1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 87-оят

08:20 / 13.10.2017 3273 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетма-кет юбордик. Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик. Қачон бирор расул нафсларингиз истамайдиган нарса келтирса, мутакаббирлик қилиб, бир гуруҳини ёлғончига чиқариб, бир гуруҳини қатл қилаверасизми?! Бақара 87. 

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Бану Исроил фақат Муҳаммад алайҳиссаломга эмас, балки Мусо алайҳиссаломдан кейин кетма-кет келган ҳамма пайғамбарларга ҳам душманлик муносабатида бўлган эканлар. Аллоҳ таоло ўша ҳақиқатни уларга эслатиб:

«Батаҳқиқ, Мусога китобни бердик ва унинг ортидан расулларни кетма-кет юбордик»,  демоқда. Бану Исроилга юборилган пайғамбарларнинг охиргилари Ийсо ибн Марям алайҳиссаломдирлар.

«Ва Ийсо ибн Марямга очиқ-ойдин мўъжизаларни бердик ва уни Муқаддас руҳ билан қўлладик»,  дейди Аллоҳ таоло. У Зот Ийсо алайҳиссаломни очиқ-ойдин мўъжизалар ҳамда Муқаддас руҳ ила қўллаб-қувватлаганини ҳам эслатмоқда. Аллоҳ таоло у кишини ўликни тирилтириш, кўр туғилганларнинг кўзини очиш, пес туғилганларни даволаш каби равшан мўъжизалар билан ва Муқаддас руҳ – Жаброил фаришта билан қўллаб-қувватлади. Бану Исроил эса у зотга нисбатан қўлидан келган барча ёмонликларни қилди. Иш шунгача бориб етдики, улар Ийсо алайҳиссаломни ўлдиришга ҳаракат қилишди. Яҳудийлар ушбу икки улул азим пайғамбар – Мусо ва Ийсо алайҳиссаломлар ўртасида келган пайғамбарларнинг баъзиларини (Закариё ва Яҳё алайҳиссаломга ўхшаганларни) ўлдирдилар, қолганларини ёлғончига чиқардилар.

Ояти каримадан мазкур пайғамбарлар келтирган нарсалар Бану Исроилнинг ҳавойи нафсига хуш ёқмагани маълум бўлади. Орада уларнинг хоҳишига мос нарса келиб қолса, қабул қилишади. «Аллоҳнинг айтганини қиляпмиз», – деб мақтаниб ҳам қўйишади. Пайғамбар келтирган нарса уларнинг хоҳишларига мос келмаса, «Сен ёлғончисан, Аллоҳнинг номидан ўзинг хоҳлаган нарсани айтяпсан, бизни ўз хоҳишингга мажбур қилмоқчисан», – деб туҳмат қилишади. Баъзан ҳатто ўзларига Аллоҳ таоло томонидан пешво этиб юборилган пайғамбарларни ўлдиришдан ҳам тоймайдилар.

Аллоҳ таоло мусулмонларга ўрнак бўлсин, аҳли Ислом ҳам яҳудийларнинг хатоларини такрорлаб, улар учраган бало-офатларга учрамасинлар, деб Ўзининг каломи илоҳийсида Бану Исроилнинг бу қилмишларини баён қилмоқда. Мусулмонлар албатта бундан тегишли хулоса чиқармоқлари лозим. Ҳеч кимга сир эмас, Аллоҳнинг каломига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига чақирган буюк уламолардан қанча-қанчалари қатл этилди, қамалди, қанчадан-қанча ҳақгўй уламолар ёлғончига чиқарилди, қораланди, айбсиз айбланди ва айбланмоқда. Бундай ишлар ҳануз давом этмоқда. Ул азизларнинг бирдан-бир айблари – Аллоҳнинг амрини бузмай, одамларнинг, хусусан, нобакорларнинг ҳавойи нафсига тўғри келмаса-да, тўғрилигича етказганларидир.

  Шуни унутмаслик керакки, Аллоҳнинг шариати кишиларнинг ҳавойи нафсларига мослашиш учун эмас, балки уларнинг устидан ҳоким бўлиб, тўғри, илоҳий йўлга солиш учун келган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эсла, вақтики, Иброҳим билан Исмоил Байтнинг пойдеворларини кўтараётиб, дедилар .Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан ва ўта билувчисан. Бақара 127.

4770 16:55 / 24.11.2017
Эй Бану Исроил, сизга инъом этган неъматларимни ва Мен сизларни оламлардан афзал қилиб қўйганимни эсланг Бақара 122. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло Бану Исроилга давоми...

3405 09:20 / 19.11.2017
Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлаб, сўнгра сарфлари кетидан миннат қилмайдиган ва озор бермайдиганларнинг ажрлари Робблари ҳузуридадир. Уларга хавф йўқ ва улар давоми...

2902 16:05 / 14.04.2018
Ўшанда Робби унга «Мусулмон бўл» деган эди, у «Оламларнинг Роббига мусулмон бўлдим», деди. Бақара 131.Улуғ Роббидан нидо келганида, Иброҳим алайҳиссалом давоми...

3907 17:15 / 28.11.2017