1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Саҳобалар ҳаёти

СУҲАЙБ РУМИЙ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ

20:08 / 21.04.2017 3881 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуни Оврупо халқлари номояндаси сифатида биринчи бўлиб мусулмон бўлган зот сифатида таниймиз. У киши розияллоҳу анҳунинг номлари худди шу маънони таъкидлаш учун жуда кўп зикр қилинади. Келажак сатрларда эса Аллоҳ таолонинг ёрдамидан умидвор бўлган ҳолда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг ўзлари ва буюк ҳаётлар и ила бир оз бўлсада батафсилроқ танишишга ҳаракат қиламиз.

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг аждодлари Исломдан анча олдин Ироқ томонларга кўчиб кетган араблардан бўлган.
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг оталари Синан Убулла номли жойга Форс подишоҳи Кисро томонидан волий этиб тайинланган бўлган. Синаннинг қасри Фурот дарёси қирғоғида Мусил яқинида бўлган. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ўшандоқ оилада дунёга келганлар. Ёш Суҳайб нозу неъматга кўмилган ҳолда ўсиб борар эди.
Бирдан румликлар бостириб келиб қолдилар. Улар диёрни таладилар ва кишиларни асирга олдилар. Румликлар томонидан асирга олиб кетилган асилар ичида кичик Суҳайб ибн Синан ҳам бор эди. Рум диёрида Синан қул савдоси билан шуғулланадиган савдогарлар қўлига тушди. Ўша ерда у румликларнинг тилини ва урф одатларини ўзлаштирди.
Қулдорлар томонидан қўлма-қўл сотила-сотила Суҳайб ибн Синан охири Маккага келиб қолди. Уни Макка аҳлосидан Абдуллоҳ ибн Жадъон сотиб олди.
Суҳайб ибн Синан ўта ақлли, фаросатли ва эпчил эди. Уни хожаси Абдуллоҳ ибн Жадъон яхши кўриб қолди. Уларнинг орасидаги алоқа ривожлана бориб, охири Абдуллоҳ ибн Жадъон Суҳайб ибн Синанни қулликдан озод қилди ва ўзи билан тижорат қилишга шароит яратиб берди.

