1445 йил 19 шаввол | 2024 йил 28 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Инсоннинг энг олий мақоми Аллоҳга бандаликдир

18:34 / 26.02.2018 3518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун бандасига Фурқонни нозил қилган Зот баракотли, улуғдир.

Чиндан ҳам, Аллоҳ таоло баракотли ва улуғ Зотдир.

Ана шу битмас-туганмас баракотлилиги ва улуғлиги аломати ўлароқ, У бу дунёдаги кишиларга, барча оламларга бандаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни огоҳлантирувчи этиб юборди ва у зотга ҳақдан ботилни фарқловчи Фурқонни – Қуръонни нозил қилди.

Аслида, инсонни соф табиат ила яратган, унга ҳис қилиш аъзолари ва ақл берган Аллоҳ бандаларга Ўзини таниш ва Ўзига ибодат қилиш амрини беришга ҳақли эди. Аммо улуғлигидан, ундай қилмади. Бандаларига лутфу марҳамат кўрсатди. Баракотининг намунаси қилиб, турли пайғамбарларни юборди, китоблар нозил этди. Ана ўша пайғамбарлар ва китоблар силсиласининг сўнгги халқаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Қуръони Карим бўлди. Шунинг учун ҳам улар маълум вақт ва маълум мақом учун эмас, балки барча оламлар учун бўлди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам барча оламлар учун қиёматгача пайғамбар, Қуръони Карим эса то қиёматгача илоҳий дастур бўлди.

Уламоларимиз ушбу оятдаги «бандасига» сўзига алоҳида эътибор берганлар. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни энг олий мақомларда бандалик сифати билан ёдга олган. Жумладан, Исро ва Меърожда, Аллоҳга муножот этиш пайтида, Китоб нозил қилишда ва ушбу оятда. Демак, инсоннинг энг олий мақоми Аллоҳга бандалик экан. Аллоҳга бандалик инсон учун энг улкан бахт, энг олий мақом ҳамда битмас-туганмас неъмат экан. Аксинча, Аллоҳга бандаликни ҳис этмаслик катта бахтсизлик бўлиб, инсонни ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди. Бу ҳақда кейинроқ ушбу суранинг ўзида сўз кетади.

Оятда Аллоҳ таолонинг бандасига Фурқонни нозил қилишдан мақсади

«Оламларга огоҳлантирувчи бўлиши учун» экани таъкидланмоқда. Бу оят Маккада, Ислом даъватининг аввалида, оз сонли мусулмонлар иймонлари ва жонларини қутқаришдан бошқани ўйламай турган, ғалаба ёки фатҳу футуҳларнинг дараги ҳам йўқ пайтда нозил бўлган. Лекин шу билан бирга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оламларга огоҳлантирувчи эканликларини ишонч билан, баралла эълон қилмоқда. Бундай гап фақат илоҳий баёнда бўлиши мумкин, холос. Бошқа ҳеч ким мазкур эълонни қила олмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири Ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дедилар .Одамларнинг ошкора қилаётган амалларига қара, уларнинг қалбларидаги нарсаларга баҳо беришдан сақлан ва уялишга давоми...

3044 16:56 / 20.12.2023
Аллоҳ таоло.Ўрнингдан турганингда Роббингга тасбеҳ айт Ва кечаси ҳам. Бас, юлдузлар ботгандан кейин ҳам тасбеҳ айт,, деган .Тур, сураси, 4849оятлар.Демак, ҳар доим давоми...

8118 19:21 / 21.03.2018
Мўминнинг ҳар куни, бутун ҳаёти Аллоҳга ибодат қилишдан иборатдир. Кундалик ибодатлар бомдод намозига уйғонган дақиқалардан бошлаб кун бўйи давом этади. Аллоҳ давоми...

24734 21:54 / 25.09.2017
Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга дедилар.Ислом ғариблик билан бошланди. У яна бошидаги каби ғарибликка қайтади. Ғарибларга жаннат давоми...

2301 15:00 / 12.12.2021