1446 йил 17 жумадул аввал | 2024 йил 19 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳ бандасининг ўзгага қул бўлишини севмас

16:47 / 15.10.2017 4106 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қай бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг қули бўласан. У Зот эса Ундан ўзгага қул бўлишингни севмас.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикматининг шарҳида шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳ қуйидагиларни айтади:

«Муҳаббат муҳибни маҳбубга қул қилиши очиқ-ойдиндир. Бу нарса уч турли иш билан юзага чиқади:

Биринчиси: Муҳиб бор-будини маҳбубга тутади, унга ҳеч нарса тутилмайди.

Иккинчиси: Муҳибнинг устидан ҳукм қилинади, у ҳукм қилмайди.

Учинчиси: У тасарруф чангалида бўлади, ўзи тасарруф қила олмайди. Бошқача қилиб айтганда, у маҳбубининг қаршисида худди маййит кабидир. Шунинг учун ҳам муҳаббат бор-будингни ўзинг севганга тутиб, сенга ўзингдан ҳеч нарса қолмаслигидир, дейилган.

Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқага қул бўлишингни севмаслиги сени эъзозлашдир, эҳтиром қилишдир. Бас, қалб кўзингни яхшилаб очиб, ўзинг танлаб олавер».

Ҳа, гапнинг хулосаси шу!

Муҳиб доимо ўз маҳбубига асир бўлади, ҳеч нарсани асир қила олмайди.

Муҳиб доимо ўз маҳбуби ҳукми остида бўлади, ҳеч қачон унга ҳукм қила олмайди.

Муҳиб доимо ўз маҳбуби тасарруфи остида бўлади, ҳеч қачон уни тасарруф қила олмайди.

Банданинг Ҳақ субҳанаҳу ва таолога бандалиги шундан бошқа нарса эмас.

Агар банда Ҳақ субҳанаҳу ва таолодан ўзгани юқорида зикр қилинган ҳақиқий муҳаббат-ла севса, унинг асирига, қулига, бандасига айланиб қолади. Мазкур муҳаббат бирор шахсгами, молу дунёгами, мансабгами, шуҳратгами, сарҳуш қилувчи моддаларгами ёки бошқа кўнгил тусовчи нарсаларгами, фарқи йўқ.

Аллоҳ таоло кўрсатмасин, агар банда мазкур ноўрин муҳаббатга мубтало бўлса, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг бандалигидан чиқиб, ўша ўзи муҳаббат қўйган нарсанинг бандасига айланади ва мисли кўрилмаган бадбахтликка гирифтор бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Динорнинг қули, дирҳамнинг қули ва хомийса – кийимнинг қули бадбахт бўлсин. Агар унга берилса рози бўлади, берилмаса аччиқланади. Бадбахт бўлсин ва қуласин! Оёғига тикан кирса, чиқара олмасин».

Бухорий ривоят қилган.

Динорнинг айтганини қилган унга қул бўлиб қолади. Дирҳамнинг айтганини қилган унга қул бўлиб қолади. Кийим-кечакнинг айтганини қилган унга қул бўлиб қолади. Шунга ўхшаш, дунёнинг ҳар қандай матоҳига берилган ва унинг ортидан тушган шахс ўшанинг қули бўлиб қолади. Оқибатда Аллоҳ таолони бутунлай унутиб, кофир бўлади, ёки мушрик бўлади, ёхуд Аллоҳ таолога содиқ, тугал ихлосли банда бўла олмай қолади.

Шунинг учун ҳам доимо орифларнинг сўрагани ҳавойи нафснинг қуллигидан озод бўлиб, Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзига содиқлик ила бандаликни юзага чиқариш ҳамда рубубият вазифаларини одоб, улуғлаш ва шарафлаш ила бажаришдан иборат бўлган. Бу икки нарса доимо бир-бирига боғлиқдир. Қачон бандаликда содиқлик – ихлос юзага чиқса, албатта, Роббнинг вазифаларини бажариш ҳам жойида бўлади. Бу эса орифлар талаб қилган нарсанинг айни ўзидир.  

Ҳа, ушбу ҳақиқатни яхши англаб етмоқ зарур. Ҳар бир банда бандаликни фақат ва ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина содиқлик билан адо қилмоғи, У Зотнинг робблик ҳақларини адо этмоғи лозим.

Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат банда учун асосий муҳаббатдир. Бошқа муҳаббатлар ушбу муҳаббатдан келиб чиқади. Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўладиган муҳаббатнинг асосидир. Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат мўминларга бўладиган муҳаббатнинг асосидир. Аллоҳ таолога бўладиган муҳаббат бошқа махлуқотларга бўладиган муҳаббатнинг ҳам асосидир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса борки, кимда улар бўлса, иймон ҳаловатини топади: Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар».

Бухорий, Муслим, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири – комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин экани баён қилинмоқда, чунки иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. «Ҳаловат» сўзи «ҳолва»дан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз бу ерда истиъора ила маънавий маънода келмоқда.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:

«Уч нарса борки, кимда улар бўлса, иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб оладилар. Иймон ҳаловати ҳаммани ҳам қизиқтирадиган нарса. «Қандай қилиб иймон ҳаловатини топса бўлар экан?» деган савол ҳар қандай одамни ҳам қизиқтиради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътибор жалб қилиб олинганидан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:

1. «Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».

Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман, деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан, бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас.

Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандай тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам, маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат Унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир.

Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам у зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.

«Бир кишига фақат Аллоҳ таоло учунгина муҳаббат қилмоғи...»

Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки уларни биродар қилган, дўстлаштирган Зот Аллоҳ таолонинг Ўзидир.

Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.

 Демак, мўмин банданинг қалбида фақат Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва шу билан бирга, мазкур муҳаббатдан келиб чиққан муҳаббат бўлиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, шариатга, динга, мўминларга ва шуларга ўхшаш бошқа нарсаларга бўлган муҳаббатларнинг барчаси Аллоҳ таолога бўлган муҳаббатнинг самараси бўлиб, Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббати уларнинг муҳаббатидан ғолиб бўлади.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор. Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир. Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!» (165-оят).

Ҳа, Аллоҳнинг ягоналигини тан олмайдиган, Унга ширк келтирадиганлар ҳам бор. Улар Аллоҳга шерик қилган ўша бут ва санамларини худди Аллоҳни севгандек севадилар, уларга муҳаббат қўядилар.

Ҳа,

«Одамлар ичида Аллоҳдан ўзга тенгдошларни тутадиганлар ва уларни Аллоҳни севгандек севадиганлар бор».

Аммо ҳақиқий иймонли инсонлар бор муҳаббатларини Аллоҳ таолонинг Ўзига қаратганлар ва бу муҳаббатлари жуда ҳам кучлидир. Уларнинг қалбларида Аллоҳдан бошқанинг муҳаббатига ўрин йўқ.

«Иймон келтирганларнинг Аллоҳга муҳаббатлари кучлидир».

Ояти кариманинг давомида Аллоҳга ширк келтирувчиларнинг ҳоли нима бўлиши баён этилади.

«Зулм қилганлар азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди!»

Яъни Аллоҳга ширк келтириб, ҳаққа ва ўзларига зулм этган мушриклар қиёмат куни азобни кўрган чоғларида, албатта, барча қувват Аллоҳга хослигини ва албатта, Аллоҳнинг азоби шиддатли эканини билсалар эди, зулм қилиб, ширк келтирмас ва Аллоҳга тенг қилган нарсаларини Аллоҳни севгандек севмас эдилар.

Шу билан бирга, «Аллоҳ таолонинг Ўзи бандада баъзи Ўзи яратган нарсаларга нисбатан муҳаббат туйғусини яратиб қўйган-ку. Банда мазкур  нарсаларнинг муҳаббатини қалбидан чиқариши учун нима қилиши керак?» деган савол пайдо бўлиши турган гап.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:  

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса «шаҳват» сўзи «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Ўзини билган ҳар бир инсон учун фарзанди жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилининг пораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар бойлик тўплашга молсизлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар. (Ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман, улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаётганини кўрамиз.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қиладилар.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима нозил бўлган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.

«Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир».

Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.

Бирор нарсанинг муҳаббати одам боласининг ихтиёри билан бўлмайди. Доимо муҳаббат ўз эгасидан сўрамасдан келадиган ҳамда уни турли машаққатларга соладиган нарса экани таъкидлаб келинган ҳақиқатдир.

