1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Фозилхўжа Содиқхўжаев

16:13 / 07.12.2017 6024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Фозилхўжа Содиқхўжаевнинг уйларига ташриф буюрдик. Сиз азизлар билан Фозилхўжа домланинг ибратли ҳаёт йўллари  билан танишиб чиқамиз.

Фозилхўжа Содиқхўжаев

(1883-1974)

ТАҚДИМ

Фозилхўжа домла, Фозил қози, Қози домла номлари билан машҳур бўлган Фозилхўжа Содиқхўжаев 1883 йил 23 майда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкентдаги Бекларбеги мадрасасини тамомлаб, бир мунча вақт ишчи факультетларида ҳисобдан дарс берган. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати ташкил этилгач, у идора ҳайъати аъзоси ва Ўзбекистон қозиси бўлиб ишлади, маъҳад ва мадрасаларда талабаларга сабоқ берди. 1974 йили 1 март куни Тошкентда вафот этган. 

 

Ўртада Фозилхўжа Содиқхўжаев


1883 йилнинг баҳорида Тошкентнинг зиёли ва фозил кишиларидан Содиқхўжа хонадонида бир фарзанди аржуманд дунёга келди. Ота унинг келгусида аҳли фазл кишиларидан бўлиб етишишини орзулаб, унга Фозилхўжа деб исм қўйди. Солиҳ фарзанд ёшлигидан Қуръонга ошно бўлди, аввал отасидан, сўнг маҳалла масжиди қошидаги мактабда бошқа исломий илмлардан ҳам сабоқ олди. Кейин ўша пайтда машҳур бўлган Бекларбеги мадрасасида таҳсил олди, айниқса фиқҳ илмини пухта ўрганди. Ўтган милодий асрнинг йигирманчи йилларида Ўзбекистонда саводхонликни авж олдириш ҳаракати бошланганида ёш Фозилхўжа ўша пайтларда очилган ишчи факултетларида риёзиёт ва ҳандасадан ўқувчиларга таълим берди.

Шу орада мамлакатда ўзига тўқ мулкдорлар ва дин ходимларига нисабатан қатағон ишлари бошланиб кетди. Ўша машъум йилларда Тошкентнинг Эски Жўва мавзесидаги Маҳкама масжидида имом-хатиб бўлиб ишлаётган Фозилхўжа домла ҳам ана шу қатағоннинг зарбасидан четда қолмади. Анча танилиб қолган уламога ҳуқуқ идоралари томонидан "ҳақсиз" деган ёрлиқ ёпиштирилди. Бундай тоифадаги одамлар жамиятда яшашга ҳақ-ҳуқуқи бўлмаган шахслар саналиб, уларнинг жуда кўп ҳуқуқлари ва эркинликлари чеклаб қўйилган эди. “Ҳақсиз” деган ҳукм остига кирганлар бирор жабҳада фаоллик кўрсатиб, ўзини кўрсатгандан кейингина улардан бу ёрлиқ олиб ташланарди. Шундан сўнг Фозилхўжа домла “умумхалқ қурилиши” деб ном олган Катта Фарғона канали қурилишида фаол қатнашиб, “жамиятда яшашга ҳақли” деган янги ҳукмга муносиб кўрилди.

Шундан кейин Фозилхўжа диний соҳадаги фаолиятидан четланиб, Ҳасти Имом бозорида ота касби бўлмиш атторлик билан шуғулланди. 1943 йили Совет ҳукуматининг кўрсатмасига биноан Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати очилганида чуқур диний билим ва катта илмий салоҳиятга эга бўлган олимни диний назоратга ишга таклиф этишди. Ўша пайтга келиб олтмиш ёшни қоралаб қолган Фозилхўжа домла диний назоратнинг ҳайъати аъзоси ва Ўзбекистон қозиси этиб сайланади. У бу масъулиятли вазифани сидқидилдан адо этиб, мусулмонларнинг диний ҳаётига оида кўплаб зарур фатволарни тайёрлади. 1956 йили  Тошкентдаги Бароқхон мадрасаси очилгач, ўша ерда талабаларга тафсир ва ҳадис илмидан дарс берган.

