1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Мусулмон одам ҳатто чумолига ҳам озор бермайди

11:00 / 10.11.2020 8199 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Одатда бировга зарари тегмайдиган одамларга нисбатан «Чумолига ҳам озор бермайди» иборасини қўллаймиз. Нима учун шундай? Бир ўйлаб кўрганмизми? Бошқа митти ҳашоратлар ичида айни чумоли номининг зикр қилиниши қизиқ. Мақолада бу саволга жавоб ва бошқа қизиқарли маълумотлар тақдим этилади.

Ҳозирги вақтда дин ниқоби остида турли бузғунчиликлар қилаётган ёки исломофобия (Ислом билан қўрқитиш)га ҳаракат қилиб, динни ёмонотлиқ қилмоқчи бўлганларнинг борлиги ҳаммага аён. Бундай шахсларнинг даъволари ёлғондан ўзга нарса эмас. Дин номидан айтилаётган жимжимадор гаплару баландпарвоз шиорларнинг ҳеч қандай асоси йўқ. Чунки Ислом дини инсонларни фақат эзгуликка, яна такрор айтамиз, фақат эзгуликка чақиради. Мусулмон киши эса мана шу эзгуликка хизмат қилади. Бировга ёмонлик қилмайди, зарар келтирмайди. Инсон тугул, ҳатто чумолига бесабаб озор бермайди. Энди ўзимиз бир хулоса қилайлик, энг митти ҳашоратнинг ҳам риоясини қилган мусулмон мавжудотлар гултожи – ҳазрати инсонга озор берадими?!

Қуйида сўзимиз исботи сифатида баъзи далилларни келтириб ўтамиз.

وَمَا مِنْ دَابَّةٍ فِي الأَرْضِ وَلا طَائِرٍ يَطِيرُ بِجَنَاحَيْهِ إِلاَّ أُمَمٌ أَمْثَالُكُمْ

«Ер юзидаги юрувчи ҳар бир жонзот ва икки қаноти ила учувчи қуш борки,  ҳаммаси сиз каби умматлардир» (Анъом сураси, 38-оят). 

حَتَّى إِذَا أَتَوْا عَلَى وَادِي النَّمْلِ قَالَتْ نَمْلَةٌ يَا أَيُّهَا النَّمْلُ ادْخُلُوا مَسَاكِنَكُمْ لا يَحْطِمَنَّكُمْ سُلَيْمَانُ وَجُنُودُهُ وَهُمْ لا يَشْعُرُونَ (18) فَتَبَسَّمَ ضَاحِكاً مِنْ قَوْلِهَا

 

«Токи улар чумолилар водийсига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. Бас, у унинг сўзидан табассум қилди» (Намл сураси, 18–19-оятлар).  

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:»إِنَّ اللَّهَ وَمَلائِكَتَهُ حَتَّى النَّمْلَةَ فِي جُحْرِهَا، وَحَتَّى الْحُوتَ فِي الْبَحْرِ لَيُصَلُّونَ عَلَى مُعَلِّمِ النَّاسِ الْخَيْرَ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абатта, Аллоҳ, Унинг фаришталари, ҳаттоки инидаги чумоли ва денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшилик ўргатувчига саловот айтади», дедилар.

Табароний ривоят қилган.

Муҳаддис уламолар ҳадис шарҳида чумоли номи бежизга келмаганини таъкидлайдилар. Бунинг сабаби сифатида чумолининг меҳнаткашлигини мисол қилиб келтирадилар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ «أَنَّ نَمْلَةً قَرَصَتْ نَبِيًّا مِنَ الأَنْبِيَاءِ فَأَمَرَ بِقَرْيَةِ النَّمْلِ فَأُحْرِقَتْ فَأَوْحَى اللَّهُ إِلَيْهِ أَفِى أَنْ قَرَصَتْكَ نَمْلَةٌ أَهْلَكْتَ أُمَّةً مِنَ الأُمَمِ تُسَبِّحُ« . رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда чумолилар қишлоғини ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло унга ваҳий қилди: «Сени бир чумоли тишласа, тасбеҳ айтадиган умматни ҳалок қиласанми?» дедилар.

