1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Соғуний соғинчи (иккинчи мақола)

16:30 / 20.08.2021 1844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тарихни ҳаққоний ёритиш, ўрини келганида ибора ва ўхшатишлар қўллаш; ширали, мазали, юқумли услубда ёзиш сабоғини ҳам олиш мумкин Соғуний ҳазратларидан. Ҳақ сўз юракнинг юрагидан жой олади. Ватан ва миллат фойдаси йўлида битилган чин тарих ўтда ёнмайди, сувда чўкмайди, шамолда совурилмайди; ҳаттоки уни оловли чақмоқ ҳам четлаб ўтади. Хусусан, Соғуний каби алломалар бошидан ўтказган, ўз кўзи билан кўрган ҳодисалар, иймон кўзи ва фасоҳат сўзи билан битилган тарихнинг қадр-қиймати бебаҳодир.

Алихонтўра Соғунийнинг ўз вақтида ёзган қайғулари – бу бизнинг қайғулар. Ўз замонидан Соғуний ҳазратлари туйган туйғулар – булар бизнинг туйғулар. Юраклардан қайғу кетди ва армонлар ушалган замонларга етдик.

Соғуний биографик табиатли «Туркистон қайғуси» асарида бошидан ўтган тури машаққатли кунлар баёнида бадиий тил имкониятларидан, турли ўхшатиш ва қиёслашлардан ўринли фойдаланади: «Биз дағи бойўғли қушлардек бўлиб, шу чолдевор хароба уйларнинг бирига тушиб жойлашдик». Бошқа бир саҳифадан душманлар кўзидан паналаб юрган кулфатли кунларини: «Шаҳар четига чиққач, мозор олдидаги қалин қамиш ичида укки қушдек оқшом қороғуси тушганча шу ўринда чиркайга таланиб ётдик» ёки «Овчидан қочган тулкидек у тешикдан бу тешикка йўткалиб юриб, икки ой ўтказдим», деб ёзади.

Кимсасиз ва йўлсиз йўллар, хатарли сафарлар, баъзан одамдан от сезгир келади. Отнинг оёғи тортмайди. Тилсиз жонивор қамчи зарбидан иложсиз одимлайди. Аммо эгасига адашганини айта олмайди. Йўл ёнга – бошқа тарафга бурилади. От чопқиллайди. От сезими! Беихтиёр от эгасининг йўлдаги изларга кўзи тушади ва: «Меним учун шу чоғда от изини кўрмак, ёр юзини ўпмакдан ҳам ортиқ кўринар эди», дея қувончини ёзади у. Баъзида «бўридан қочиб, қассобга йўлиққан қўй каби», «илон чаққан киши арқон шаклидан чўчийди дегандек» ўхшатиб ёзади. Таниш оғайнилари Соғунийни кўриб қувонишганини «ҳожидан келган оталарни кўргандак» деб тавсифлайди.

Муаллиф баъзида об-ҳаводаги ўзгаришлар, ёлқинли, ёқимли, ойдин ва нурли паллаларига кўнглининг чўнгқирида яширин ётган умид гулларини тақиб: «ҳуррият оламида эркинлик билан яшовчи инсонлар кўнгилларидек очилган ҳаво» деганича ифода тарзидан гулчамбар ясаб сизга тақдим этади. Аслида Соғуний учун ҳуррият, озодлик – бу улкан соғинч ва орзу. Тутқун одамнинг хаёлан ҳур замонларини фақатгина кишан кийган кимсагина англайди. Бугун сиз билан биз «ҳуррият оламида эркинлик билан яшовчи инсонлар»миз. Бунинг қадрига етмоқ керак. Бу ҳуррият ва эркинлик кунлар қадрини англаш, тушуниш, ҳис этиш учун Соғунийга йўлдош, сирига сирдошликни бир бора бўйинга олмоқ керак. Нима демоқчиман? Бор-йўғи унс ва меҳр билан «Туркистон қайғуси»ни бир ўқимоқ ва уқмоқ лозим.

Китоб муаллифининг мунгдошлари ва қайғудошларига, қисматдошлари ва кўнгилдошларига ора-орада билдирган миннатдорчилиги, ўтганлари руҳига дуолари – булар ҳам чин исломий маданиятга муносиб изҳор ва ифодалар, албатта.

