1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ҲОЗИРДА ЁЗИЛАЁТГАН ФИҚҲИЙ КИТОБЛАР

05:00 / 18.01.2017 3884 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз яшаб турган замонда исломий илмларга оид китобларнинг янгича тарзда ёзиш йўлга қўйилди ва қўйилмоқда. Тафсир, Улумул Қуръон, Улумул Ҳадис, Ақоид, ва бошқа соҳаларда кўплаб яхши китоблар таниф қилинди.

Аммо фиқҳга оид китобларга келганда бу иш бир оз кечроқ бошланди. Эҳтимол изтиҳод эшиги берк деган ҳукм тасир қилган бўлса керак. Агар фиқҳ борасида ҳозирги замонда ёзилган китобларга назар соладиган бўлсак, кўпроқ Усулул Фиқҳ, Фароиз ва молиявий муомалаларга оид китобларга кўзимиз тушади.
Бунга Абдулваҳҳоб Халоф, Закийиддин Шаъбон, Ваҳба Зуҳайлий ва бошқаларнинг Усулул Фиқҳга оид китоблари, Муҳаммад Али Собуний, Саъид Муҳаммад Жулайдий, Муҳаммад Жунайд Муфший ва бошқаларнинг фароизга оид китоблари мисол бўла олади.
Умумий тақлидий фиқҳ китобларини икки қисмга бўлинади. Жамоавий муаллифлар ва якка муаллифлар китоблари.
Жамоавий муаллифлар китоблари.
Бу турдаги китобларни тасниф қилишда бир гуруҳ мусаннифлар иштирок этадилар. Асосан ёзилаётган асарнинг ҳажми катта бўлганидан шундоқ қилинади. Бу одатда мавсуалар ижод қилишда бўлади.
Ушбу турдаги китобларнинг энг кўзга кўрингани Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий» номли қирқ беш жилдли бўлиши кўзда тутилган катта асардир.
Мазкур китоб ҳақида сўз юритишдан олдин бу турдаги фиқҳий китобларга ҳанафийлар асос солганликларини айтиб ўтишимиз лозим бўлади. Бу тарихий ишга ватандошларимиздан Заҳриддин Муҳаммад Бобирнинг авлодлари сабабчи бўлганидан у ҳақида бироз тўхталиб ўтсак фойдадан холи бўлмас деган умиддамиз. Хусусан, ўзимиз алоҳида баҳс юритишимиз кўзланган «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг муаллифлари ҳам ўз асарларининг муқаддимасида бу улуғ асарга ўзларидан аввал ўтган жамоавий муаллифлар меҳнати сифатида катта баҳо берганлар.

