1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Мулкдор бўлиш оғир масъулиятдир

21:03 / 06.10.2018 2450 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўпланган мол-мулкнинг ҳисоб-китоби ўта қаттиқ, шиддатли бўлади. Аллоҳ таоло мол-дунёга эга қилган инсонлар ҳаром йўллар билан қўлга киритилган мулк ва бойликнинг қаттиқ азоби, ҳалол топилганининг эса ҳисоби борлигини асло унутмасликлари лозим. Зотан, мол-дунё бир вақтнинг ўзида ҳам неъмат, ҳам масъулият, ҳам роҳат, ҳам азобдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (қуйидагиларни) айтганларини эшитдим: «Бану Исроилда уч киши: пес, кал ва кўр бор эди. Аллоҳ уларни синашни ирода қилди. Бас, уларга бир фариштани юборди. У песнинг олдига бориб: «Сен учун қайси нарса энг маҳбуб (севимли)?» деди. «Гўзал ранг, гўзал тери ва одамлар мендан ҳазар қилаётган нарсанинг кетиши», деди пес. Шунда уни силаган эди, унинг ҳазар қилинадиган нарсалари кетди. Унга гўзал ранг ва гўзал тери берилди. «Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди. «Туя» ёки «Сигир», деди пес. (Исҳоқ пес билан калнинг гапида шак қилди. Улардан бири «Туя», деди, бошқаси «Сигир», деди). Бас, унга ўн ойлик ҳомиласи бор туя берилди. Сўнгра у (фаришта): «Аллоҳ бунда сенга барака берсин», деди.

У калнинг олдига бориб: «Сен учун қайси нарса энг маҳбуб?» деди. «Гўзал соч ва одамлар мендан ҳазар қилаётган нарсанинг кетиши», деди кал. Шунда уни силаган эди, ҳалиги нарса ундан кетди ва унга гўзал соч берилди. «Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди. «Сигир», деди кал. Бас, унга ҳомиладор сигир берилди. Сўнгра у (фаришта): «Аллоҳ бунда сенга барака берсин», деди.

У кўрнинг олдига бориб: «Сен учун қайси нарса энг маҳбуб?» деди. «Аллоҳ менга кўзимни қайтармоғи ва мен у билан одамларни кўришим», деди. Шунда уни силаган эди, Аллоҳ унга кўзини қайтарди. «Сенга қайси мол энг маҳбуброқ?» деди. «Қўй», деди кўр. Бас, унга бўғоз совлиқ берилди.

Бас, ҳалиги иккови болалади. Бу ҳам қўзилади. Бунисида водий тўла туя бўлди. Унисида водий тўла сигир бўлди. Наригисида водий тўла қўй бўлди.

Сўнгра у (фаришта) песнинг олдига унинг аввалги сурати ва ҳайъатида бориб: «Бир мискин одамман. Сафарим кесилиб қолди. Бугунги кунда аввало Аллоҳ, қолаверса, сенгина манзилимга етиб олишимга ёрдам беришинг мумкин. Сенга гўзал ранг, гўзал тери ва шунча мулк берган Зотнинг ҳурмати, сафаримни давом эттиришим учун бир туя беришингни сўрайман», деди. Пес эса: «Ҳақ-ҳуқуқлар кўп», деб жавоб берди. «Сени танигандек бўляпман, аввал пес бўлмаганмидинг? Одамлар сендан ҳазар қилмасмиди? Фақир эмасмидинг? Сўнгра Аллоҳ сенга ато бермаганмиди?» деди фаришта. «Бу мол менга ота-боболаримдан мерос қолган», деди пес. «Агар ёлғон гапирган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин!» деди.

Калнинг олдига ҳам унинг аввалги суратида борди. Унга ҳам анавинга айтганларини айтди. У ҳам анави рад қилгани каби рад қилди. Шунда унга ҳам: «Агар ёлғон гапирган бўлсанг, Аллоҳ сени аввалги ҳолингга қайтарсин!» деди.

Кўрнинг олдига ҳам унинг аввалги сурати ва ҳайъатида бориб: «Бир мискин одамман. Сафарим кесилиб қолди. Бугунги кунда аввало Аллоҳ, қолаверса, сенгина манзилимга етиб олишимга ёрдам беришинг мумкин. Сенга кўзингни қайтариб берган Зотнинг ҳурмати, сафаримни давом эттиришим учун бир қўй беришингни сўрайман», деди. «Дарҳақиқат, кўр эдим, Аллоҳ менга кўзимни қайтариб берди. Хоҳлаганингни ол, хоҳлаганингни қўй. Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олган ҳеч бир нарсангда сени машаққатга қўймайман», деди кўр. «Молинг ўзингга! Сизлар фақат синалдингиз, холос. Батаҳқиқ, сендан рози бўлинди ва икки соҳибингдан норози бўлинди», деди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар.

Ўтган умматлардан бирида бўлиб ўтган бу қисса ҳамма учун ўрнак бўлиши лозим. Банда ўзи муҳтож бўлганда яхшилик ҳақида ўйлаб, бой ва беҳожат бўлганда яхшиликни унутиб қўймаслиги керак.

Бойлик, соғлик ва чирой ҳар бир одам боласига синов учун, яъни бу нарсаларнинг шукрини қиладими ёки йўқми, деб синаш мақсадида берилган бўлиши мумкин. Банда бу каби неъматларни ўзига берилган омонат деб билиши ва уларга Аллоҳ таолонинг динида кўрсатилганидек, шукр келтириши ва тасарруф қилиши лозим. Акс ҳолда мазкур нарсалардан маҳрум бўлиши ёки ўша нарсалар унинг бошига бало келтириши мумкин.

Демак, ҳеч ким ўз ўтмишини унутмаслиги лозим. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло берган неъматлардан муҳтожларга беришни эсдан чиқариб, бахиллик йўлига ҳам ўтмаслиги лозим.

“Ижтимоий одоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Холид ибн Абдуллоҳдан, у Муҳаммад ибн Амрдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади .Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу айтади .Мусулмон аскарларига бошлиқ бўлиб йўлга давоми...

1656 08:00 / 31.12.2020
25. Ифторлик пайтидаги дуонинг қабул бўлиши ҳам Рамазоннинг фазилатидандир.Ибн Можа Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

1219 16:00 / 05.05.2020
Қуръони карим Аллоҳ таолонинг муборак Каломи ўлароқ қадри баланд, тиловати ибодат бўлган энг улуғ каломдир. Шунга кўра, Аллоҳнинг каломи ёзилган мусҳафларимиз давоми...

1790 13:40 / 06.09.2019
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбубдир,, деб сўралди. .Оз бўлса ҳам, давомлиси,, давоми...

4274 08:45 / 28.01.2019