1976 йил қиш охирида, аниқроғи, 29 февраль куни Ҳазрат боқий дунёга сафар қилдилар; Тошкент шаҳридаги Шайх Зайниддин бобо қабристонида адабий қўним топдилар.

Алихонтўра Соғуний қайғуси бизга бегона эмас эди. Биз Соғунийни соғинамиз, Соғуний бизга ҳамдард, қайғудош, дарддош, аламдош, умиддош эди... Умр вафо қилиб, Соғуний бугунги замонларга гувоҳ бўлганида, юз ёшдан ошган мўйсафиднинг мисоли ёш боладек беғубор қувончлари, худди боладек чопқилаб югуришларини тасаввур қилиш мумкин.

Оғир, азобли ва синовли кунларни бошидан ўтказган Алихонтўра Соғуний «Ҳар бир оғирлик орқасидан, албатта, енгиллик келгусидур», деган илоҳий бир ҳикмат рўёбидан асло умид ўзмади.

«Умидсиз бўлма, Соғуний, умидинг кўзгуси бордур,

Қаронғу кеча сўнгидин қуёшнинг чиқғуси бордур».

Инсон умрини умидлар узайтиради, орзулар гўзал қилади. Келажак авлодлар, Ватан ва миллат қайғуси унга мазмун бағишлайди. Алломанинг туйғулари, туйганлари, қайғулари туйганларимга уйқаш келди. Нотинч замонлар, талатўплар, қоч-қоч ва қув-қувлар – одам бошига келган синов-имтиҳонларнинг бари тинч ва осуда, ҳур ва озод кунлар қадрига етишдан сабоқ беради, албатта.

Филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим

«Ер усти инсонлари ер ости маъданлари каби турликча яратилганликдан, ҳар қайсилари ҳар турлик қобилиятга эгадурлар. Булар ичида темир кўмирлари кўп бўлгандек, олтин олмослари ҳам оз эмасдир. Энди эса келажак кунларда биз учун яхши шароитлар тугилиб, қобуси келар экан, тоғ боскандек устимизда босиб ётган босқинчилар қўлидан ватанимиз Туркистонни, албатта, қутқара оламиз. Чунки, бизлар ҳозирги ҳолда тоғ тагига тушган чумолидек ожизликда ётган бўлсак ҳам, бунга қарши кўз олдимизда тоғларни қўпоргудек (ағдаргудек, кўчириб, юлиб ташлагудек), даҳшатлик куч-қувватлар фурсат кутиб турибдилар. Агар шундоқ кунлар тўғри келар экан, сиёсат майдонига миллат етакчилари, албатта, чиқади ва шунда Туркистон халқи ўз ҳукуматини биринчи навбатдаёқ қуриб олиши, албатта, лозимдир. Ҳар миллатнинг ўз ҳукумати ўз қўлида бўлмас экан, чўпони, қўйчибони йўқ бир тўда қўй каби йиртқич қушларга, оч бўриларга ем бўлиб, охири инқирозга учраб йўқолади».

(Тамом)

Алихонтўра Соғуний, «Туркистон қайғуси»

«Ҳилол» журналининг 8(29) сонидан

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аҳмад ҳожи Муҳаммад Турсун Турсунов Аҳмад Мамажонович 1949 йили Наманган шаҳрида туғилган. 1979 йили Наманган давлат университетини тамомлаган.1967 йилдан буён давоми...

1995 12:07 / 19.05.2021
Ривоят қилишларича, бир куни Ҳазрат Абулмаъоний тушида жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўришга муяссар бўлади. У зот Собитхон тўрага .Ватанга давоми...

1502 17:00 / 15.12.2021
Илмий ndash адабий меросиШоир Мажзуб ўзбек ва форс тилларда қалам тебратган мутасаввиф шоир бўлиб, асарлари алоҳида тўплам ҳолида чоп этилган. Ундан бизга илмий ndash давоми...

1297 14:00 / 28.09.2021
биринчи мақола .Доктор Тоҳо Ҳубайший сўзласа атроф файзга тўларди. Гапирмай қўйса, одамлар безовта бўларди. У мадад қилинган зотлардан, илоҳий ато аҳлларидан, давоми...

1777 14:00 / 27.07.2022
Аудиолар

120753 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7059 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42315 14:35 / 11.08.2021