1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Азиз (9)

08:19 / 20.04.2017 12445 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг гўзал исмлари. Ал-Азиз

Ал-Азиз сифатли Аллоҳ барчанинг устидан ғолибдир. Ундан ҳеч нарса ғолиб кела олмайди. Жамики азизлик маъноси Унинг Ўзига хосдир. Куч-қувват азизлиги ҳам Уникидир. Ман қилиш азизлиги ҳам Уникидир, У бунда ҳеч кимга, ҳеч нарсага муҳтож эмас. Қаҳр ва ғолиблик азизлиги ҳам Уникидир, ҳеч нарса Унинг изнисиз ҳаракат қила олмайди.
Аллоҳнинг ал-Азиз исми Қуръони каримда юзга яқин ўринда келган.
Ал-Азиз исмининг яна бир маъноси шарафдир.
Ал-Азиз сифатида жуда нодир деган маънода ҳам ишлатилади. Масалан, уран моддаси нодир ер ости конларидандир. Демак, камдан-кам учрайдиган, жуда оз топиладиган ноёб, нодир нарса Азиз дейилади. Мазкур кон азиз бўлишига қарамай, ҳаммага ҳам бирдек керакли бўлавермайди. Лекин бу исмни Аллоҳ таолога нисбатан ишлатиб,  ал-Азиз десак, Унинг тенги ва ўхшаши йўқ деган маънода ишлатамиз. Аллоҳнинг ал-Азиз исмини билиш инсонни азиз, бадавлат ва кучли қилади. Инсон азиз бўлишни хоҳласа, ал-Азиз сифатли Зот билан бирга бўлиши лозим.
Ал Азиз исмининг яна бир маъноси азиз қилувчидир:
«Эй барча мулкнинг эгаси Роббим! Мулкни хоҳлаганингга берурсан, мулкни хоҳлаганингдан тортиб олурсан, хоҳлаганингни азиз қилурсан, хоҳлаганингни хор қилурсан. Барча яхшилик Сенинг қўлингдадир. Албатта, Сен ҳар бир нарсага қодирсан» (Оли Имрон сураси, 26 оят)
Андалусиянинг охирги подшоси шаҳарни қўлдан бой бериб, ғанимга топшириб чиқиб кетаётганида йиғлаган экан. Шунда унинг онаси Оиша: «Эркаклардек мамлакатни сақлай олмадингми, энди аёллардек йиғлагин», деган экан. Аллоҳ бир бандадан юз ўгириб, уни хорласа, уни ким ҳам азиз қила оларди?! Бундай инсоннинг қадри қоладими?
Азиз сифатли нарса аслида жуда оз бўлади, унга кўп эҳтиёж тушади, унга бир вақтнинг ўзида етишиш қийин бўлади. Баъзи нарсалар борки, жуда оз бўлса ҳам, унга қаттиқ эҳтиёж тушмайди. Масалан, шундай нодир хазиналар бор, аммо уларга ҳеч қандай эҳтиёж йўқ. Шундай экан, ушбу маъдан азиз бўла олмайди.
Ал Азиз деган сифатга эга бўлиш учун учта васф мужассам бўлиши лозим:
1. У каби нарсанинг жуда ҳам оз бўлиши.
2. Унга қаттиқ эҳтиёж тушиши.
3. Унга етишиш қийинлиги.
Баъзи нарсаларга жуда ҳам муҳтожмиз, лекин улар нодир нарсалар эмас. Масалан, ҳавога ниҳоятда муҳтожмиз, лекин дунё тўла ҳаво, у ҳамма жойда бор. Худди шунингдек, барча нарса, барча мавжудот Аллоҳга ниҳоятда муҳтождир.
Пайғамбарлар ҳам азиздир, чунки одамлар барча ишларда уларга муҳтож бўлади. Аллоҳ таоло пайғамбарларга Ўз сирини, Ўзининг илмини топширган. Пайғамбарлар Аллоҳ томон олиб борувчи йўлдир. Улар Аллоҳнинг эшигидир. Пайғамбарлар азиздир, чунки Аллоҳ уларни раҳмат, фазл, эҳсон ва нур эшиги қилиб қўйган. Шунинг учун Аллоҳнинг пайғамбарларини рози қилганлар айни Аллоҳни рози қилган бўлади. Шунинг учун пайғамбарларнинг исми Аллоҳнинг исми билан ёнма ён келади. Пайғамбарлар азиздир, чунки одамлар дин ва дунё ишларида уларга жуда муҳтож бўладилар. Бир нарсага муҳтожлик зиёда бўлдими, ўша нарса азиз бўлиб бораверади. Подшоҳ ҳам азиз, чунки одамларнинг каттаю кичиги унга муҳтож бўладилар. Аммо подшоҳга барча нарсада ҳам муҳтож бўлмаслик мумкин. Масалан, мамлакатнинг бир чеккасида юрган чўпон чорва маҳсулотларидан еб ичиб, чодирида яшайверади, унинг куни подшоҳсиз ҳам ўтаверади. Аллоҳга эса барча нарса, барча нарсада муҳтож бўлади.