Уламоларимиз бу каби эътирозга қуйидаги жавобни берадилар:

Тўғри, муҳаббатнинг ўзи ихтиёрий эмас. Аммо муҳаббатга сабаб бўладиган омиллар ихтиёрий ишлар ва фаолиятлардан келиб чиқиши ҳам ҳамма биладиган ёрқин ҳақиқатдир. Шунинг учун банда доимий равишда Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига чорловчи ва мазкур муҳаббатни кучайтирувчи сабабларни ишга солиб юриши керак бўлади. Шунингдек, банда Аллоҳ таолодан ўзганинг муҳаббатига мубтало қилувчи ва ўша муҳаббатни аланга олдирувчи сабаблардан узоқда бўлиш учун барча чораларни доимий равишда кўриб юриши матлубдир.

Мисол учун, одам боласи ўзига яхшилик қилган тарафга муҳаббат қўядиган хислат билан яратилган. Ким ёки нима унга етган яхшиликка сабаб бўлса, ўшани яхши кўради. Доимо эсга олиб, мақтаб, олқишлаб юради. Худди ушбу хислат Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг муҳаббатига сабаб бўлиши учун банда ўзига етадиган катта ва кичик ҳар бир яхшиликнинг асосий манбаси фақатгина Аллоҳ таолонинг Ўзи эканини доимо ёдида тутиши керак.

Аллоҳ таоло Наҳл сурасида марҳамат қилади:

«Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир. Сўнгра, қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлворасиз» (53-оят).

Ягона Илоҳ, ягона Молик, ягона дин эгаси бўлган Зот – Аллоҳ ягона неъмат берувчи ҳамдир.

«Сизда қайсики неъмат бўлса, Аллоҳдандир».

Ундан ўзга ҳеч ким сизга неъмат бера олмайди.

«Сўнгра, қачонки сизга ёмонлик етса, Унгагина ёлворасиз».

Оғир мусибатга учраган, қийин аҳволга тушган пайтингизда инсоний табиатингиз ила беихтиёр Аллоҳга ёлвора бошлайсиз.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ осмонлардаги нарсаларни ва ердаги нарсаларни сизларга беминнат хизматкор қилиб қўйганини ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларини мукаммал қилиб берганини кўрмадингизми?!» (20-оят).

Аллоҳ таоло инсонларга осмондаги барча нарсаларни беминнат хизматкор қилиб қўйган. Осмонларда нимаики мавжуд бўлса – ҳавоми, қуёшми, ойми, юлдузми, ёмғирми, қорми, қушми ёки бошқа нарсаларми – ҳаммаси бирор нарса талаб қилмасдан, инсон учун хизмат қилади. Бу беминнат хизматларнинг кўпчилигини инсон билмайди ҳам. Агар ўша хизматлардан бирортасига ҳақ сўралганида эди, мисол учун, қуёш таратаётган нур пуллик қилиб қўйилганида эди, инсон ўзи учун Аллоҳ қанчалар неъматларини беминнат ато этганини, уларнинг қиймати қанчалик баланд эканини англаб етган бўлар эди. Лекин Аллоҳ бундай қилмади, инсонга ақл берди, ақли билан бу неъматни танисин, деди. Пайғамбарлар юборди, улар одамларга Аллоҳнинг беминнат неъматларини танитиб, шукр қилишга чақирдилар. Китоблар нозил қилди, улар ҳам одамларга мазкур хизматларни баён этди. Мана, илоҳий китобларнинг охиргиси бўлмиш Қуръони Карим ҳам инсонларни Аллоҳнинг неъматларига шукр қилишга даъват этиб турибди.

Шунингдек, Аллоҳ таоло ердаги мавжудотларни ҳам инсон учун беминнат хизматкор қилиб қўйган. Ернинг ўзи ҳам, ундаги барча жамодот, наботот, ҳайвонот ҳам инсон учун беминнат хизматкордир, Аллоҳнинг унга кўрсатган марҳаматидир.

«...ва сизга зоҳирий ва ботиний неъматларини мукаммал қилиб берганини кўрмадингизми?!»

Ҳа, Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган неъматлари жуда кўп, уларнинг зоҳирийси (ошкораси) ҳам бор, ботинийси (пинҳонаси) ҳам бор. Баъзиларини инсоннинг ўзи билиб, ҳис қилади. Баъзиларини эса билмайди, ҳис ҳам қилмайди. Инсон Аллоҳ берган неъматлар билан тирик, ўша неъматлар билан кун кўради. Шунинг учун ҳам ўзига ўша неъматларни ато этган Аллоҳ таолога иймон келтириб, Унга ибодат қилиб яшамоғи лозим. Бу унинг бурчи. Шундагина инсон ўзига берилган неъматларга шукр қилган бўлади.

