1445 йил 25 шаввол | 2024 йил 04 май, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга шафқатлари

18:55 / 06.12.2017 3692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, машаққат чекканингиз унинг учун оғир бўлган, сиз(нинг саодатга етишишингиз)га ташна, мўминларга мушфиқ, меҳрибон Расул келди» («Тавба» сураси, 128-оят).

Шарҳ: Ояти каримада Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг асосий сифатларидан бир нечаси зикр қилинмоқда. Дунё тарихида у зотдек кишиларга марҳаматли, меҳрибон инсон бўлган эмас.

2716. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир Набийнинг қабулида шак йўқ дуоси бўлади. Барча Набийлар ўз дуоларини (бу дунёда) қилиб бўлдилар. Мен ўз дуоимни қиёмат куни умматимга шафоат бўлиши учун беркитиб қўйганман. У менинг умматимдан Аллоҳга ҳеч нарсани ширк қилмай ўлганларга, албатта, етгувчидир», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

2717. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ азза ва жалланинг Иброҳим ҳақидаги «Эй Роббим, албатта, у(санам)лар одамлардан кўпини адаштирдилар. Бас, ким менга эргашса, у мендандир. Ким менга осий бўлса, албатта, Ўзинг мағфират қилгувчи ва раҳмлисан», деган қавлини тиловат қилдилар. 

Ийсо алайҳиссалом: «Агар уларни азобласанг, бас, албатта, улар Сенинг бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, бас, албатта, Сенинг Ўзинг Азийз ва Ҳакиймсан», деган эдилар. 

Бас, у зот икки қўлларини кўтариб туриб:

«Аллоҳим! Умматим! Умматим!» дедилар ва йиғладилар. Шунда Аллоҳ азза ва жалла:

«Эй Жибрийл, Муҳаммаднинг ҳузурига бор. Роббинг билиб турса ҳам, ундан «Сени нима йиғлатур», деб сўра», деди. 

Жибрийл алайҳиссалом келиб, у ҳақда сўради. У Зотнинг Ўзи билиб турса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўзлари айтган нарсаларнинг хабарини бердилар. Шунда Аллоҳ:

«Эй Жибрийл, Муҳаммаднинг ҳузурига бор ва «Албатта, Биз сенинг умматинг ҳақида рози қилурмиз, сенга ёмонлик қилмасмиз», деб айт», деди».

2718. Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло Ўз бандаларидан бир умматга (Ўз) раҳматини ирода қилса, унинг набийсини ўзидан аввал қабз қилиб, уни (умматига) фарат ва ундан аввалги қарз қилур. Қачон бир умматга (Ўз) азобини ирода қилса, уни набийси тирик турганда азоблаб, унинг кўз ўнгида уларни ҳалок қилур. Улар уни ёлғончига чиқарган ва ишига исён қилган пайтда у(уммат)нинг ҳалокати билан кўзини қувонтирур», дедилар».

Иккисини Муслим «Иймон китоби»да ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло Ўзи мана шундай баркамол сифатларга соҳиб қилган бандаси – Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни Ўзининг охирги пайғамбари қилиб танлаб олди. Ўша пайтдаги жаҳолат ботқоғига ботган, ғафлат уйқусида қотган инсониятни тўғри йўлга бошлаш учун, уларга охирги ва мукаммал шариатнинг амалларини аввал ўзи қилиб кўрсатиши учун, барчага шахсий ўрнак бўлиши учун худди шу баркамол сифатлар ила сифатланган инсони комил керак эди. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша талабларнинг барчасига тўлақонли жавоб берадиган зот эдилар.

Шу билан бирга, у зотнинг охир замон пайғамбари эканликларининг далили сифатида бошқа аломатлар ҳам бор эди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)




Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
2726. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Сизга ваҳий қандай келади, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ давоми...

4707 21:11 / 15.12.2017
Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг таржимаи ҳолларининг ўзи биз учун буюк намуна. Аввало, У зот алайҳиссалом биз каби оддий инсон бўлганлар ва буни ҳаммага эълон давоми...

2502 19:05 / 05.11.2019
2687. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар,. Икки шайх ва Термизий ривоят давоми...

3253 19:16 / 01.12.2017
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларини биламизмиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатларидан давоми...

2132 11:55 / 01.11.2019
Аудиолар

120854 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42420 14:35 / 11.08.2021