«ал-Фатавий ал-Оламгирия» асари ҳақида

Заҳриддин Муҳаммад Бобирнинг набираларидан бўлган Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир Ҳиндистонга подишоҳ бўлганда Исломи дини учун ўта жонкуярлик қилган. У имом Роббонийнинг ўғли шайх Муҳаммад Маъсумга қўл бериб аҳли сулуклардан бўлган ва мусулмончилик учун ўта фойдали бўлган жуда кўп ишларни қилган.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир барча юртларда шариат қонунларига амал қилиш мақсадида қозиларга енгиллик яратиш учун фиқҳий масалаларни тартибга солиш йўлида уларни янгича услубда ёзиб чиқишга амр қилди.
У бу ишни амалга ошириш учун ўша вақтнинг кўзга кўринган уламоларидан бир гуруҳ тузди. Мазкур уламолар осон ва равшан иборалар ила фиқҳий масалаларни янгича тартибга солишлари керак эди. Масалаларни олишда зоҳирир ривояга суяниш, зарурат бўлмаса «наводир»га қарамасликка келишилди. Шунингдек, масалани қайси китобда олингани ҳақида маълумот келтириладиган бўлди.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир бу уламолар гуруҳига шайх Низомиддин Бурҳонпурийни Раис этиб таъйин қилди. У киши ҳанафий фиқҳининг кўзга кўринган алломаларидан йигирма кишини танлаб олди. Машаққатли урунишлардан кейин катта олти жилдли ажойиб илмий асар дунёга келди.
Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгир бу иш учун икки юз минг рупия сарфлади. Бу ўша вақт ҳисоби бўйича жудда катта маблағ эди.
Бу улкан илмий асарнинг икки исми бор. Уни Ҳиндистон ва унга яқин минтақаларда «ал-Фатавий ал-Оламгирия» деб атайдилар. Бунда, албатта, Султон Муҳйиддин Ўрнак Зеб Оламгирга бўлган эҳтиром ва тақдир ўз аксини топган. Бу улкан фиқҳий асрни Миср, Шом ва Туркияда «ал-Фатавий ал-Ҳиндия» деб атайдилар.
«ал-Фатавий ал-Оламгирия» ҳанафий фиқҳидаги энг мўътабар китоблардан бўлиб ҳозиргача ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.
Ўтмишда ҳанафий уламолар жамоавий равишда ёзган асарлардан яна бири «Мажалла»дир.
Усмонийлар давлати ҳанафий мазҳаби асосида фуқаролик қонуни яратиш мақсадида ўша вақтнинг пешқадам уламоларидан бир илмий гуруҳ ташкил қилди. Бундан маҳкамалар орасидаги ихтилофларга барҳам бериш ҳам кўзда тутилган эди. Мазкур уламолар гуруҳига адлия вазири Аҳмад Жавдат поша раислик қилди. Кейин «Мажаллатул Аҳком адлийя»ни ижод қилинди.
1. «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»
Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, ҳозирги кундага жамоавий муаллифлар китоблари ичида энг кўзга кўрингани ва машҳури Кувайт давлати Вақф ва Исломий ишлар вазирлиги томонидан йўлга қўйилган «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий» номли асардир.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг муаллифлари муқаддимада бу каби асар яратиш замон тақозоси эканини, уни яратишни 1951 йили Парижда бўлиб ўтган ислом фиқҳи ҳафталиги иштирокчилари қабул қилган баёнотда ўз аксини топганлигини айтиб ўтганлар.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг дастлабки босқичи беш йил бўлиб у 1971 йили охирига етган. Бу босқичда режа тузилган, Ибн Қудоманинг «ал-Муғний» китоби асосида фиқҳий луғат тузилган ва элликта мақола ёзилган. Улардан баъзилари тажриба учун нашр қилиган ва мутахассисларнинг фикр – мулоҳазаларини олинган.
Кейин беш йил кутиш ва тайёргарлик кўриш учун кетган. Уламолар ва мутахассислар билан алоқалар ўрнатилган ва жиддий иш бошлашга ҳозирлик кўрилган. Яна тўққизта мақолани нашр қилиб фикр – мулоҳазалар тўпланган.
1977 йили 1 – мартда эълон қилинган 877 рақамли вазирлик қарорига биноан вақф ва исломий ишлар вазири раислигида ва саккиз киши аъзолигида «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг бош ишчи гуруҳи тузилган. Шундан кейин бу асарни яратиш бўйича жиддий иш бошланган.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг биринчи жузи аввалида фиқҳнинг таърифи ва тарихи тўғрисида, унинг ривожи, фиқҳий мазҳаблар ва китоблар ҳақида осон ва тушунарли услубда кўпгина фойдали маълумотлар берилган.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг муаллифлари ўн учинчи ҳижрий асргача бўлган ислом фиқҳи меросини янги аср руҳида баён қилишни ўзларига мақсад қилиб олганлар. Унда мазҳабий баҳс ва муноқашалар, шахсий маънода бир қавлнии иккинчисидан афзаллигини айтиб ўтиш ва қонунларни зикр қилишдан четлаганлар.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»га номи зикр қилинган уламоларнинг таржимаи ҳоллари, усули фиқҳ, янги пайдо бўлган масалалар ва фиқҳнинг ғариб луғатлари бўйича иловалар ҳам қилинган.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»да маълумотлар алифбо ҳарфлари тартибида берилган. Мисол учун биринчи истилоҳ «Аимма» сўзи бўлган.
Аввало мазкур истилоҳнинг луғавий таърифи берилган.