Бас, шундай экан, ўзини билган банда ўзига етган ҳар бир каттаю кичик неъматни Аллоҳ таолонинг унга қилган яхшилиги деб билиши ва ўша яхшилиги учун У Зотга шукр қилиши, муҳаббат қўйиши лозимдир. Мабодо мазкур неъматларнинг унга етишига ўзига ўхшаган бирор банда сабабчи бўлса, унинг фақат сабабчи эканини, бу яхшилик эса аслида Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг неъмати эканини билиши керак бўлади.

Шу билан бирга, банда Ҳақ субҳанаҳу ва таолонинг Ўзидан муҳаббатини сўраб илтижо ва дуоларда бўлиб юриши керак. Мазкур дуо машҳур ҳадисда қуйидаги лафзлар билан келган:

«Мен Сендан муҳаббатингни, Сенга муҳаббат қўядиганларнинг муҳаббатини ва Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман».

Ҳақиқатда, бу дуо жуда ҳам улуғ дуодир. Аллоҳ таолонинг муҳаббатини кўзлаган ҳар бир банда уни доимо ўқиб юриши кўплаб баракотларга сабаб бўлади.

«Сендан муҳаббатингни сўрайман».

Аллоҳга муҳаббатли бўлиш мўмин-мусулмон кишининг энг олий ғоясидир. Мўминнинг қалбида фақат Аллоҳнинг муҳаббати бўлиши керак. Қалбида Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа нарсанинг муҳаббатига жой қолмаган кишигина бир мақомга эришган бўлади. Бундай мақомга эришиш учун доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраб туриши керак.

«Сенга муҳаббат қўядиганларнинг муҳаббатини».

Аллоҳ таолога муҳаббат қўядиган бандаларнинг муҳаббати ҳам матлуб нарсадир. Банда билан банда орасидаги муносабатларда мусулмон киши фақат Аллоҳга муҳаббат қўйган тақводор инсонга муҳаббат қўйиши керак. Ана шунда инсонлар орасидаги муҳаббатни ҳам ўз ўрнига қўйган бўлади. Бу ишда ҳам доимо Аллоҳнинг Ўзидан ёрдам сўраб туриш лозим бўлади.

«Сенинг муҳаббатингга яқинлаштирадиган амалнинг муҳаббатини сўрайман».

Демак, одам амал билан Аллоҳнинг муҳаббатига яқинлашар экан. Бу амални қилиш учун унга муҳаббат қўйиш керак. Ўша амалнинг муҳаббатини ҳам доимо Аллоҳ таолонинг Ўзидан сўраб туриш лозим экан.

Хуллас, ушбу муборак дуони яхшилаб тушуниб ва ёдлаб олиб, чин дилдан ўқиб юришимиз керак.

Аллоҳ таоло барчамизга қай бир нарсага муҳаббат қилсак, албатта, унинг қули бўлишимизни, Ўзидан бошқага қул бўлишимизни эса У Зот севмаслигини тушуниб етишимизни насиб қилсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
9. Ҳасрат ва афсус маъносида ғийбат қилиш. Афсус тарзида ғийбат қилиш дурустдир. Масалан, .Фалончининг намоз ўқимаётганига ёки зинога мубтало эканига афсусдаман,, давоми...

4165 14:02 / 03.03.2018
Йигирма иккинчи зарар ғийбатни эшитгандан кейин нафрат пайдо бўлиши.Одамларнинг олдида бировни ғийбат қилсангиз, хоҳлайсизмихоҳламайсизми, уларнинг қалбида давоми...

3313 14:48 / 28.04.2018
Учинчи зарар амаллар китобида ёмонликларнинг кўпайиб кетиши.Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар .Ғийбатдан сақланинглар, чунки унда давоми...

3959 14:44 / 14.04.2018
Ўн тўққизинчи зарар Аллоҳ таолога қарши чиқиш.Ғийбатчи ўзининг бу ярамас иши билан Аллоҳ таолога қарши исён кўтарган, итоатсизлик қилган ҳисобланади. Аллоҳ давоми...

3592 11:26 / 25.04.2018
Аудиолар

134817 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55115 14:35 / 11.08.2021