Таниқли ёзувчи Абдуқаҳҳор Иброҳимов Фозилхўжа домланинг фазилатлари ҳақида шундай сатрларни ёзади: "Ўтган асрнинг 50-йиллари охирларида Тошкентнинг Кўкча даҳасидаги Оқилон деб аталувчи маҳалламизга давримизнинг машҳур уламоларидан бўлмиш Мулла Фозилхўжа домла ҳовли-жой қилиб кўчиб келдилар. Ўша кезлари бу диний арбоб Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раиси, муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг ноиби бўлиб хизмат қилардилар. У кишига шариат қозиси деган диний унвон берилган эди. Маҳалламиз аҳли мулла Фозилхўжа домлани тўғридан-тўғри “Қози домла” деб атарди.

Мулла Фозилхўжа домла маҳалламиз кўчаларида кўринганларида биз ёш-яланглар юришдан тўхтаб, салом беришга шайланиб, тавозеъ ила кутиб олардик, табассум барқ уриб турувчи нурли чеҳралари ва дуоларига мушарраф бўлардик. У киши маҳалламизда оддийгина умр кечирганлар, қурблари етса-да, дабдабали, қўшнининг уйини қуёшдан тўсиб қўядиган ўта баланд иморатлар қурмадилар. Гарчи қозилик мартабасига эришган бўлсалар-да, муомалада буни сездирмадилар".

Диний назорат томонидан амалга оширилган ҳар бир ишда, хусусан, қатор масжидларнинг очилишида, Мир Араб ва Бароқхон мадрасаларининг ташкил этилиши ва улардаги ўқув-таълим ишларининг мукаммаллашувида Фозилхўжа домланинг жуда кўп меҳнати сингди. Шунингдек, Фозилхўжа домла Тошкентдаги Олий ислом маъҳадининг (институтининг) ташкил этилишида ҳам фаоллик кўрсатди. Мамлакатдаги ягона олий диний таълим маскани   ўз фаолиятини 1971 йилда бошлаган эди. Бу даврда Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохон Қуръони карим тафсиридан дарс бера бошлади, таниқли Ислом уламоларидан Исмоил Махдум Соттиев ҳадис илмидан, Фозилхўжа Эшон фиқҳдан, Юсуфхон Шокиров балоғат фани ва мантиқдан, Абдуғани Абдуллаев араб тили ва адабиётидан дарс беришди.

Фозилхўжа талабаларга ўзи эгаллаган бой билимни етказишга астойдил ҳаракат қилар, юртимиздан таниқли уламолар етишиб чиқиши йўлида астойдил жон куйдирарди. Ўша пайтда Қози домладан сабоқ олганларнинг ҳикоя қилишларича, Фозилхўжа домла ҳар бир дарсга катта тайёргарлик кўрар, талабаларга фиқҳ илмининг нозик қирраларигача тушунтиришга интиларди. У Ислом оламида ниҳоятда машҳур бўлган ва ҳанафий фиқҳининг асосий матнларидан саналган Бурҳониддин Марғинонийнинг "Ҳидоя" асарининг матнини шарҳлари билан ёд олган бўлиб, талабаларга ҳам шу асосда дарс ўтарди.

Фозилхўжа домла Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратининг раиси ўринбосари ва қози бўлиши билан бирга Кўкча даҳасидаги Шайх Зайниддин жоме масжидида 1961 йилдан то вафотига қадар қарийб ўн беш йил имом-хатиб вазифасида ишлади.