Мўмин кишига ҳам одамларнинг эҳтиёжи туша бошласа, у ҳам азиз бўлади, аммо унинг азизлиги тавозеъ билан йўғрилган бўлиши керак. Бу каби азиз бўлган одам мўмин бўлмаса, тубанликка юз тутади. Бошқаларга муҳтож бўлиш жузъий эҳтиёжларда холос. Масалан, инсон шифокорга бемор бўлиб қолгандагина муҳтож бўлади, аммо ухлашда эмас.
Ал Азиз исми Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилса, бунинг маъноси У Зотнинг яккаю ягона Зот эканлиги, Унга ҳамма нарса ҳар бир ишда муҳтож экани тушунилади. У Зотга иҳота ва идрок қилиш орқали етишиш амри маҳол бўлиб, убудият, яъни бандалик, тоат-ибодат орқалигина етишиш мумкин, холос. Инсон Аллоҳни таниб, Унга итоат қилиб, кейин хор-зор яшаши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло: «Ҳолбуки, азизлик Аллоҳга, Унинг Расулига ва мўминларига хосдир. Лекин мунофиқлар билмаслар» деган (Мунофиқун сураси, 8 оят).
Ҳасан Басрийдан: «Сиз бундай иззат икромга қандай етишдингиз?» деб сўрашганда у зот: «Икки нарса билан: дунёдаги одамлардан беҳожатлигим ва одамларнинг мендаги илмга муҳтожлиги билан», деб жавоб берган эканлар.
Таъмагир инсон ҳеч қачон азиз ва мукаррам бўла олмайди, аксинча, бундай кимса одамларнинг қўлида хор-зор бўлиб яшайди. Одамлардан бирор нарса таъма қилсанг, улар сени ёқтиришмайди. Аммо барча азизликнинг соҳиби бўлган Зотдан – Аллоҳдан бирон нарса таъма қилсанг, У Зот сени яхши кўради. Бинобарин, сен одам боласидан ҳеч нарса сўрама, ундан кўра эшиклари ёпилмайдиган Зотдан – Роббингдан сўрагин. Ҳожатинг тушиб, бир инсондан бирор нарса сўрасанг, у сенга ғазаб қилади. Азизлик соҳиби Аллоҳдан эса бирор нарса сўрамасанг ғазаб қилади.
Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ бир муаммо юзасидан халифа Абу Жаъфарнинг ҳузурига кирдилар. Халифа ҳузурига бундай улуғ зот кирганидан ҳайрон қолиб, «Эй Абу Ҳанифа! Доим биз билан мана шундай боғланиб турсангиз, биз сиз билан фахрланиб, сиз сабабли азиз бўлиб юрардик», деди. Шунда имом: «Нима учун сизларга боғланиб юришим керак, сизлардан қўрқадиган жойим ҳам, эҳтиёжим ҳам йўқ», деб жавоб бердилар. Аллоҳ одамлардан таъма қилмаган кишини азиз қилади. Аллоҳ Ўзи учун пешонасини саждага қўйган кишини ҳам азиз қилади.
Бир киши ҳажга борди. У жуда муҳтарам зот бўлгани учун ўнлаб хизматкорлар унга ҳамроҳ бўлиб боришди. Тавоф пайтида хизматкорлар бу зодагон кимсани эҳтиётлаб, одамларни унга яқинлатишмас эди. Бу зодагон ҳаж амалларини тугатгач, ватанига қайтиб келди. Ушбу қиссани ривоят қилган кишининг айтишича, бироз муддат ўтгач, Бағдоддаги бир кўприк олдида бир кишини кўриб қолдим. Унинг юзи худди ўша бадавлат кимсага ўхшарди, лекин аҳволи жуда ночор эди. У одамлардан ёрдам сўраб, қўлини чўзиб турарди. Олдига бориб яхшироқ разм солдим. У: «Нега тикиласан?», деди. Мен: «Сизни бир одамга ўхшатдим», дедим. У: «Ўша менман», деди. «Ким сени бу аҳволга солиб қўйди?» дедим. У шундай деди: «Мен ҳамма тавозеъ қиладиган Каъбада такаббурлик қилибман. Каъбани тавоф қилишда кибру ҳавога йўл қўймаслик керак экан. Подшоҳ бўлсанг ҳам, у ерда қул бўлиб туриш керак экан. Одамлар тавозеъ қиладиган жойда такаббурлик қилган эдим, Аллоҳ мени юқори мартабада бўладиган юртимда хорлаб қўйди».
Икки сифат борки, уларга асло яқинлашиш мумкин эмас. Булар такаббурлик ва зулмдир. Аллоҳ таоло кўплаб гуноҳларни кечириб юбориши мумкин, лекин такаббурлик ва зулмни кечирмайди.
