1445 йил 24 шаввол | 2024 йил 03 май, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 105-оят

12:03 / 01.11.2017 3564 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аҳли китоблардан бўлган кофирлар ҳам, мушриклар ҳам сизларга Роббингиздан яхшилик нозил қилинишини истамаслар. Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қиладир. Аллоҳ буюк фазл эгасидир. Бақара 105.

Исломий истилоҳда Аллоҳдан самовий китоб тушган қавмларга «аҳли китоб» дейилади. Яъни «аҳли китоб» дейилганда яҳудийлар (аҳли Таврот) ва насоролар (аҳли Инжил) назарда тутилади. Аҳли Забур ҳозирда қолмаган.

«Мушриклар» эса китоби йўқ, «Аллоҳнинг шериги бор» деган ақийдадаги кишилардир.

Ояти кариманинг таъкидлашича, ўша кофирларнинг ҳаммаси – аҳли китоби ҳам, мушриклари ҳам мўмин-мусулмонларга яхшиликни раво кўрмайдилар. Бу оятдаги «яхшилик»дан мурод ваҳийдир. Кофирлар қанча ҳасад қилсалар ҳам, ёқтирмасалар ҳам, барибир,

«Ҳолбуки, Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қиладир».

Ваҳийни, илоҳий китобни Муҳаммад алайҳиссаломга хос қилишни хоҳлабдими, шуни рўёбга чиқаради.

Ояти кариманинг сўнгидаги

«Аллоҳ буюк фазл эгасидир» жумласидан билиниб турибдики, пайғамбарлик ва ваҳий улуғ фазллардан экан.

Маълумки, яҳудийларнинг Исломга, мусулмонларга қарши фитналарида энг яхши кўрган услублари турли миш-мишлар тарқатиш, ақийдага ва шариатга футур етказадиган шубҳали гапларни тўқиб чиқариш эди. Аввалги оятлардан ҳам уларнинг бу табиатларини кўрдик. Аллоҳ таоло бузилиб, издан чиққан инсон жамиятининг ижтимоий касалликларини худди оғир касални усталик билан даволаётган табиб каби даволайди. Табиб асосий касалликни даволашдан олдин атрофдаги майда касалларга қарши вақтинчалик дорилар бериб туриб, кейинчалик, фурсати келганда, асосий дорини ишга солгандай, Аллоҳ таоло жоҳилият дардларини даволашда олдин бир ҳукмни жорий қилиб туриб, вақти етганда, уни амалдан қолдириб, ўрнига асосий ҳукмни жорий этар эди. Бу шаръий истилоҳда «насх» дейилади. Ислом шариатида насх борлигини билган яҳудийлар ўз одатларига кўра, фитна қўзиб, пичир-пичир қила бошладилар.

Улар «Муҳаммадни кўряпсизларми, бугун шерикларига бир ишни буюрса, эртага ундан қайтариб, бошқасига буюряпти. Бугун бир гапни айтса, эртага ундан тоняпти», деган гап тарқатдилар.

Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди. Бу оятда Аллоҳнинг аввалги оятда зикр қилинган улуғ фазли намоён бўлди. Чунки насх ҳам Унинг фазлидан бўлиб, бандаларга енгиллик учундир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бақара 110. Намозни қоим қилинг, закотни беринг. Ўзингиз учун нимаики яхшилик тақдим қилсангиз, уни Аллоҳнинг ҳузурида топасиз. Албатта, Аллоҳ нима амал давоми...

2972 03:18 / 29.05.2017
Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетмакет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга очиқойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан давоми...

3284 08:20 / 13.10.2017
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг Бақара 122. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Бану Исроилга давоми...

3416 09:20 / 19.11.2017
Саноқли кунларда Аллоҳни зикр қилинг. Бас, ким икки кундан кейин кетишга шошилса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Тақво қилувчилар учун. Аллоҳга давоми...

3867 08:10 / 10.02.2018