1445 йил 23 шаввол | 2024 йил 02 май, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 117-оят

09:05 / 14.11.2017 14196 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир. Бақара 117.

Кофирларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога нисбатан қилган энг катта беодобликлари, туҳматлари шуки, улар:

«Аллоҳ фарзанд тутди», – дедилар».

Аллоҳ таолонинг Ўзи бу туҳматни ҳадиси қудсийларидан бирида «сўкиш» деб баҳолаган.

Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом:

«Аллоҳ таоло: «Одам боласи Мени ёлғончи қилди, шуни қилмаса бўларди. Одам боласи Мени сўкди, шуни қилмаса бўларди. Мени ёлғончи қилгани – уни қандай бўлса, шундай қилиб қайта тирилтира олмайди, деб ўйлайди. Мени сўккани – «Боласи бор», дейиши. Мен хотин ёки бола олишдан покдирман», – деб айтди», – деганлар.

Кофирлар ушбу ояти каримада келганидек, «Аллоҳ Ўзига фарзанд тутди», – дейдилар.

Бу оятлар нозил бўлаётган пайтда мусулмонлар билан юзма-юз тўқнашиб турган уч тоифа кофирларнинг барчаси ҳам улкан жиноятга бориб, Аллоҳга туҳмат қилишарди:

Яҳудийлар: «Узайр Аллоҳнинг ўғли», – дейишарди;

Насоролар: «Ийсо Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», – дейишарди;

Кофирларнинг учинчи гуруҳи бўлмиш мушриклар: «Фаришталар Аллоҳнинг қизлари», – дейишарди.

Ҳозирги замон мусулмон уламоларидан шайх Абул Ҳасан Надавий ҳазратлари бу ояти кариманинг улкан мўъжизаси ҳақида қуйидаги маънони ёзганлар. Оятда «Ва: «Аллоҳ фарзанд тутди», – дедилар», – дейиляпти. Бу жумладан «Аллоҳнинг насли бор», яъни «Ундан фарзанд туғилди», деган маъно келиб чиқмайди. «Ўзидан туғилмаган шахсни асранди фарзанд қилиб олди», деган маъно чиқади.

Тарихни яхшироқ ўрганиб кўрилса, диний мазҳабларга чуқурроқ назар солинса, насоро мазҳабларидан баъзилари «Ийсо Аллоҳнинг тутинган – асранди ўғли», деб эътиқод қилишар экан. Қуръони Карим илоҳий китоб бўлмаганида, бу нозик тарафларни ким билар эди?!

Кофирларнинг бу бўхтонларига қарши оятнинг давомида ва кейинги оятда Аллоҳ таоло бешта раддия билан жавоб қилмоқда:

«У Зот покдир. Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир. Ҳамма Унга бўйсунувчидир. У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир. Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир».

1.  «Субҳанаҳу» сўзининг ўзи «Аллоҳ пок бўлди, юқори бўлди,
уларнинг айтганлари бекор» деган маъноларни англатади. Шунинг
учун ҳам биз уни «У пок бўлди», деб тушунсак ҳам бўлади.

2.  «Балки осмонлару ердаги барча нарсалар Уникидир».

Яъни ҳамма нарсага эга бўлиб турган Зотнинг фарзандга ҳожати бўлармиди?

3.  «Ҳамма Унга бўйсунувчидир».

Яъни ҳамма Аллоҳнинг бандасидир, фарзанди эмас. Ҳамма Унга бўйсуниб турганда, Унинг фарзандга ҳожати қолармиди?!

4.  «У осмонлару ернинг беназир қилиб яратувчисидир».

Яъни Аллоҳ таоло уларни йўқдан пайдо қилувчи Зотдир. Осмонлару ернинг нималигини инсон ҳалигача тўла англаб етгани йўқ. Аллоҳ эса уларни йўқдан бор қилган. Шундай улуғ Зот, албатта, фарзандга ҳожатмандликдан пок ва юқоридир.

5.  «Бирор ишни ҳукм қилса, унга: «Бўл!» – дейди, холос, бас, у бўладир».

Яъни Аллоҳ фаришталарни яратишними, Узайр ёки Ийсо алайҳиссаломларнинг дунёга келишлариними, нимани ирода қилса, «Бўл!» – дейди. Ва айтганидай бўлади. Тамом. Бошқа гапга, ҳар хил тахмину бўҳтонларга ҳожат йўқ.

Исломий тасаввурдан бошқа тасаввурлар ва фалсафаларнинг катта хатоси Холиқ (яратувчи) билан махлуқ (яратилмиш) орасидаги фарқни тушунмасликдадир. Ислом назарияси бўйича, махлуқлар тамом бошқа, Холиқ тамом бошқадир. Холиқнинг асло ўхшаши йўқ, Уни тасаввурга сиғдириб ҳам бўлмайди, махлуққа қиёсан таърифланмайди ҳам. Яъни Аллоҳнинг хотини ҳам, фарзанди ҳам бўлиши мумкин эмас.

Ҳозирги кунда «Аллоҳнинг фарзанди бор» деган эътиқодга асосланган динга ишонувчилардан кўплари динларини тарк этмоқда. Баъзи мазҳабларнинг бошлиқлари бу эътиқоддан воз кечишни таклиф этмоқдалар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мушрикаларни иймон келтирмагунларича никоҳингизга олманг. Шубҳасиз, мўмина чўри мушрикадан, гарчи у сизни қизиқтирса ҳам, яхшидир. Ва мушриклар иймонга давоми...

3612 18:00 / 28.02.2018
Сендан ҳаром ойда уруш қилиш ҳақида сўрарлар. .Унда уруш қилиш катта гуноҳ. Аллоҳнинг йўлидан тўсиш, Унга куфр келтириш, Масжидул Ҳаромдан тўсиш, унинг аҳлини ундан давоми...

3618 08:45 / 24.02.2018
Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара 199. Ислом тенглик давоми...

3170 08:10 / 06.02.2018
Чақмоқ кўзларини олиб қўяй дейди. Ҳар сафар ёришган пайтда юриб олишар, қоронғи бўлса, туриб қолишар. Аллоҳ агар хоҳласа, қулоқ ва кўзларини кетказур. Албатта, давоми...

4958 16:44 / 19.07.2017