«Ким куч-қудрат истаса, барча куч-қудрат Аллоҳникидир. Хуш сўзлар Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Аллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир, уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур» (Фотир сураси, 10 оят).
Ушбу ояти карима мусулмон инсон ўз ҳаётини ҳақиқий мўмин ҳолда, азиз ва мукаррам бўлиб ўтказиши учун кифоя қилувчи дастурул-амалдир. Аввало, азизликни истаган инсон бу мартабани Ёлғиз Аллоҳ таолонинг ҳузуридангина топиши мумкинлиги баён қилинди. Бунинг учун эса У Зот рози бўладиган амалларга саъй-ҳаракат қилиш лозим. Ана ўша амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Аллоҳ таоло ҳузурига етиб борадигани хуш Сўз – калимаи тоййиба, яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасидир. Бу калима шу қадар қудратлики, уни оғзига олган кофир мўминга айланади. Бошқа амаллар яхши-ёмонлиги, холис ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Аллоҳ таолонинг наздида қабул қилиниши ёки қабул қилинмаслиги мумкин, аммо ушбу Калима ҳамда Ҳақ таолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи «Аллоҳу акбар» такбири, шунингдек, Аллоҳ таолонинг ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқловчи «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» тасбеҳи мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Аллоҳ таолонинг ҳузурига юксалади. Демак, инсон аввало Яратганнинг борлиги ва бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, холис ният билан Аллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради, қабул қилади ва уни дунёда ҳам, охиратда ҳам азизу мукаррам қилади. Хўжакўрсига амал қилиб, Аллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса уларга бирон фойда бермай, йўқ бўлиб кетади. Улар учун охират диёрида қаттиқ азоб бордир.
Ҳаммага маълумки, Юсуф алайҳиссалом Миср подшоҳининг қасрида қул эдилар. Кейин у зотни қамоққа тиқишди. Аммо у зот Мисрнинг энг азиз кишисига айландилар. Бир гал маркабларида кетаётгандилар, бир қулни кўриб қолдилар. Бир пайтлар ўзлари ҳам қул бўлганлари учун Юсуф алайҳиссалом уни таниб қолдилар. Кейинчалик, Мисрнинг азиз кишисига айлангач, «Аллоҳ пок Зотдир. Ибодат қилгани сабаб қулни подшоҳга айлантирди, гуноҳ сабаб подшоҳни қулга айлантирди», дедилар. Подшоҳ хотини Юсуф алайҳиссаломга туҳмат қилиб қаматгани учун оқибатда хор зор бўлиб ҳаёт кечирди.
Бугунги кунда мусулмонлар устига тушиб турган заифлик ва хорлик ҳамда бошқа умматлардан ортда қолишининг бош сабаби гуноҳ ва маъсиятларни бемалол қилиб, Аллоҳнинг динидан йироқ бўлишдир. Агар улар ҳам Аллоҳнинг динини саҳобалар каби маҳкам тутиб, унга холис амал қилишса, Аллоҳ уларни азиз қилиб, душманлари устидан ғолиб қилар эди.
«Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларга худди илгари ўтган (иймон-эътиқодли) зотларни (ер юзига) халифа қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва улар учун Ўзи рози бўлган (Ислом) динни ғолиб-мустаҳкам қилишни ҳамда уларнинг аҳволини (Маккада кўрган) хавфу-хатарлардан сўнг (Мадинада) тинчлик-хотиржамликка айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаслар. Ким мана шундан (ваъдадан) кейин ношукрлик қилса, улар итоатсиз кимсалардир» (Нур сураси, 55 оят).
Аллоҳ таолонинг Ал Азиз исмига нисбатан мўмин кишининг одоби қандай бўлиши лозим?