Қози домла мустақил фатво бера оладиган етук фақиҳ эди, ундан қўлёзма ҳолида каттагина фатволар китоби мерос қолган. Фозилхўжа домладан қолган ўз дастхати билан ёзилган, бир неча қисмдан иборат бошқа бир дафтарнинг аввалида Жалолиддин Румий маснавийларидан келтирилиб, ҳошиясида араб ва форс тилидаги шарҳлар битилган. Кейинги бўлим Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг фазилатлари, у кишига атаб мавлуд ўқишнинг хосиятларига бағишланиб, Имом Жаъфар Барзанжийнинг "Мавлид ан-Набий"сидан намуналар келтирилган. Яна бир бўлимда солиҳ кишилар ахлоқига тегишли ва ибодатга тааллуқли масалалар баён қилинган. Китобчада кўплаб шеърлар ҳам бўлиб, бу Фозилхўжа домланинг назми таъби борлигидан далолат беради. Олимнинг бу асарлари қўлёзма ҳолида қолган бўлиб, уларни нашр этиш ҳақида ўйлаб кўриш керакка ўхшайди. 

Фозилхўжа домла замонасининг етук олими ва дин арбоби бўлиши баробарида юртдаги жуда кўп аҳли фазл инсонлар билан дўст тутинган, улар суҳбатига ошиққан зот эди. У айниқса узоқ йиллар диний назорат раиси муфтий Зиёуддинхон Эшон Бобохон билан дўстлик ришталари орқали қаттиқ боғланган эди. Шунингдек, Қози домла замонасининг таниқли олими ва давлат арбоби Алихонтўра Соғуний билан жуда яқин эди. Бу икки ҳаммаслак дўст тез-тез учрашиб туришар, советларнинг даҳриёна сиёсатидан эзилган мусулмонларнинг муаммолари ҳақида соатлаб суҳбат қуришарди. Уларнинг қанчалар яқин дўст бўлишганига қуйидаги воқеа яхши мисол бўла олади: Қози домла бу дунёдаги сафари қариганини сезгач, “жанозамни Алихонтўра Соғуний ҳазратлари ўқисалар…” деб васият қилади. Олимнинг бу васияти сўзсиз амалга оширилган. Орадан кўп ўтмай, машҳур уламолардан Алихонтўра Соғуний ҳазратлари тўқсон бир ёшда вафот этади. Бу зотнинг васиятлари бундай бўлган экан: “Бул ожиз бандани шайх Зайниддин бобо қабристонига мулла Фозилхўжа эшон ёнига дафн этинглар”. Бу васият ҳам сўзсиз бажарилди. Шундай қилиб, ўтган асрнинг эллигинчи-олтмишинчи йилларида   диний назоратнинг раиси шайх Зиёуддинхон Бобохоновнинг сафдоши бўлган икки улуғ зот – мулла Фозилхўжа эшон ва Алихонтўра Соғунийларнинг қабрлари ёнма-ён бўлди.     

Фозилхўжа Содиқхўжаев 1974 йилнинг 1 март кунида вафот этган. Жанозасини унинг васиятига кўра ҳаммаслак дўсти Алихонтўра Соғуний ўқиган. Қози домла Кўкча мавзеидаги қабристонга, Шайх Абу Бакр Зайниддин Тошкандий (1164-1259) қабри яқинида дафн этилган.

 Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Абдулҳамид Кишк ваъзларида Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳақларида кўп гапирар эди. Бу ҳақда ундан .Нима учун сиз Умар ибн Хаттоб ҳақларида кўп давоми...

1437 11:00 / 26.08.2022
Шайх, имом, забардаст муҳаддис Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Муқрий муҳаққиқ Аҳмад ибн Умар ибн Абул Ашъас ибн Самарқандий. Дамашқда туғилиб, Бағдодда яшаганлар. Луғат давоми...

1525 15:00 / 29.11.2020
Ўша пайтлар биз Либияда мусофирчиликда яшар эдик.Холамнинг қайиноталари ёки қайиноналари вафот этгани ҳақида хабар келди. Ҳазрат божаларига таъзия билдириб, давоми...

1534 20:00 / 25.06.2021
Абул Қосим ибн Асокир айтадилар .У кишининг оталари Ҳибатуллоҳ мўминлар амири Қоимбиллоҳга вазир, амакилари Ҳусайн Бағдодда бош қози эдилар. Ибн Мокуло 421 йил давоми...

1795 11:00 / 27.09.2020
Аудиолар

135114 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7485 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55392 14:35 / 11.08.2021