Имом Муслим ривоят қилганлар.

Абдурроуф Муновий раҳматуллоҳи алайҳ бу ҳадис шарҳида «...пайғамбарлардан бирини...» сўзидаги пайғамбар Узайр, Мусо ёки Довуд алайҳиссаломлардан бири бўлиши мумкин, деганлар.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ أَنَّ النَّبِىَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ «نَزَلَ نَبِىٌّ مِنَ الأَنْبِيَاءِ تَحْتَ شَجَرَةٍ فَلَدَغَتْهُ نَمْلَةٌ فَأَمَرَ بِجَهَازِهِ فَأُخْرِجَ مِنْ تَحْتِهَا ثُمَّ أَمَرَ بِهَا فَأُحْرِقَتْ فَأَوْحَى اللَّهُ إِلَيْهِ فَهَلاَّ نَمْلَةً وَاحِدَةً». رَوَاهُ مُسْلِمٌ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Пайғамбарлардан бири дарахт тагига борди. Уни бир чумоли тишлаб олди. Шунда дарахт тагидан матоларини олиб, чумоли (ини)ни ёндиришга буюрди. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: «Бир чумоли деб-а?» дедилар.

Имом Муслим ривоят қилганлар.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، قَالَ: إِنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم نَهَى عَنْ قَتْلِ أَرْبَعٍ مِنَ الدَّوَابِّ: النَّمْلَةُ، وَالنَّحْلَةُ، وَالْهُدْهُدُ، وَالصُّرَدُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тўртта жонзотни ўлдиришдан қайтардилар: чумоли, асалари, сассиқпопишак ва суррод».

Имом Абу Довуд ривоят қилганлар.

Суррод – чумчуқдан катта, ярми оқ ва ярми қора қуш.

 عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ زَيْدِ بْنِ خُلَيْدَةَ، قَالَ: كُنْتُ أَمْشِي مَعَ ابْنِ عُمَرَ إلَى الصَّلاَة فَلَوْ مَشَتْ مَعَهُ نَمْلَةٌ لَرَأَيْتُ أَنْ لاَ يَسْبِقَهَا. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَة فِي مُصَنَّفِهِ

Муҳаммад ибн Зайд ибн Хулайдадан ривоят қилинади.

У зот: «Мен Ибн Умар билан бирга намозга борар эдим. Агарда у билан бирорта чумоли юрса, ундан олдин ўтмаслигини кўрардим», дедилар.

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган.

عَنْ أَبِي الصِّدِّيقِ النَّاجِي ، أَنَّ سُلَيْمَانَ بْنَ دَاوُد خَرَجَ بِالنَّاسِ يَسْتَسْقِي فَمَرَّ عَلَى نَمْلَةٍ مُسْتَلْقِيَةٍ عَلَى قَفَاهَا رَافِعَةٍ قَوَائِمَهَا إِلَى السَّمَاءِ وَهِيَ تَقُولُ، اللَّهُمَّ إنَّا خَلْقٌ مِنْ خَلْقِكَ لَيْسَ لَنَا غِنًى عَن رِزْقِكَ ، فَإِمَّا أَنْ تَسْقِيَنَا وَإِمَّا أَنْ تُهْلِكَنَا ، فَقَالَ : سُلَيْمَانُ لِلنَّاسِ : ارْجِعُوا ، فَقَدْ سُقِيتُمْ بِدَعْوَةِ غَيْرِكُمْ. رَوَاهُ ابْنُ أَبِي شَيْبَة فِي مُصَنَّفِهِ

Абуссиддиқ ан-Ножийдан ривоят қилинади.

«Довуд ўғли Сулаймон инсонлар билан ёмғир сўрагани чиқди. Шунда оёқларини осмонга кўтариб, чалқанчасига ётган бир чумоли олдидан ўтди. У: «Аллоҳумма инна холқун мин холқика лайса лана ғинан ан ризқика фаимма ан тасқияна ва имма ан туҳликана», дерди. Сулаймон алайҳиссалом одамларга: «Орқангизга қайтинглар. Батаҳқиқ, бошқаларнинг дуоси ила сизларга сув берилди», дедилар». 