ИСЛОМГА КИРИШ

Суҳайб ибн Синан Аммор ибн Ясир билан дўст эди. Улар тез-тез учрашиб турар эдилар. Ўша учрашувларидан бири ҳақида Аммор ибн Ясир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Дорул Арқамнинг эшиги олдида Суҳайб ибн Синанни учратиб қолдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкарида эдилар. Мен унга:
«Нима қилмоқчисан?» деб сўрадим
«Сен нима қилмоқчисан?» деди у.
«Муҳаммаднинг ҳузурига кирмоқчи ва унинг айтадиганларига қулоқ солмоқчиман», дедим.
«Мен ҳам шундоқ қилмоқчиман», деди.
Бас, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирдик. У зот бизга Исломни арз қилдилар. Биз мусулмон бўлдик. Сўнгра биз яширинган ҳолимизда чиқдик».
Кўриниб турибдики, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом тонги энди ёриша болаган вақтда дастлабкилардан бўлиб иймонга келганлар. Манашунин ўзи у киши учун мисли йўқ фазлдир.
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу собиқ қул бўлгани, қориндош уруғсиз ўзи ёлғиз бўлгани ва заифлардан бўлгани учун ва энг муҳими биринчилардан бўлиб Исломга кирганлари учун мушрикларнинг қаттиқ тазйиқларига учрадилар. У киши розияллоҳу анҳунинг ва аброр соҳибларининг иймон йўлида учраган азоб уқубатлари тилларда достон бўлган ва тарих саҳифаларига олтин ҳарфлар билан ёзилиб қолган.
Мусулмонларнинг биринчи авлоди учун, жумладан, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу учун энг оғир азоб уларнинг инсоний қадрятларининг ерга урилиши эди. Жоҳилият жамияти уларнинг одам ўрнида кўрмас эди. Шунинг учун ҳам худди шу борада Аллоҳ таоло Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ва у кишининг сафдошларини ҳимоя қилиб ояти карималар нозил қилган. Бу ояти карималар Қуръони қаримнинг дастлабки оятларидан эканлиги алоҳида эътиборга сазовордир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Асбот ибн Муҳаммаддан, у зот Ашъасдан, у зот Кирдавсдан, у эса, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қиладилар:
«Қурайш зодагонларидан бир гуруҳи Пайғамбаримиз олдиларидан ўтиб кетаётиб, у кишининг ҳузурларида Суҳайб, Билол, Аммор, Хаббоб ва бошқа заифҳол мусулмонларни кўриб қолдилар ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Эй Муҳаммад!
Ўз қавминг ичидан шуларга рози бўлдингми?!
Орамиздан Аллоҳ неъмат берганлар шуларми?!
Энди биз шуларга эргашишимиз керакми?!
Уларни ҳайда?!
Уларни ҳайдасанг, эҳтимол биз сенга эргашармиз», дейишди».
Ана шунда:
«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганларни ҳайдама! Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ. Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма», ояти каримаси нозил бўлди».
Жоҳилият қонуни одамларнинг молу мулки, бойлигига қараб ҳукм чиқарарди. Бой-зодагонлар камбағаллар билан муомалада бўлиш ёхуд бирга ўтириш у ёқда турсин, мискин бечоралар кирган динга киришни ҳам истамасдилар. Ҳатто камбағаллар билан мулоқот қилган Пайғамбарлар билан гаплашишни, бирга ўтириб-туришни ўзларига раво кўрмасдилар.
Ҳамма нарсани пул-мол билан ўлчайдиган бўлиб қолган одамлар учун мол-дунёси йўқ камбағал одам ўрнида кўрилмайди.
Аммо Исломда инсон Аллоҳга бўлган иймони ва ихлосига қараб баҳоланади.
«Эртаю кеч Роббиларига Унинг юзини ирода қилиб дуо этаётганлар» ижтимоий ҳолатлари қандай бўлишидан қатъи назар, ҳатто дунёдаги энг фақир-камбағал одам бўлсалар ҳам, олиймақом инсон ҳисобланадилар.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бойларнинг гапига кириб, уларни ўз ҳузурларидан ҳайдашга ҳақлари йўқ. Уларнинг камбағалликлари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зиммаларига қўшимча вазифа юкламайди. Камбағалликлари-ўзларига. Уларнинг ризқини Аллоҳ беради.
Шунингдек, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ризқларидан масъул эмаслар. У кишига ҳам ризқни Аллоҳ беради.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан ўтирсалар, камбағал, уларни ҳузурларидан ҳайдаб, бойларга юз бурсалар, бой бўлиб қолмайдилар.
Шу боисдан Аллоҳ таоло у кишига бу ояти каримада:
«Уларнинг ҳисобидан сенинг зиммангда ҳеч нарса йўқ. Сенинг ҳисобингдан уларнинг зиммасида ҳеч нарса йўқ», демоқда.
Шундай экан, Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуга ўхшаш камбағал бўлсалар-да, қалблари иймону ихлосга бой кишиларни ҳузурларидан ҳайдаш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга зинҳор-базинҳор тўғри келмайди.
