1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аҳли дўзахнинг қўрқинчлари ва ёрдам сўрашлари

23:39 / 01.12.2016 4376 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Дарда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли дўзахга очлик ташланур. Бас, у улар чекиб турган азобга тенг бўлур. Бас, улар ёрдам сўрарлар ва уларга семиртирмайдиган ва очликдан беҳожат қилмайдиган зорийъ-тикони ила ёрдам берилур. Улар яна таом берилишини сўрарлар ва уларга томоққа тиқиладиган таом берилур. Шунда улар дунёда тамоққа тиқилган нарсани шароб билан ўтказишларини эслайдилар ва шароб ила ёрдам берилишини сўрайдилар. Бас, уларга шароб ила ёрдам берилур. Уларга калолийб-темир идишларда ўта қайноқ сув кўтарилади. У уларнинг юзларига яқинлашганда юзларини қовуради. Қоринларига кирганда қоринларидаги нарсаларни қиймалайди.
Шунда улар:
«Жаҳаннамнинг хазана-қўриқчиларини чақиринглар!» дейишади.
«Сизларга расулларингиз равшан ҳужжатлари ила келмасмиди?!» дейдилар.
«Ҳа», дейишади.
«Чақринглар! Кофирларнинг чақириши залолатдан бошқа нарса эмас», дейдилар.
Кейин улар:
«Моликни чақиринглар!» дейишади-да «Эй Молик! Роббинг бизни тугатсин», дейишади.
«Албатта, сизлар кутиб турувчисизлар», деб жавоб беради.
Бундан кейин улар:
«Роббингизни чақиринг. Роббингиздан ўзга бирор яхши йўқ», дейишади-да «Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз. Эй Роббимиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз», дерлар. У зот : «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!» дейди.
Ана ўшанда улар барча яхшиликдан ноумид бўладилар. Ана ўшанда улар «Зафийр», ҳасрат ва дод солишни бошлайдилар», дедилар
». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Зорийъ-Қуръони Каримнинг «Ғошия» сурасида қуйидагича зикр қилинади:
«Уларга Зорийъ-тиканидан бошқа таом йўқдир».
Ўша жаҳаннамийларга бериладиган таом тикон, махсус тикондир. Номи «шибриқ» деган тикон навидир. У энг ёмон, энг ифлос ва энг ёқимсиз таомдир. Зроийъни ҳатто ҳайвонлар ҳам емайди. Демак, жаҳаннамий оловда куйиб жизғанак бўлиб, ўта қайноқ булоқнинг сувидан ичиб, ички аъзолари ҳилвираб турганда, тиконни таом ўрнида ер экан. У тикон теккан ерини шилиб, титиб ўтиши муқаррар. Шу билан бирга...
«У на семиртирмас ва на очликни кетказмасдир».
Демак, у фақат жаҳаннамдаги нобакорни азоблаш учун берилади. Улар ўта оч қолганларидан ўша тиконни таом ўрнида ейишга мажбур бўладилар. Шундоқ қилиб, ўта чанқаганларидан қайнашнинг юқори нуқтасига етган сувни ичиб, ўта оч қолганларидан тиконни еб, абадий «маза» қилиб юраверадилар.
«Жаҳаннамнинг хазана-қўриқчи-ларини чақиринглар!»
Бу ҳақда «Ғофир» сурасида батафсил хабар келган.
«Дўзахда турганлар жаҳаннам қўриқчиларига: «Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин», дедилар».
Бир-бирлари билан даъво талашиш фойда бермаслигига ишонч ҳосил қилганларидан кейин, дўзахда турган ҳолларида, шояд бирор ёруғлик чиқиб қолса, деб жаҳаннам қўриқчиларига мурожаат этадилар:
«Роббингизга дуо қилинглар, биздан бирор кун азобни енгиллатсин».
Уларнинг гапидан азобдан қутулишнинг ёки уни бирйўла енгиллатишнинг иложи йўқлигига ишониб етганлари кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам улар жаҳаннам қўриқчилари бўлмиш фаришталардан ҳеч бўлмаса бир кунгина азобни енгиллатишни сўраб беришни илтимос қилмоқдалар.
Уларнинг бу илтимосларига жаҳаннам қўриқчилари савол билан жавоб бердилар:
«Улар: «Сизга Пайғамбарларингиз очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келмаган эдиларми?!» дедилар.
Булар: «Ҳа», дейишди.
Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Жаҳаннам қўрқинчлари: «Нима сабабдан бу ҳолга тушиб қолдингиз?! Сизга Пайғамбар келиб, шу кун бошингизга тушиши мумкинлигидан огоҳлантирмаган эдими?! « деб сўрадилар. Шунда:
«Улар: «Ҳа», дейишди».
Дўзахилар: «Ҳа, Пайғамбарларимиз бизга очиқ-ойдин ҳужжатлар билан келган эдилар», деб жавоб қилишади. Уларнинг бу эътирофларидан кейин жаҳаннам қўриқчилари узил-кесил жавобни берадилар.
«Улар: «Бас, дуо қилаверинглар. Кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас», дедилар».
Яъни, ундай бўлса, бизга мурожаат этиб, Роббимизга дуо қилиб, сизларга берилаётган азобни енгиллаштиришимизни сўраб ўтирмасдан, ўзингиз дуо қилаверингиз. Билиб қўйингларки, кофирларнинг дуоси залолатдан бошқа нарса эмас. Сизнинг дуоингиз залолатдадир. Азобни тортаверасиз.
Кейин улар:
«Моликни чақиринглар!» дейишади-да «Эй Молик! Роббинг бизни тугатсин», дейишади».
Бу ҳақда «Зухруф» сурасида батафсил баён келган.
«Улар: «Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар. У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», деди».
Яъни, дўзахилар ўзларига берилаётган азоблар оғриғи, алами ва шиддатига чидай олмай, дўзах ишларига қараб турувчи Молик исмли фариштага қараб:
«Эй Молик! Роббинг бизни битирсин!» деб нидо қилдилар».
Роббинг бизни йўқ қилиб юборсин. Бу ҳолга чидай олмаймиз. Бундан кўра йўқ бўлиб кетганимиз яхши, дедилар. Дўзахдан қутулиш, ундан қайтиб яхши ишлар қилишга имкон бўлмаганидан, азобни енгиллатишдан умидсизлиги сабабли шундай орзу қилдилар. Бу амалга ошадиган орзуми ўзи? Бу талабга Молик нима дейди?
«У: «Албатта, сиз туриб қолгувчисиз», деди».
Эй жаҳаннам аҳллари, бу орзу беҳуда, Роббим сизни йўқ қилиб юбормайди. Унда сиз қилмишингиз жазосини олмай қутулиб кетган бўласиз. Сиз, албатта, жаҳаннамда ва унинг азобида абадий туриб қолишингиз керак.
«Роббингизни чақиринг. Роббингиздан ўзга бирор яхши йўқ», дейишади»
Бу ҳақда Қуръони Каримда қуйидагилар айтилади:
«Улар: «Эй Роббимиз, бадбахтлигимиз ўзимиздан устун келиб, залолатга кетган қавм бўлган эканмиз.
Эй Роббимиз, бизни бундан чиқаргин, агар яна (эски ҳолимизга) қайтсак, бас, албатта, золимлардан бўлурмиз», дерлар».
Улар ўзларининг бадбахтликларини ҳам, адашганликларини ҳам тан олиш билан бирга, ўлаётган пайтдаги илтижоларини, дўзахда туриб ҳам қиладилар. Аллоҳ таолодан ўзларини дўзахдан чиқариб, дунё ҳаётига қайтаришни сўрайдилар. Агар талаблари амалга ошса, аввалги гуноҳларини такрорламасликка ваъда берадилар. Аммо уларнинг бу илтимослари бажо келтириладими?
Аллоҳ уларнинг бу гапларига нима жавоб қилади?
«У зот : «У(ер)да хор бўлиб қолаверинг ва Менга гапирманг!» дейди».
Ва, ана ўшанда улар барча яхшиликдан ноумид бўладилар. Ана ўшанда улар «Зафийр», ҳасрат ва дод солишни бошлайдилар».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввал Аллоҳга иймон ҳақида сўз юритайлик..Аллоҳнинг борлигига ишонаман,, дейиш билан иш битмайди. Аллоҳга иймон келтиришни тафсилоти билан билиш лозим. Аллоҳ давоми...

5116 16:05 / 04.11.2019
Қуёшнинг ўзининг одатда ботадиган томонидан чиқиши ҳам қиёматдан олдин бўладиган катта аломатлардан биридир. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

2612 19:00 / 19.03.2023
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади,, дедилар,. Яна ўша кишидан давоми...

3718 20:00 / 01.11.2021
.Халафлар, деганда .кейин келганлар, маъноси англанади. Халаф уламоларининг Аллоҳ таолонинг сифатлари бўйича қилган асосий ишлари турлича тушуниш мумкин бўлган давоми...

5557 13:10 / 25.02.2019