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да ривоят қилган.

Дуонинг таржимаси: «Эй Аллоҳ! Биз Сенинг бир халқингмиз. Ризқингдан беҳожат эмасмиз.  Ё бизга сув берасан, ё ҳалок қиласан».

Чумолига озор бермаслик борасида ўтган азизларимизнинг ҳам бир қанча ўгитлари бор. Жумладан, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ аброр – яхши кишиларга таъриф бериб: «Улар чумолига озор бермайдиган, ёмонликка рози бўлмайдиган зотлардир», дейдилар.

Саъдий раҳматуллоҳи алайҳ «Бўстон» китобида қуйидаги шеърни келтирадилар:

ميازار موري كه دانه كش است

كه جان دارد و جان شرين خوش است

Озор берма чумолига ҳеч қачон,

Уям – жон, ҳаммага азиз ширин жон.

ما أرى الحبة إلا    سُرِقت من بيتِ نمله

        إن للظالم صَدْراً    يشتكي من غير عله        

  

Билгум, бир бошоқнинг таъсири,

Ўғирланган чумолининг инидан.

Золимнинг ҳам бор виждону дили,

Оғрийди бедард, чиқар қинидан.

                 

Аҳмад Шавқий

Арабларда «Шоирлар амири» номини олган Аҳмад Шавқий чумолига озор беришни зулм деб баҳолаб, албатта, унинг учун жазо тайин эканини алоҳида таъкидлайди. Қалбида кечган бу мулоҳазаларни сеҳрлаб қўювчи шеърий сатр тарзида қоғозга қоралади.

Мазкур масалага фиқҳий нуқтаи назардан ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Мисол учун машҳур фақиҳ Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал-Баҳр ар-Роиқ» китобининг «Хало одоблари боби»да қуйидаги иборани келтиради: «...сичқон, илон, ЧУМОЛИ ини ва тешикка бавл қилиш макруҳ бўлади».

Машҳур фақиҳ Бурҳонуддин Моза раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг «Ал-Муҳит ал-Бурҳоний» китоби 23-фаслида қуйидагиларни келтиради:

«Чумоли ҳақида машойихларимиз гапирганлар. Содруш Шаҳид айтишича, ихтиёр қилинган фатво шуки, агар (чумоли) озорни ўзи бошласа, ўлдиришнинг зарари йўқ. Ўзи бошламаса, ўлдириш макруҳ бўлади. Ривоят қилинган ҳадис бунга асосдир. Бир чумоли пайғамбарлардан бирини тишлаб олди. Шунда у чумоли уйини ёндирди. Аллоҳ таоло ваҳий қилди: «Ўша битта чумоли деб ўлдирасизми?»

(Ҳадис) чумолини ўлдириш озор берганда жоизлигига, озор бермаганида эса жоиз эмаслигига далил бўлади. 

Машойихлар чумолини сувга ташлаш жоиз эмаслигига иттифоқ қилдилар».

Иборага ҳар томонлама муносиб танланган бу митти қаҳрамонимиз ҳақида икки оғиз сўз юритмасак, инсофдан бўлмас.

Исми: чумоли. Илмий тилда (лотинчада) «Formicidae» дейилади. Куняси: Абу Машғул – меҳнатсевар. Асосий касби: муҳандислик. Олимларнинг таъкидлашича, чумоли муҳандисликда одамлардан моҳир экан. У ўз масканини ердан 10 метр чуқурликкача етказиши мумкин.

Қуръони Каримда чумолининг уч бор зикри келган. Ҳатто унинг шарафига ўша оятлар учрайдиган сура «Намл» – чумоли деб ном олди. Араб тилида чумоли «намла» дейилади. Бу сўз «серҳаракат» маъносини англатади. «Ҳар бир нарсанинг ўз исмидан насибаси бўлади», деган қоидага кўра, исми жисмига монанд қўйилган.

Чумоли ризқ талабида энг кўп ҳаракат қилувчи ҳашорат ҳисобланади. Унинг одати – қишнинг ғамини ёзда ейди. Ҳатто инсонларнинг бу миттивойдан ўрганадиган нарсалари кўп.