Мўмин киши Аллоҳни азиз деб билгач, бошқа бирор махлуқотни улуғ деб эътиқод қилмаслиги, Аллоҳнинг қадаридан бошқа қадарни паст деб билмоғи, Аллоҳнинг зикридан бошқа зикрларни маҳв этмоғи лозим. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бадавлат кишининг олдида ўзини хор тутса, динининг учдан иккисини кетказибди», деганлар (Байҳақий ривояти).
Бунинг изоҳи қуйидагичадир: Иймон – қалбга жойлашган, тил иқрор бўлган, амал тасдиқлаган нарсадир. Бадавлат кишини бойлиги учун улуғлаб, ундаги йўқ нарсалар билан мақтасанг, динингнинг учдан иккисидан маҳрум бўлибсан.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг шарафи тундаги таҳажжуд намозга туришидадир. Унинг азизлиги одамлардан беҳожат бўлишидадир», деганлар (Табароний ривояти).
Мўмин кишида шундай азизлик борки, уни бутун бир шаҳар аҳлига тақсимлаб берса ҳам уларга кифоя қилади, чунки мўмин Аллоҳнинг ҳақиқий қулидир. Аллоҳ ҳақиқий қулини зое қилмайди, бошқаларга топшириб ҳам қўймайди, Ўзидан йироқлатмайди.
Бизда битта мустаҳкам қоида бор. Кишининг қалби Аллоҳни улуғ деб билса, барча махлуқот унинг наздида кичик бир нарса бўлиб қолади. Аммо унинг наздида Аллоҳ улуғ бўлмаса, қолган барча нарсалар улуғ бўлиб қолади. Бу ҳам бир имтиҳондир. Банда ўзига ўхшаган банда ҳақида оғзини тўлдириб, «У киши бундай қила олади, унда фалон-фалон ишларни қилиш учун етарли куч-қудрат бор», деса, демак, бу сўзни айтган киши Аллоҳни танимас экан. Аллоҳ ўша куч-қудратга эга дейилган кишининг мия томиридаги қонни қотириб қўйса, у фалаж бўлиб қолади. Агар ўша қудратли кишининг юрак томиридаги қонини қотириб қўйса, у ўша заҳоти юрак хуружидан вафот топади.
Инсоннинг Аллоҳга бўлган ишончи юксалган сари у Аллоҳ томон интила бошлайди.
«Бас, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсаларни ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз» (Юнус сураси, 11 оят).
Азиз қилувчи Зот Аллоҳ эканини билсанг, дунёдаги барча одамлар бирлашса ҳам, сени баланд даражага кўтара олмасликларини ёки Аллоҳ сени азиз қилиб, баланд даражотларга кўтарса, бутун дунё аҳли сени пастлатишга қодир эмаслигини биласан. Барчага маълумки, Аллоҳ азиз қиладиган мақомга фақат У Зотга ибодат қилиш орқали эришилади. Аллоҳнинг амрларини эъзозлаган инсонни Аллоҳ азиз қилади.
Аллоҳ таоло барчамизни дунёю охиратда азизу мукаррам қилсин, дунёю охиратда хорлаб қўймасин, омин.

 

Манба: islom.uz
Доктор Муҳаммад Ротиб Наблусийнинг "Аллоҳнинг гўзал исмлари" номли асари асосида Анвар Аҳмад таржимаси. 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй аҳли китоблар Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг расули, Марямга илқо қилган давоми...

4591 10:29 / 31.12.2017
Эй одамлар Роббингиздан қўрқинг Албатта, Соат қиёмат зилзиласи улкан нарсадир.Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни давоми...

6382 18:48 / 15.02.2018
Бу ҳақда .Шарҳи .Ақийдатут Таҳовийя,да қуйидагилар келган .Ва албатта, у киши соллаллоҳу алайҳи васаллам анбиёларнинг охиргисидирлар,. Шарҳ Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

2549 19:00 / 06.06.2022
биринчи мақола Ақлини ишлатган одам дунёдаги юлдузлар, сайёраларнинг ҳаракатининг ўзидан Аллоҳ таолонинг борлигини билиб олиши қийин иш эмас. Аллоҳ таоло Ёсин давоми...

2646 13:00 / 01.02.2021
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40703 14:35 / 11.08.2021