1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 199-оят

08:10 / 06.02.2018 3173 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар. Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир. Бақара 199. 

Ислом тенглик динидир. Бу нарса, айниқса, мусулмонларнинг йиллик умумий йиғилиши бўлмиш ҳажда яққол кўзга ташланади. Унда кишилар барча имтиёзлардан, белгилардан ва аломатлардан ажралиб чиқадилар. Ҳатто кийимларидаги имтиёзлар ҳам билинмаслиги учун тикилган кийимларни ечиб ташлаб, авратларини тўсадиган икки парча мато билан кифояланадилар. Бировдан бировнинг ҳеч қандай фарқи қолмайди. Подшоҳ ҳам, гадой ҳам, ёш ҳам, қари ҳам, кучли ҳам, кучсиз ҳам, бой ҳам, камбағал ҳам эҳромда, бош яланг, Аллоҳнинг ҳузурида ўзини хор тутади. Демак, шундай бўлса, Қурайш қабиласининг ёки бошқа кишининг ўзини юқори тутиши, Арафотда одамлардан имтиёзли бўлиб, алоҳида туришлари ҳеч тўғри келмайди. Улар ҳам барча билан баробар туришлари ва одамлар қайтиб тушган жойлардан тушишлари керак.

«Сўнгра одамлар қайтиб тушган жойдан тушинглар».

Шу билан бирга, аввал ўзларидан ўтган гуноҳлар, адашиб-улоқишлар учун Аллоҳга истиғфор айтиб, гуноҳларини кечиришини сўрашлари керак:

«Ва Аллоҳдан мағфират талаб қилинглар. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир».

Аллоҳ таоло ҳажда юрган бандаларини истиғфор айтишга буюрмоқда. Ҳаж қилдим, гуноҳим ювилди, деб ғурурга кетмасин. Мана шундай улуғ мақомда ҳам ўзида камчилик сезсин. Истиғфор айтиш улкан бахту саодатга ҳам эриштиради. Пайғамбаримиз алайҳиссолату вассалом: «Ким истиғфор айтишни ўзига лозим тутса, Аллоҳ унинг мушкулини кушойиш қилади, оғирини енгил қилади ва ўзи ўйламаган томондан ризқ беради», – деганлар.

Имом Насафий ривоят қилишларича, жоҳилият даврида одамлар ҳаж амалларини бажариб бўлганларидан сўнг Мино билан тоғнинг орасига туриб олиб, ота-боболарининг фазилатларини санар эдилар ва машҳур кунлар ҳамда уларда бўлиб ўтган ишларни эслар эдилар.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

  «Жоҳилият аҳли ҳаж мавсумида «Отам кишиларга таом берар эди, тўловини тўлар эди», – деб оталарининг ишларидан бошқа нарсани зикр қилмас эдилар. Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссолату вассаломга оят нозил қилди», – дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сиз сабабли иймон келтиришларини тама қиласизларми Ҳолбуки, улардан бир гуруҳи Аллоҳнинг каломини эшитар, сўнгра, уни англаганларидан кейин билиб туриб, давоми...

2779 09:00 / 27.09.2017
Одамлар бир уммат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм давоми...

2779 23:50 / 20.02.2018
Албатта, сизларни бир оз хавф ва очлик билан, молмулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга хушхабар бер. Бақара 155.

8458 09:05 / 22.12.2017
Ана ўшалар залолатни ҳидоятга, азобни мағфиратга сотиб олганлардир. Оловга қандай ҳам «сабрли»лара Бақара 175. Ушбу ояти каримада васф асосида ҳақиқатни беркитган давоми...

2568 08:30 / 13.01.2018