Аллоҳ таоло у кишига хитоб қилиб:
«Уларни ҳайдаб, золимлардан бўлиб қолма», демоқда.
Кишиларнинг бой ёки камбағалликлари уларнинг инсоний қадрларини ўлчаш, динга муносабатларини аниқлаш ёки Пайғамбар билан бирга ўтиришга ҳақли эканликларини белгилаш учун эмас, балки бу ҳолнинг бошқа ҳикмати бор. Бу ҳикмат келаси оятда баён қилинади:
Имом Фахриддин Розий раҳматуллоҳи алайҳи Тафсири Кабирда қуйидагилар ривоят қиладилар:
«Қурайш раҳбарлари тўпланиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига боришди ва:
«Агар бизнинг сенга иймон келтиришимизни истасанг, анави фақир-фуқораларни ҳузурингдан ҳайда», дейишди.
Улар бу гаплари билан Билол, Хаббоб, Суҳайб ва бошқаларни кўзда тутган эдилар. Қурайшликлар яна:
«Улар билан бир жойда бўлсак, кўнглимиз айнийди. Улар билан бирга тўпланишга алоҳида вақт тайин қилиб қўй», дейишди.
Ана шунда Аллоҳ таоло: «Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут. Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма. Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма», оятини нозил қилди».
Бу оят Аллоҳнинг ўлчовида инсоннинг қадр-қимматини эълон этиш учун нозил бўлди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кимларга эътибор бериб, кимлар билан суҳбат қуришлари, кимларга эътибор бермай, гапига кирмасликлари лозимлигини баён этди.
«Ўзингни эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчилар ила сабр этиб тут».
Гарчи улар билан бирга туриш қийин бўлса ҳам, сабр-матонат талаб қилса ҳам, сабр этиб улар билан бирга бўл. Улар бирга бўлишга арзийдиган одамлардир. Чунки улар «эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб» яшамоқдалар. Улар доимо Роббиларига боғланиб ҳаёт кечирмоқдалар. Шу билан бирга, уларнинг мақсадлари олийдир. Улар:
«...Унинг юзини ирода қилувчилар»дирлар.
Бу бандалар кўримсиз, камбағал бўлишлари мумкин, аммо улар Аллоҳнинг юзини-розилигини ирода қилиб яшамоқдалар. Уларнинг бирдан-бир мақсадлари шу: Аллоҳнинг розилигини топиш. Шундай кишилар билан бўлмай, ким билан бўласан? Сен улардан ҳеч қачон ажрама.
«Ҳаёти дунё зийнатини хоҳлаб, улардан икки кўзингни бурма».
Ҳаёти дунёнинг зийнати ўткинчи нарса. Ўткинчи нарсани деб боқий нарсадан айрилиб қолма. Икки кўзинг эртаю кеч Роббиларига дуо қилиб, Унинг юзини ирода қилувчиларда бўлсин доимо, улардан кўзингни узма.
«Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма».
Бизнинг зикримиздан ғофил юрганларга агарчандики улар катта мансабдор, ҳасабию насаби юқори, бой-бадавлат, кучли-бақувват бўлсалар ҳам, итоат қилма.
Чунки Аллоҳнинг зикридан ғофил одамдан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди. Ким бўлишдан қатъи назар, Аллоҳга бўйсунмай, ҳавойи нафсининг йўлига юрганларга итоат қилма.
Чунки Аллоҳнинг йўлини қўйиб, ҳавойи нафсига берилиб кетганлар яхшиликни билмайди.
Исломда қадр-қийматни ўлчашда инсоннинг иймон-эътиқоди, Аллоҳ таолога бўлган боғланиши, Унга итоати ва ибодати ҳисобга олинади. Мансаб, амал, ҳасаб-насаб, бойлик, куч ва бошқа жоҳилий ҳисоблар ўтмайди. Ислом тарозуси бўйича ҳақ фақат бир томондан бўлади.
Ислом эса қадимда ҳам, ҳозирда ҳам инсон қадрини бундоқ ноодил шаклда ўлчашга қарши бўлиб келган.
Ислом назрида ҳусни-жамол ва молу дунё ҳаётнинг моҳияти эмас, балки булар ҳаётнинг бир васийласи холос.
Исломда инсоннинг қадр-қийматини қалбининг поклиги, ундаги иймон-ихлос ва қилган яхши амалларига қараб ўлчайди.
Ислом назарида қалби пок, иймонли инсон дунёдаги барча гўзал сувратлардан гўзалдир, мўмин инсоннинг амали солиҳи дунёдаги барча молу дунёдан устундир.
Аллоҳ таоло инсонни ташқи сувратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳолайди.
Аллоҳ таоло инсонни молу дунёсига қараб эмас, амали солиҳига қараб тақдирлайди.
Инсон қадрини ўлчашнинг илоҳий мезонлари ишга солинганда инсонлар ўзларининг ҳақиқий қадрларини топдилар. Ҳар бир инсон бунинг учун иложи борича қалбини поклашга, амали солиҳ қилишга интиладиган бўлади.Турли ўткинчи ҳойи-хаваслар, молу-дунёга ҳирс қўйишлар ўз аҳамиятини йўқотади.
Ана ўша илоҳий, одил ўлчов туфайли, аввалда қул қилинган Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Ислом жамиятидаги энг ҳурматли шахслардан бири бўлдилар.
Албатта, ушбу икки оят ҳимоялари учун нозил бўлган кишилар ичида Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг бўлишлари у киши учун катта бахт ва улкан фазлдир.

