1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Жаббор (10)

08:20 / 20.04.2017 10990 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Жаббор 

«Ал-Жаббор» сифатининг маъноси олий қадар улуғ Зот, ҳузурида ҳамма ўзини хор тутадиган Зот демакдир. У зот камбағалларни беҳожат қилади, ҳар бир қийналганни енгилликка чиқаради, мусибатга учраганларни сабот ва сабрга муваффақ қилади, агар мажбуриятларини адо қилишса, мусибат эвазига улкан ажрга мушарраф қилади. Синиқ қалблар у Зот сабабли тузалур. Дуодаги «Аллоҳумма ужбурний» сўзи банданинг ислоҳи ва унга зарар берувчи барча нарсани дафъ қилиш ҳақиқатидир.
Ал Жаббор сўзи Қуръони каримда бир жойда, Ҳашр сурасининг 23 оятида зикр қилинган.
Ҳаммамизга маълумки, Аллоҳнинг исми зот, исми сифат, исми феъл, исми танзиҳ ва исми таъзим каби исмлари бор. Ал Жаббор исми исми таъзимга тааллуқлидир. Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда: «Такаббурлик Менинг либосимдир, азамат Менинг ридоимдир. Ким буларнинг бирортаси борасида Мен билан талашса, уни дўзахга улоқтираман», деган. (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло баъзан махлуқотларини қийин бир имтиҳонга солади. Ушбу имтиҳонда Аллоҳнинг душманлари кучли бўлади. Улар айтган нарсаларини амалга оширадилар. Шунда иймони заифлар уларни илоҳ деб ўйлаб, улар олдида тиз чўкишади. Аслида Аллоҳ таоло ал Жаббор исмини ҳам, ал Қаҳҳор исмини ҳам, ал Азиз исмини ҳам ҳеч кимга топшириб қўймайди. Аксинча, бу мақомларга даъвогарлик қилишга уринганларни яксон қилади. Аммо У Зот бирор умматни йўқ қилиш учун маълум муддатни таъйин қилиб қўйган бўлиб, ўша муддат келгунча қўйиб беради, холос. Кишилар ёки миллатлар ҳар қанча умр кўрмасин, агар зулм ва туғёнга кетиб, бошқаларга жабр-зулм қилишса, Аллоҳ белгиланган муддатда уларни яксон қилади.
Ал Жаббор сифати Аллоҳга нисбатан ишлатилганда комиллик маъносини англатиб, Унинг азаматига далолат қилади. Аммо инсонга нисбатан «Фалончи жаббор», яъни жабр-ситам қилувчи десак, бу исмда нуқсон бўлади, чунки у инсонда ноқис васф билан аталади.
«Аллоҳ ҳар бир мутакаббир ва зўравон қалбни аа шундай муҳрлайди»  (Ғофир сураси, 35 оят).
Банда нима қилса ҳам барибир бандадир, Робб эса Роббдир. Банданинг иши муҳтожликдир. Башариятнинг энг олий чўққиси бўлган пайғамбарлар ҳам «таом ер, бозорларда юрар» эдилар (Фурқон сураси, 20 оят).
Бир инсон такаббурлик қилса, ҳақсиз такаббурлик қилган бўлади, чунки аслида у заиф, фақир ва жоҳилдир. Унинг такаббурлиги ботилдир. Аммо Аллоҳ таолони улкан десак, У Зотнинг азаматини ҳар қанча билмайлик, У Зот биз ўйлагандан ҳам буюкдир. У Зотнинг қудратини биламиз десак, У Зот биз ўйлагандан ҳам қудратлидир. Ҳақиқий ал Жаббор сифатига эга бўлган Зот Аллоҳ таолодир. Уни идрок қилишга фикр ожиз, уни оддий кўз қамраб ололмайди. Аллоҳни ҳар қанча васф қилмайлик, У Зот унинг хилофидир. Чунки Уни ердаги бирор томон қамраб олиши, тўлиқ билиши мумкин эмас. Ҳатто пайғамбарлар ҳам Аллоҳни нисбий маърифат орқали танишади. Аллоҳнинг Зотини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.
Ал Жаббор сўзи нафс учун маҳбуб сўзлардандир. Аллоҳ мазлумга ҳам жаббордир (ёрдамчидир), камбағалга ҳам жаббордир, беморга ҳам жаббордир, маҳрумга ҳам жаббордир, муаммога учраган кимса учун ҳам жаббордир.
«Ал Жаббор» сўзининг биринчи маъноси етишиб бўлмайдиган даражада олий деганидир. Инсонга нисбатан «жаббор» сифатини ишлатиш фақат салбий маънода бўлади, чунки у убудият устидан олий бўлмоқда. Аслида инсон Аллоҳга ва Аллоҳнинг ҳукмига бўйин эгиши керак эди. Агар бир инсонни жаббор, яъни қудратли ва бешафқат десак ҳам, Аллоҳ таоло уни албатта яксон қилади, деган маъно тушунилаверади.