Унинг олтита оёғи бор. Танасининг 80% и шишадан ташкил топган.

Чумолилар жамоа бўлиб яшайдилар. Улар бир-бирларини жуда яхши тушунадилар, топганини биргаликда баҳам кўрадилар. Жамоада миллионгача чумоли бўлиши мумкин.

Чумолилар оиласи тўртликдан ташкил топади: битта малика (она), эркак, ишчи, қўриқчи чумолилар. Ҳар бирининг ўзи хос бажарадиган вазифалари бор. Она чумоли жуссаси каттароқ бўлиб, инидан чиқмайди. У тухум қўйиб, насл қолдириш вазифасини бажаради. Она чумолини ишчи чумолилар боқади. Қўриқчи чумолилар уяни хавфдан ҳимоя қилади. Озиқ йиғиш, тозалик ва бошқа вазифалар ишчи чумолилар зиммасида. Уйга кирмоқчи бўлган ишчи чумолилар мўйловларини қўриқчи чумолилар бошига теккизади. Ундан кейин ичкарига киришга рухсат берилади. Эркак чумолилар уруғлантириш – кўпайиш даврида яшайди, холос.

Бу миттивойлар ҳайратга соладиган даражада энг тартибли, интизомли ҳаёт кечирадиган ҳашорат ҳисобланади. Узунлиги иккидан йигирма беш миллиметргача бўлади. Ўзидан йигирма баробар оғир нарсани кўтара олади. Тасаввур қилишимиз учун 50 килограмм вазнли инсон 1 тоннали машинани осонлик билан кўтарганга ўхшайди.

Ғарб олимлари бир неча йил тажрибалар ўтказиб, чумолиларнинг ўзига хос тилда гаплаша олиш қобилиятини кашф қилишди. Бу кашфиётни оламшумул иш сифатида бутун дунёга бонг уриб жар солдилар. Ваҳоланки, бу кашфиёт ҳам бошқалари қатори Қуръони Каримда 14 аср олдин айтиб бўлинганди.

Чумоли табиатни тартибга солишда ёрдам берувчи энг муҳим ҳашоратлардан биридир. Чунки унинг ер остида кавлаган йўллари ўсимликлар илдизи ривожланиши ва энг яхши кўринишда нафас олишига сабаб бўлади.

Тўплаган донлари ўсиб кетмаслиги учун бир неча бўлакка бўлиб қўядилар. Яна ғамлаган донларида пўпанак босиш хавфи туғилса, уларни кечаси ой шуъласида ер бетига олиб чиқиб, ёйиб қуритадилар.

Чумолилар дунёнинг совуқ минтақаларидан ташқари барча жойларида яшайди.

Яна бир қизиқ маълумот – чумолилар умуман ухламайди.

Манбалар асосида Равшанбек ЎРИНБОЕВ тайёрлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Агар қишлоқлар аҳллари иймон келтирганларида ва тақво қилганларида эди, Биз, албатта, уларга осмону ердан баракотларни очиб қўяр эдик,, деган Аллоҳ субҳанаҳу ва давоми...

4273 23:05 / 26.04.2017
Гоҳида У Зот сенга тоат эшигини очади ва қабул эшигини очмайди. Гоҳида сенга гуноҳни тақдир қилади ва у У Зотга етишишга сабаб бўлади.Ушбу ҳикматда Ибн Атоуллоҳ давоми...

6452 16:21 / 29.04.2018
Агар азонниг овози бир маҳалладан иккинчи маҳаллагача етиб бормаса, унда ҳар бир маҳалла аҳли учун алоҳидаалоҳида айтишлари суннати муаккададир. .Раддул давоми...

1396 09:00 / 30.06.2023
Одатда одамлар муаммоларга дуч келганида, убу нарсага эҳтиёж сезиб ҳожатманд бўлиб қолганларида биринчи ўринда бошқаларга мурожаат қилишади. Гўёки, ўша бошқалар давоми...

7566 20:03 / 22.09.2017