ҲИЖРАТ

Мушрикларнинг шиддатли тазйиқи остида қолган мусулмонлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳижратга изн сўрай бошладилар. Чунки улар Ясрибда ўз диндошлари уларга ёрдам беришларини яхши билар эдилар. Ана шу пайтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга ҳижрат диёрингиз ҳақида хабар берилди. У Ясрибдир. Ким чиқмоқчи бўлса, ўша ёққа чиқсин», дедилар. Баъзи мусулмонлар махфий равишда ҳижратга таёрлана бошладилар.
Ясрибга биринчи бўлиб ҳижрат қилиб келган мусулмон Абу Салама ибн Абдуласад бўлди. Ундан кейин Омир ибн Робийъа ўз аёли билан келди. Унинг хотини Лайло бинти Аби Ҳашама биринчи аёл муҳожир бўлди. Сўнгра бошқа саҳобалар ҳам бирин-кетин ўта махфий равишда Маккани тарк этиб Ясрибга ҳижрат қила бошладилар.
Ҳижрат осон иш эмас эди. Кофирлар мусулмонларни ҳижратдан тўсиш учун барча ишларни қилар эдилар.
Имом Фаҳриддин Розий ривоят қиладиларки, Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида, Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи у кишини қайтармоқчи бўлиб ортидан борибди. Шунда у киши уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлларига олибди-да:
«Эй қурайш аҳли, менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча, биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан, қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз!» деди.
«Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», дедилар.
«Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, ўз йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб.
Улар, ҳа, деган эдилар, у моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди.
Бу хабар Пайғамбар алайҳиссаломга етганда:
«Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» дедилар.
Бир оз туриб Аллоҳ: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлари бор», деган ояти карима нозил бўлди».
Шундоқ қилиб Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг ҳижратлари иймон ва Ислом йўлида қилинган ҳижрат учун ваъда қилинган улкан ваъдаларга қўшимча равишда яна иккита улкан башоратга сабаб бўлди.
Биринчи башорат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» деганларидир.
Иккинчи башорат Аллоҳ таолонинг «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир», деган оятидир.
Бу ояти каримада зикр қилинган васф ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. У мўминнинг ягона мақсади-Аллоҳнинг розилигини топишдир. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди. Ушбу сифат эгаларининг оят тушаётган пайтдаги намуналаридан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлганлар.
Мусулмонларнинг аввалги авлодида, шу оят васф қилган сифатга эга инсонлар жуда ҳам кўп чиқди. Шу боисдан улар қисқа муддат ичида дунёни адолатга тўлдирдилар. Кейин ҳам мусулмонлар ичида ушбу сифат эгалари доим бўлиб келган. Фақат, уларнинг кўплиги ёки озлигига қараб Аллоҳ таоло Ислом умматига ғалаба ёки мағлубиятни битган. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу каби фидойилар доим ғалаба боиси бўлган шахслар бўлганлар.

РАСУЛУЛЛОҲ БИЛАН БИРГА

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлишларини у кишининг ўзларидан бошқа одам ўрнига қўйиб айта олмаса керак. Келинг, бу борада Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг ўзларига қулоқ осайлик:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандоқ машҳадда ҳозир бўлсалар, албатта, мен ҳам унда ҳозир бўлганман.
У кишига қанча байъат қилинган бўлса, албатта, мен ҳам унда ҳозир бўлганман.
У зот қачон сария юборган бўлсалар, албатта, мен ҳам унда ҳозир бўлганман.
У зот қачон ғазот қилган бўлсалар, албатта, мен ҳам унда ёки ўнг тарафларида, ёки чап тарафларида ҳозир бўлганман.
Мусулмонларга хавф олд тарафдан келса, албатта, мен олд тарафда бўлганман.
Уларга хавф орт тарафдан келса, албатта, мен орт тарафда бўлганман.
Мен ҳеч қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзим билан душман орасига қўймаганман. У зот ўз Роббиларига мулоқот бўлгунларича шундоқ қилдим».
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бошқа вақтларда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлар эдилар. Нима қилиб бўлса ҳам у зотни хурсанд қилишга ҳаракат қилар эдилар.
Абу Нуъайм Суҳайб Румий розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун таом қилдим. У зотни айтиб келгани борсам бир тўп одамнинг ичида ўтирган эканлар. У зотнинг тўғриларига ўтиб имо қилдим. У зот менга:
«Манавилар ҳамми?!»-деб имо қилдилар.
«Йўқ», дедим.
Ўрнимда жим туравердим. У зот менга назар солган эдилар, имо қилдим.
«Манавилар ҳамми?!»-деб имо қилдилар.
«Йўқ», дедим.
Икки, уч марта шундоқ қилганларидан кейин:
«Ҳа, улар ҳам», дедим.
Аслида У зот учун озгина нарса қилган эдим. Бас, У зот келдилар. Улар ҳам келишди. Ейишди. Ортиб ҳам қолди».
Бу ривоятда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳрибонликлари билан бирга у кишининг сабаблари ила Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари зоҳир бўлгани-оз таом кўпайганининг шоҳиди бўлмоқдамиз.
Ровийларнинг таъкидлашларича Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу вақти келганда ҳазил мутойибани ҳам жойига қўяр эдилар.
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бир кўзлари оғриб турган пайтда хуро еб бораётган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини кўриб қолиб, кулиб:
«Бир кўзинг оғриб туриб хурмо емоқдамисан?» дептилар.
«Ҳечқиси йўқ. Мен хурмони бошқа кўзим билан емоқдаман», деган эканлар Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ҳазилга ҳазил билан жавоб бериб.