«Ал Жаббор» сўзининг иккинчи маъноси ишларни ислоҳ қилувчидир. Аллоҳ синганларни созлайди, заифларга қувват ато қилади. Демак, Аллоҳ бирор кишининг аҳволини ислоҳ қилса, ўша банда эмас, У Зотнинг Ўзи ал Жаббор бўлади, чунки заифни кучли қилган, жоҳилни илмли қилган, мазлумга ёрдам берадиган ҳам У Зотдир.
«Ал Жаббор» сўзи заиф банда томонидан еру осмонларнинг Холиқига нисбатан ишлатилса, ўзига хос маънони ифода қилади. Масалан, моли сотилмаётган тижоратчи «Эй Жаббор! Унинг сотилишида ёрдам бер!» деса, Аллоҳ таоло унинг бозорига ривож ато қилади, хавфга тушган киши: «Эй Жаббор! Менга омонлик бер!» деса, унга хотиржамлик ато қилади, мазлум: «Эй Жаббор! Менга ёрдам қил!» деса, уни қутқаради, камбағал: «Эй Жаббор! Мени беҳожат қил!» деса, уни бой-бадавлат қилади.
«Ал Жаббор» сўзининг учинчи маъноси золимга зарба бериб, мазлумга нажот берувчи Зотдир.
«Ал Жаббор» сўзининг тўртинчи маъноси хоҳлаган ишини бажарувчи Зот деганидир.
«Ал Жаббор» сўзининг бешинчи маъноси синган қалбларни жойига келтирувчи Зотдир.
«Ал Жаббор» сўзининг олтинчи маъноси Ўзи ирода қилган нарсага йўлловчи Зотдир. Сен бир нарсани хоҳлайсан, мен бошқа нарсани хоҳлайман, Аллоҳ эса Ўзи хоҳлаганини амалга оширади. Аллоҳ истаган эди, оловни салқин қилиб қўйди, уни омонликка айлантириб қўйди. «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин бўл, саломатлик бўл!» дедик. Улар унга (Иброҳимга) ёмонлик ирода қилган эдилар. Биз эса уларни энг зиён кўрганлардан қилиб қўйдик» (Анбиё сураси, 69 оят).
Бу ҳақда бир рамзий қисса бор. Бир киши хотини билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотини бориб қараса, тиланчи экан. Хотин тиланчига ўша овқатдан бермоқчи эди, эри уни жеркиб, «Уни ҳайдаб юбор», деди. Хотин уни ҳайдаб юборди. Кейинчалик эр хотинни орасига совуқлик тушиб, эр хотинини талоқ қилди. Сўнгра бошқа киши келиб, совчи қўйиб у хотинга ўйланди. Кунларнинг бирида у иккинчи эри билан товуқ еб ўтирган эди, эшик тақиллаб қолди. Хотин эшикни очиш учун борса, тиланчи экан. Хотин тиланчини кўргач, қийин аҳволга тушиб қолди. Эри: «Эшикни тақиллатган ким экан?» деган эди, хотин: «Аввалги эрим экан» деди. Шунда иккинчи эри: «Аввалги тиланчи мен эдим!» деди.
Аллоҳ Жаббор Зотдир, катта ва баландпарвоз гапларни гапиришдан ҳазир бўл!
«Ал Жаббор» сўзининг еттинчи маъноси инсон тасаввури ета олмайдиган Зотдир. Аллоҳни қандай тасаввур қилмайлик, У Зот бунинг аксидир. Хаёлимизга Аллоҳ ҳақида нима фикр келса, Аллоҳ унинг аксидир.
Аллоҳ таолонинг барча исмлари бу дунёда амалга намоён бўлади. Аммо «ал-Адл» исми жузъий ҳолда амалга ошади. Аллоҳ таоло барча золимларни эмас, уларнинг баъзиларини қолганлар зулмдан тўхташи учун азоблайди. Баъзи яхши одамларни эса қолганларни шижоатлантириш учун мукофотлайди. Лекин мукофотнинг нақди Қиёмат куни бўлади. Аллоҳ бу ҳақда: «Қиёмат куни ажрларингизни тўлиғича олурсиз», деган (Оли имрон сураси, 185 оят).
Энг кучли Зот билан бирга бўлишни хоҳласанг, ал Жаббор сифатли Зот билан бирга бўл!
Аллоҳ таоло барчамизни жаббор бўлишдан асрасин ва бизнинг фойдамизга ал Жаббор сифати билан тажаллий қилсин!

Манба: islom.uz
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қадимги ақоид китобларида Аллоҳ таолонинг борлигига далил келтириш одат бўлмаган. Ўша вақтлардаги уламоларимиз Аллоҳ таолонинг борлигига ҳеч ким шубҳа давоми...

6534 00:22 / 03.12.2016
Маънавий сифатлар тўрт қисмга тақсимланади. Биринчи қисм ndash вожиб, мумкин ва имкони йўқ нарсаларга алоқаси бор сифатлар. Бу қисмга илм ва калом сифатлари давоми...

3162 15:30 / 12.04.2021
. .Роббингнинг сўзлари содиқлик ва адолат ила батамом бўлди, Анъом сураси, 115оят. .Сен .Агар инсу жинлар ушбу Қуръонга ўхшаш нарса келтириш учун давоми...

580 19:00 / 18 ноябрь
Аллоҳнинг мавжудлиги ҳақидаги баҳсни тарк қилиб, гапни Унинг тавҳидидан бошлашимизнинг сабаби, озгина даҳрийлар тўдасидан бошқа махлуқотларнинг бирортаси давоми...

1637 15:27 / 04 март