1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ҲИДОЯНИНГ ИЛМИЙ ВА НАЗАРИЙ АҲАМИЯТИ ҲАМДА УНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТИ

05:00 / 18.01.2017 4151 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳидоя» Бурҳониддин Али бин Абу Бакр Абдужалол ал-Маржоний розияллоҳу анҳу (511-593 ҳ.с.) томонидан тасниф қилинган ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китобнинг номи.

Бу китобнинг муаллифи Бурҳониддин ал-Марлиғоний Мовароуннаҳр тупроғининг таниқли фақиҳларидан бири.
Аллома Фарғона вилоятининг Риштон қишлоғида таввалуд топди. Бухоройи шариф мадрасасида таҳсили илм қилди. У Ислом фиқҳи асосларига доир бир неча илмий асарлар муаллифидир.
Улар орасида машҳурроғи «Бидоят ал мубтадий» ҳисобланади. Олим кейинчалик бу китобига «Кифоят ал мунтаҳий» номли саккиз жилддан иборат шарҳ ёзди. Унинг қаламига мансуб «Ҳидоя» ҳам мухтасар шарҳдир. Бу шарҳ Мовароуннаҳр, Ҳиндистон ва Туркия минтақаларига кенг тарқалгандир. «Ҳидоя» кўплаб Шарқ мамлакатларида фиқҳ бўйича асосий қўлланма саналади. У асар форс, инглиз ва рус тилларига таржима қилинган. Ўзбек тилига таржима қилинмоқда.
«Ал-мунтаҳо», «Наҳрул мазҳаб», «Ал тажнис вал мазид», «Мухторатул нозил», «Китобул фароиз» каби китоблар Ислом дунёсида муътабар уламолар тарафидан тан олинган машҳур асарлар бўлиб, улар улуғ аллома Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи қаламига мансубдир.
«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳнинг энг муҳим китобларидан бири бўлиб мислсиз шуҳрат қозонгандир. Бу китобнинг баъзилар «Бидоятул мубтадий»нинг шарҳи десалар, бошқалар уни «Мухтасари Қудурий»нинг шарҳи дейдилар. Масалани чуқурроқ ўрганиб чиқилганда «Бидоятул мубтадий» имом Марғилонийнинг фуруъи фиқҳдаги мухтасар асари бўлиб у киши уни имом Муҳаммаднинг «ал-Жомиъ ас-Сағир» ва Қудурийнинг мухтасари асосида тайёрлагани маълум бўлади. Бинобарин, аввалги икки гап ҳам тўғри деган киши хато қилмайди.
Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Бидоятул мубтадий» китобини икки марта шарҳ қилган. Биринчи шарҳни «Кифоятул мунтаҳий» деб номлаган ва ёзиб битиргандан сўнг чўзилиб кетганини, кўпчиликка малол келишини эътиборга олиб қисқароқ шарҳ қилган ва унга «Ҳидоя» номини қўйган.
Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да кўпинча аввал икки имом – Абу Юсуф ва Муҳаммадларнинг гапларини ва далилларини келтириб, сўнгра имом Аъзам роҳматуллоҳи алайҳининг гаплари ва далилларини ёзган. Агар «Ҳидоя»да «китобда айтганки» дейилса Қудурийни қасд қилинган бўлади.
Шайх Акмалидиннинг айтишларича «Ҳидоя»нинг соҳиби бу китобни ўн уч йил давомида тасниф қилган ва ўша муддатда доимо рўза тутиб юрган. Шу билан бирга рўза тутаётганини бировга билдирмасликка ҳаракат қилган. У кишиннг зуҳди ва тақвоси туфайли китоби ҳаммага мақбул бўлган.
Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да кўпинча ҳар бир фиқҳий ҳукмнинг далили ва таълили - ҳакматини ёки қайси фиқҳий қоидага биноан чиқарилганини айтиб кетган. Бу, албатта, китобнинг қийматини оширган. Шу билан бирга танқидчилар Имом Бурҳониддин ал-Марғилоний роҳматуллоҳи алайҳи «Ҳидоя»да келтирган ҳадис ва асарларнинг манбаси ва ровийси келтирилмаганини нуқсон сифатида зикр қилганлар.
Бу таънага қарши иш олиб борган ҳанафий уламолардан имом Зайлаъий «Ҳидоя»да келтирилган ҳар бир ривоятнинг манбаси ва ровийсини топиб «Насбур роя тархрийжи аҳодиси ҳидоя» деган китоб тасниф қилган. Бу китоб ҳам «Ҳидоя» каби шуҳрат топган.
«Ҳидоя» ҳанафий фиқҳидаги энг машҳур китобга айланган десак муболаға қилмаган бўламиз. Уламолар бу китобга алоҳида эътибор берганлар ва бериб келмоқдалар. Ҳозирда баъзи юртларда, жумладан Ироқда «Ҳидоя»ни ёд олмаган одам фақиҳ ҳисобланмайди. Катта уламолар «Ҳидоя»ни турли йўллар ила тадқиқ қилганлар. «Ҳидоя»га жуда ҳам кўп шарҳлар ёзилган. Ҳожи Халифа «Кашфуз зунун»да бу шарҳларнинг ўзига етиб келганларини беш саҳифага яқин ҳажмда санаб ўтган.
Бадриддин Айнийнинг «Ҳидоя»га ёзган «Биноя» номли шарҳини таҳқиқ қилиб чоп этишни йўлга қўйган замондош олим Амийн Солиҳ Шаъбон китобнинг қирқ иккита шарҳи рўйхатини келтирган.
«Ҳидоя» бугунги кунда ҳам ҳамма толиби илмлар томонидан ихлос билан ўрганилмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
6. Акса урганга соғлик тилаш.Намозхон акса урган кишига .Ярҳамукаллоҳ,, деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга давоми...

1644 00:00 / 09.12.2022
Фиқҳга оид китобларга ҳукм оятлари тафсирига бағишланган китоблар ҳам қўшилади. Бунда тафсирчи қайси фиқҳий мазҳабга мансуб бўлса, ояти карималарни ўша мазҳаб давоми...

4204 21:10 / 24.04.2019
Албатта, диний ҳукмларни сўрамоқчи бўлган одам ҳар қандай кишидан сўрайвермайди. Диний масалаларни кимдан сўрашнинг ҳам тартиб ва қоидалари бор.Аввало, фатво давоми...

3176 09:09 / 14.11.2018
Таом тановул қилишдан олдин икки қўл ювилади.Исломда таомдан олдин икки қўлни ювиш диний таълимотлар орасига қўшилган ва у .барака, деб аталган. . Салмон давоми...

3366 05:00 / 06.03.2017