ХАЛИФАЛАР ДАВРИДА

Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу халифалар даврида ҳам Ислом жамиятининг кўзга кўринган арбоби сифатида фаолият олиб бордилар.
Айниқса халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишини ўзларига яқин тутар эдилар.
Имом Бухорий ва бошқалар Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Умар розияллоҳу анҳу мусийбатга учраганда Суҳайб:
«Вой биродарим!» деб йиғлай бошлади.
Шунда Умар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, алабатта, маййит тирикнинг йиғиси ила азобланади, деганларини билмайсанми?»-деди.
Бошқа бир ривоятда:
«Албатта, маййит унга ўз аҳлининг баъзи йиғиси ила азобланади»-деганлар.
Ҳазрати Умарни Абдурраҳмон ибн Мулжам пичоқлаб ташлаганда, ўлимлари олдида ётганларида бўлиб ўтган бу ҳодисадан ҳам ўлик ўз аҳлининг баъзи йиғиси ила азобланиши тушинилади. Лекин кейинги ривоятда бу тушунчага қарши тушунча олға сурилади.
Машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Умар розияллоҳу анҳу билан Маккадан чиқиб, Байдоага етиб келдик. Бирдан у дарахт тагида ўтирган йўловчиларни кўриб қолди ва менга:
«Қарачи, анаву йўловчилар ким экан», деди.
Бориб қарасам Суҳайб экан, келиб хабарни айтдим. У менга:
«Уни олдимга чақириб кел», деди.
Қайтиб бориб Суҳайбга:
«Тур, амирул мўмининнинг олдиларига бор», дедим».
Албатта, бу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуга нисбатан бўлган эътиборлари ва эҳтиромларини кўрсатади.
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуни ҳазрати Умар ўзлари билан олиб ҳам юрар эдилар. У киши шомга борганларида Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ҳам бирга борганлар ва У-ҳ.нинг баъзи топшириқларини бажариб турганлар.
Имом Байҳақий, Абу Убайд ва Ибн Асокирлар Сувайд ибн Ғафла розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:
«Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганида унинг олдида аҳли китоблардан бири туриб:
«Эй мўминларнинг амири мўминлардан бири мени ўзинг кўриб турган ҳолга солди», деди.
У боши ёрилган ва калтакланган ҳолда эди. Умар розияллоҳу анҳу қаттиқ ғазабланди ва Суҳайб розияллоҳу анҳуга:
«Бор! Қарачи, бунинг соҳиби ким экан?» деди.
Суҳайб розияллоҳу анҳу бориб қараса, у Авф ибн Молик розияллоҳу анҳу экан.
«Мўминларнинг амири сендан қаттиқ ғазабланди. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг олдига бор, у зот билан гаплашсин. Мен у шошилиб сени бир нарса қилиб қўядими, деган хавфдаман», деди Суҳайб унга:.
Умар намозни ўқиб бўлиб:
«Суҳайб қани?! Одамни келтирдингми?!» деди.
«Ҳа», деди.
Авф Муознинг олдига бориб ўз қиссаси хабарини берган эди. Бас, Муоз ўрнидан туриб:
«Эй мўминларнинг амири у Авф ибн Молик экан. Унинг гапини эшитиб кўринг. Шошилиб уни бир нарса қилиб қўйманг», деди. Умар унга:
«Сенинг бу билан нима ишинг бор?!» деди.
«Эй мўминларнинг амири қарасам, бу бир муслима аёлнинг эшагини етаклаб кетаётган экан. Эшак сакраб у(аёл)ни йиқитмоқчи бўлди. Лекин йиқилмади. Манави бўлса, уни туртиб йиқитди ва ўзини у(аёл)нинг устига отди», деди Авф.
Умар унга:
«Менга аёлни олиб кел, айтганингни тасдиқласин», деди.
Авф унинг олдига борди. Унинг отаси билан эри:
«Нима қилиб қўйдинг?! Бизнинг соҳибамизни шарманда қилдинг-ку!» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, у билан бораман!» деди аёл.
Отаси билан эри:
«Биз бориб, сенинг номингдан гапирамиз», дедилар ва Умар Розияллоҳу анҳунинг ҳузурига келиб, Авф айтган гапларга ўхшаш гап айтдилар.
Бас, Умар амр қилди. Яҳудий осилди.
Сўнгра у (Умар):
«Биз сизлар билан бунга сулҳ қилганимиз йўқ. Эй одамлар! Муҳаммаднинг зиммаси ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар! Улардан ким бу ишни қилса унга зимма йўқ!» деди.