Кейин худи шу сўз бошқа қайси маъноларда ишлатилиши ҳам бирин – кетин айтиб ўтилган.
Кейин эса «Аимма» - имомларга тегишли шаръий ҳукмлар батафсил келтирилган.
Маълумотлар қайси манбалардан олинганини жуз ва бетлари билан ҳар саҳифанинг остида аниқ берилган.
Баъзи ҳолатларда мазкур сўз ёки истилоҳлар фиқҳнинг қайси бобларида ишлатилиши ҳам айтиб ўтилган.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»да холислик ва мужтаҳид фуқаҳолар ва фиқҳий мазҳабларни қадрлаш ҳамда мўтадиллик равшан сезилиб туради. Услуб ва тил масаласи юқори даражада гўзал ва тартибли. Бу асарни ҳамма мақтайди ва қадрлайди. Уни Чоп этиш ишлари ҳам аъло даражада йўлга қўйилган. Бу ишни бошида турганлар ва илмий ишларини амалга ошираётганлар ихлоси кишилар. Ушбу сатрларнинг соҳиби камина ходимингиз уларнинг кўпи билан таниш ва иш жараёни билан ошно бўлган.
2004 йил Март ойида «Мавсуъатул Фиқҳил Исламий»нинг қирқ бир жузи чоп этилгани маълум. Яна тўрт жузи қолган. Аллоҳ таолонинг ёрдамида улар ҳам тез вақтда нашр этилади деган умиддамиз.
«Мавсуъатул Фиқҳил Исламий» бошқа кўпгина мўътабар фиқҳий китоблар қоторида «Жомиъул фиқҳил исламий» деб номланган билги сайёр барномасига ҳам киритилган.
2. «ал-Мавсуъа ал-Фиқҳия»
1961 йилда Миср Араб Жумҳуриятидаги вақф вазирлиги томонидан чиқарилиши бошланган жамоавий муаллифлар асари «ал-Мавсуъа ал-Фиқҳия» деб аталди. Унинг алиф ҳарфига бағишланган жузлари ўнбештадан ортиб кетган. Бу асарни «Жамол Абдунносир мавсуъаси» ҳам дейилади. Ундан иложи борича кўпроқ маълумот беришга ҳаракат қилинган.
3. «Мажмуъату ал-Фатавий аш-Шаръийя»
Кувайт давлатиданинг вақф ва исломий ишлар вазирлиги қошидаги фатво ва шаръий тадқиқотлар идораси томнидан чиқарилаётган жамоавий муаллифлар асари юқоридаги ном билан аталади.
Бу асарнинг биринчи жузи 1996 йилда нашр этилди. Унинг муқаддимасида Кувайтдаги фатво ва муфтийлар тарихи батафсил берилган.
Шу билан бирга фатво ҳайъатининг мустақил экани алоҳида таъкидланган. Фатво мустақил бўлиши лозимлигига учта ояти карима ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким бир илмдан сўралса-ю, ва ўша киши уни беркитса, қиёмат куни оловдан бўлган юган билан югалланади» деган ҳадисларини далил қилиб келтирилган. Чунки, фатво ҳайъати диний шаръий ҳайъатдир у бировнинг султонига, йўллашига ва рағбатига бўйсинмаслиги керак. Бу ҳақда махсус қарорлар ҳам қабул қилинган. Уларга амал ҳам қилинади.
Шахсий суҳатлардан бирида Вақф ва Исломий ишлар вазирининг биринчи ноиби қуйидагиларни айтиб берди. вазирликлардан бири мазкур фатво ҳайъатидан бир ишда фатво сўраган. Иш ўта аҳамиятли бўлганидан файъат мажлисига вазирнинг ўзи ҳозир бўлган. У саволни берганидан кейин ўз тушунчасини ҳам айтиб бермоқчи бўлган. Шунда ҳайъат аъзоларидан доктор Муҳаммад Абдулғаффор Шариф уни тўхтатган ва бошқа гап айтишга ҳақи йўқлигини баён қилиб мажлисдан чиқишни талаб қилган.
Мазкур фатво ҳайъати жамоъий равишда ҳаракат қилади. Унинг аъзолари ичида тўрт мўътараф фиқҳий мазҳабларнинг аъзолари бор. Улар таассубдан йироқ бўлган ҳолда биродарлик асосида иш олиб борадилар. Ҳар бир аъзо ўз фикрини айтади. Шунинг учун муноқашалар чўзилиб кетиши одат бўлган. Қарорлар кўпчилик овоз билан қабул қилинади. Кўпчиликка қўшилмаганларнинг фикрлари ҳам қайдномага ёзилади.
Мазкур фатво ҳайъати масалаларни ҳал қилишда ўртача йўл тутади. Ўта енгил ёки ўта оғир тарафни олмайди. Тўрт мазҳаб доирасидан чиқиш ҳолатлари нодир.
Фатво чиқарилишидан олдин фатво сўровчининг ўзи чақирилиши одатга айланган. Агар талоқ масаласи бўлса хотин ҳам чақирилади. Баъзи бир мутахасисларни чақириб туриш ҳам бор.
Фатво ҳайъати қозиликка оид ишларга аралашмайди. Ўзига хилоф қилганларга радия бермайди. Чиқарилган фатволарнинг далилини келтирмайди. Хусусан эски масалалар бўлса.
«Мажмуъату ал-Фатавий аш-Шаръийя»нинг биринчи жузи аввалида фатво, муфтий ва фатво бериш одоблари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. Ҳозиргача «Мажмуъату ал-Фатавий аш-Шаръийя»нинг тўққиз жузи нашр этилди. Нашрга тайёрлаб қўйилган жузлари ҳам кўп.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . Махсига масҳ тортиш кичик бетаҳорат кишига жоиздир. Fусл вожиб бўлган одамга эмас. Унинг фарзи болдирдан пастга қўлнинг уч давоми...

3686 13:00 / 24.12.2020
Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат 1. Миср ёки унинг чети давоми...

1000 19:00 / 02.11.2023
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менга Зайнаб бинту Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти давоми...

3576 05:00 / 06.03.2017
Сафарнинг зидди ҳазардир. .Ҳазар, дегани сафар бўлмаган ҳолат, ҳозир турган ҳолат деганидир. Сафар ва ҳазар қазо намозни ўзгартирмаслиги қазо намозни ўқиш давоми...

932 19:00 / 29.09.2023