруфини қиладир. 

Бас, Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа заррача ҳақиқий иззат бера оладиган зот, ёрдамчи, сақловчи, валий йўқдир.

Аллоҳ таоло Раъд сурасида марҳамат қилади:

 «...сен учун Аллоҳдан на бир дўст ва на бир сақловчи бўлмас» (37-оят).

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

 «Албатта, осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳники эканини ва сизларга Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай дўст ҳам, ёрдамчи ҳам йўқлигини билмадингми?» (107-оят).

Аллоҳ таоло Зумар сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?! Улар сени Ундан бошқалар билан қўрқитурлар. Кимни Аллоҳ залолатга кетказса, бас, унинг учун ҳидоят қилувчи йўқ» (36-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларни Аллоҳ таолонинг тавҳидига чақириб, уларнинг турли сохта худоларини айблаганларида, улар: «Муҳаммад худоларимизни сўкишдан тўхтамаса, унга албатта ёмонлик етади», деб у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни қўрқитмоқчи бўлганлар. Ушбу оят ана шу муносабат ила нозил бўлган экан. Гарчи у хос сабаб билан нозил бўлган бўлса ҳам, маъноси умумийдир.

«Аллоҳ Ўз бандасига кифоя эмасми?!»

Энг қудратли, ёлғиз Холиқ, ёлғиз Ҳомий, ёлғиз Розиқ бўлган Аллоҳнинг ваҳдониятига ишонган банда учун Аллоҳнинг Ўзи етарли эмасми? Аллоҳ у билан бўлганидан кейин у банда кимдан қўрқади? Кимдан хавфсирайди?

«Улар сени Ундан бошқалар билан қўрқитурлар».

Аллоҳдан бошқанинг қўлидан нима келар эди? Аллоҳнинг ҳимоясида турган бандага улар қандай зарар етказа олар эдилар? 

Кимнинг иззати Аллоҳ таоло ила юзага чиққан бўлса, уни ҳеч ким хор қилишга қодир бўлмайди. Бу борада баъзи машойихлар қуйидаги қиссани мисол қилиб келтирадилар:

«Ҳорун Рашид ўзининг аччиғини чиқарган бир кишини қатл қилиш ниятида қирчанғи хачирга боғлаб қўйишни амр қилди. Ҳалиги одамга ҳеч нарса бўлмади. Шунда Ҳорун Рашид уни қамоққа солиб, устидан маҳкамлаб беркитишга амр қилди. Бир вақт қарасалар, ҳалиги одам боғда юрганмиш. Уни тутиб келиб, «Сени ким қамоқдан чиқарди?» деб сўрашди. «Мени боққа киритган қамоқдан чиқарди», деди у. «Сени ким боққа киритди?» дейилди. «Мени қамоқдан чиқарган боққа киритди», деди. Шунда Ҳорун Рашид гап нимада эканини англаб етди. Ўша одамни уловга миндириб, айлантириб юриб, «Ҳорун Аллоҳ иззатли қилган бир одамни хор қилмоқчи бўлган эди, қодир бўлмади!» дея жар чақиришга амр қилди».

Фоний бўладиган нарсадан иззат талаб қилиш Аллоҳ таолодан ўзгадан иззат сўрашдир. Ким улардан иззат талаб қилса, иззати ўлади ва хорлиги бардавом бўлади.  

Аллоҳ таоло билан иззатли бўлган бандаларнинг энг зўрлари Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари эдилар. Улар Аллоҳ таоло ўзларини Ислом билан азиз қилганини теран англаб етган ва бу иззат билан фахрланиб яшаган зотлар эдилар.

– Душманлар билан тўқнашилганда ва вазият оғирлашганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ғатафоннинг лашкарбошилари Уяйна ибн Ҳисн ва Ҳорис ибн Авфга элчи юбориб, агар одамлари билан қайтиб кетишса, Мадинадаги хурмозорнинг учдан бирини беришларини айтдилар. 

Икки томон сулҳ устида шартлаша бошлади. Аҳднома ёзилди, аммо гувоҳлар олдида тасдиқланмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сулҳни тасдиқлашдан олдин Авс қабиласи бошлиғи Саъд ибн Муъоз ва Хазраж қабиласининг бошлиғи Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳумоларга одам юбориб, бўлаётган ишдан хабар бердилар ва маслаҳат сўрадилар. 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бу ишни ўзингиз ёқтириб, амалга оширмоқчимисиз ёки Аллоҳнинг сизга буюрган амри бўлиб, уни қилишимиз шартми? Ёхуд биз учун қилаётган ишингизми?» деб сўрашди улар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Сизлар учун қилаётган ишимдир. Аллоҳга қасамки, бу ишни қилмас эдим, лекин кўрдимки, араблар сизни худди бир камондан ўққа тутаётгандек тўпланиб туришибди. Улар сизга қарши ҳар томондан ташланмоқдалар. Шунинг учун уларнинг шавкатини бир оз бўлса ҳам синдирмоқчи эдим», дедилар. 

Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, биз ҳам, улар ҳам Аллоҳга ширк келтириб, бут-санамларга ибодат қилиб юрардик. Аллоҳга ибодат қилиш тугул, ҳатто Уни танимас ҳам эдик. Ўшанда уларнинг Мадина меваларини меҳмондорчилик ёки савдо туфайли ейишдан бош­қа умидлари йўқ эди. Энди Аллоҳ бизни Ислом ила азиз қилган, ҳидоятга бошлаган, сиз билан, Ислом билан эъзозлаган бир пайтда молу мулкимизни уларга берамизми?! Аллоҳга қасамки, бизга бунинг зарурати йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳнинг Ўзи биз билан улар орасида ҳукм чиқармагунича, уларга қиличдан бошқа нарсани бермаймиз», деди. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Майли, сенинг айтганинг бўлсин», дедилар. 

Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳу аҳднома ёзилган саҳифани олиб, ундаги ёзувларни ўчирди. Сўнгра: 

«Бизга қарши уриниб кўрсинлар!» деди. 

Ториқ ибн Шиҳобдан ривоят қилинади:

«Умар ибн Хаттоб Шом томон чиқди. Биз билан Абу Убайда ибн Жарроҳ бор эди. Бир ҳовузнинг олдига келишди. Умар туясига миниб олган эди. У туядан тушди ва махсиларини ечиб, елкасига ташлаб олди. Сўнг туясини етаклаб, ҳовузга тушди. Шунда Абу Убайда:

«Эй мўминларнинг амири! Сиз шундай қиласизми?! Махсиларингизни ечиб, елкангизга ташлаб олиб, туянгизни етаклаб ҳовузга тушасизми?! Ушбу диёр аҳли сизни бу ҳолда кўриб қолиши мени хурсанд қилмасди», деди.

«Уфф! Эй Абу Убайда! Шуни сендан бошқа айтса бўлмасмиди?! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига бездирувчи иқоб қилиб қўярдим. Биз энг хору зор қавм бўлган эдик. Аллоҳ таоло бизни Ислом ила азиз қилди. Бас, қачон биз иззатни Аллоҳ таоло бизни азиз қилган нарсадан бошқа ила талаб қилсак, Аллоҳ таоло бизни хор қилади», деди Умар».

Ҳоким ривоят қилган.

Барча мўмин бандалар барча замонлар ва маконларда иззатни фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўрашлари керак. Бунга уларни Аллоҳ таолонинг Ўзи буюрган.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:  

«Айтгин: «Аллоҳим! Барча подшоҳликнинг эгаси! Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қи­лурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан» (26-оят).

Улкан ва битмас-туганмас ҳақиқатни ичига олган ёлвориш, дилдан чиқиши лозим бўлган дуо! 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло борлиқни Ўз тасарруфига олиб, тадбирини қилиб турувчи Зот эканини англаб етилганини баён қилувчи дуо! 

Аллоҳ таолонинг ибодатга сазовор ягона Зот эканини, бутун борлиқ, мавжудот устида ягона қоим Зот эканини билувчи шахснинг дуоси! 

Инсонга тааллуқли ишлар бу дунёдаги ишларнинг фақат озгина улуши эканини англаб етган шахснинг дуоси! Бўйсуниш, мадад сўраш фақат Аллоҳнинг Ўзидан бўлиши зарурлигини тушуниб етган шахснинг дуоси!

«Аллоҳим! Барча подшоҳликнинг эгаси!»

Аллоҳ таоло Ўзи ягона, У Зот ибодатга сазоворликда ҳам ягона ва бутун дунёнинг устидан қоим бўлишда ҳам ягона бўлганлигидан келиб чиқиб, «Барча подшоҳликнинг эгаси» бўлишда ҳам ягонадир. Аллоҳ дунё мулкига эгаликда ҳам ягонадир, Унинг шериги йўқдир. Шунинг учун ҳам

«Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан...»

Агар дунёда Аллоҳдан бошқа бирор кимса бирор мулкка молик бўлса, унинг моликлиги қарзга олган одамнинг моликлигига ўхшайди. Ҳақиқий молик бўлган Аллоҳ таоло унга Ўзи ирода қилган ҳикмат бўйича вақтинчалик, арзимаган мулкни бериб қўйган бўлади. Бинобарин, хоҳлаган пайтида ундан мулкни тортиб олаверади. Мулкни вақтинчалик қарзга олган одам ҳақиқий Моликнинг шартига мувофиқ тасарруф қилса, бахт-саодатга эришади. Агар ҳақиқий Моликнинг шартига мувофиқ иш тутмаса, ўзидан кўраверсин.

«Хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан».

Барча мулкнинг эгаси бўлганидан кейин Ўзи билади-да. Чиқарган ҳукмини суриштирадиган зот йўқ. Нима ҳукмни ирода қилса, ўша ҳукмни чиқаради.

«Барча яхшилик Сенинг қўлингда».

«Бу яхшиликларни хоҳлаган кишингга берасан, хоҳламаган кишингга бермайсан».

«Албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан».

«Сенинг қудратингнинг чегараси йўқ. Нимани хоҳласанг, шуни қиласан. Айни чоғда Сен фақат башарнинг ишини эмас, балки ундан бошқа ишларнинг ҳам тадбирини қиласан».

Аллоҳ таоло барчаларимизни фоний бўлмайдиган иззатга сазовор қилсин! Фоний бўлувчи иззат ила иззат талаб қилмасликни насиб этсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана.Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давоми...

3270 22:07 / 09.04.2018
.Душман банданинг қалбидагини била оладими, деб сўрабсан.Билгинки, қалб Аллоҳнинг яшириб қўйган қутисидир. Ҳеч ким унинг ичидаги нарсани кўра олмас ndash фаришталар давоми...

4021 17:28 / 25.09.2017
Эй одамлар Роббингизга тақво қилинг ва ота боласига фойда бера олмайдиган, бола отасига бирор нарсада фойда берувчи бўлмайдиган Кундан қўрқинг. Албатта, давоми...

3721 17:04 / 16.02.2018
26. Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган зулмни даф қилади ва унга бу ишда ёрдам беради. Бу, исломий биродарлик тақозо қиладиган ҳақдир.Муъоз ибн давоми...

4096 17:25 / 09.07.2017