Сувайд: «Ўша яҳудий мен кўрган Исломда осилган биринчи одам эди», деди».
Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу жуда ҳам сахий одам эдилар. У киши ўзларига байтулмолдан тегандиган барча маошни муҳтожларга тақсимлаб берар эдилар. Бу сахийлик шу даражага етдики, ҳатто бир куни Халиқа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишига:
«Сени кўп таом бераётганингни кўрмоқдаман. Исроф қилиб юбомаяпсанми дейман», дедилар.
«Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, сизларнинг яхшиларингиз, таом берганларингиз, деганларини эшитганман», деди Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга қарши фитначилар томонидан суиқасд уюштирилганда энг қаттиқ қайғурганлардан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлганлар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу мусийбатга учраганда Суҳайб, Вой биродарим! Вой соҳибим! деб йиғлаб кириб келди.
Умар розияллоҳу анҳу унга:
«Эй, Суҳайб, сен менга йиғлайсанми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, маййит аҳлининг баъзи йиғиси туфайли азобланади»-деганлар-ку»-деди.
Умар розияллоҳу анҳу ўлимларига кўзлари етиб халифа сайлаш учун шўро мажлиси туздилар. Шўро мажлиси аъзоларига тинч-омон макон, қўриқчилар тайёрлаш билангина кифояланмадилар, иш чўзилиб кетмаслиги, бошқа нарсалар аралашиб халифа сайлаш кечга сурилиб мусулмонлар зарар тортмаслиги учун шўро мажлисига бу иш учун уч кун муҳлат бердилар.
Ўша уч кун давомида намозга ўтишни Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуга топширдилар. Номзодлардан бирортасига топширсам халифа бўлишига ишора деб тушунилмасин деган фикр ила улардан бирортасини ҳам намозга имомликка тавсия қилмадилар.
Бу ҳам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонларидан Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуга билдирилган улкан ишонч эди.
Убайдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кўчага чиқиб, отамнинг қонида кимнинг айби бўлса ҳаммасини ўлдираман, деб эълон қилди.
Ўша пайтда Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу Мадинанинг волийси эдилар. У киши Убайдуллоҳни ушлаб қамашга амр қилидлар. Уни ушлаб Саъд ибн Абу Ваққоснинг уйига қамаб қўйилди. Унга қўриқчилар қўйилди. Убайдуллоҳнинг иши бўйича халифа сайлангандан кейин ўша одам ўз ҳукм чиқариши керак эди.
Қаранг! Румдан қул қилиб сотилган одам Ислом давлати пойтахтига волий бўлса, халифанинг ўғлини қамашга амр берса. Буларнинг ҳаммаси Исломнинг фазли.
Ҳа, Ислом Суҳайб Румий розияллоҳу анҳуни соҳиби фазл қилган эди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг жанозаларини у кишининг ўзларининг васиятларига биноан Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу ўқидилар.
Бу ҳам улкан фазл. Шунча саҳоблар туриб халифанинг жанозасини ўқишлик кичик бир иш эмас.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Умматимдан етмиш минг киши ҳисоб қилинмасдан жаннатга кирадилар, давоми...

2030 11:30 / 02.01.2022
Абодилаrdquo сўзи Абдуллоҳrdquo исмининг кўплик шакли ҳисобланади. Ибн Салоҳга кўра, Абдуллоҳ исмли саҳобалар сони икки юз йигирмага, Ибн Фатҳунга кўра, уч юзга яқин. давоми...

4486 19:35 / 21.04.2017
Фазилатли хонадон қизиБу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суҳбатларидан баҳраманд бўлиш шарафига эришган, икки дунё саодатини қўлга киритган, Аллоҳга давоми...

2864 19:29 / 21.04.2017
Масруқ ибн Абдураҳмон тобеиннинг улуғларидан бўлиб, Ҳамадон шаҳрида дунёга келганлар, кунияси ndash Абу Оиша. Амирул мўминин Умар розияллоҳу анҳу Масруқ ибн давоми...

1032 09:00 / 23.03.2023